Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
12.07.2018

ДЕПУТАТГА ЮЗАКИ ЖАВОБ ХАТИ КЕРАК ЭМАС!

Муроджон ҲАЙИТОВ, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Депутатга ҳамма эшиклар очиқ. Бироқ эшиклар ортида турган мезбонларнинг кайфияти эскича, озгина меҳнат ва ташаббусни қўл­лаб-қувватлашга ярамайдиганлар ҳам бор. Ёмон иллатлардан қутулмасак, бюрократия девори мустаҳкамланиб бораверади. Ўз лавозим мажбуриятини тўлиқ ҳис этмайдиган, депутат сў­ровини оддий хатлар ­сирасига киритиб, «бос­қичма-босқич дастурлар асосида ҳал этилиши маълум қилинади» каби умумий гап билан масъулиятни ўзидан узоқлаш­тирувчи раҳбарларнинг ­дунёқараши ўзгариши учун яна қанча вақт керак?

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақлидир, деб белгиланган. Бундай сўровга ўн кундан кечиктирмай жавоб берилиши керак. Шунга қарамасдан маҳаллий раҳбарлар, айниқса, туманларда ишловчи раҳбарларнинг депутат сўровига беэътибор қараш ҳоллари ҳамон давом этмоқда.

Депутатнинг таклиф ва ташаббусларини рўёбга чиқариш йўлида елка тутадиган раҳбар кам, деган хулосага келяпман. Сирдарёлик баъзи раҳбарларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган садоқат чегараси қайси нуқтада ниҳоя топишини ўйлаб ҳайронман.

Жорий йилнинг 26 май куни Сирдарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи Жаҳонгир Хидиров номига юборилган депутатлик сўровида Мирзаобод тумани маркази Наврўз шаҳарчасида янги қурилган участкалар, яъни Маърифат ва Истиқбол кўчаларида яшовчи фуқароларнинг мурожаатига асосан газ тармоғига уланиш учун «техник шарт» ҳужжати расмийлаштирилиши сўралган эди. Гап шундаки, фуқаролар ўз ҳисобидан газ қувурлари сотиб олишган. Бироқ «техник шарт» ҳужжати бўлмагани боис, бир неча йиллардан буён газсиз қийналишмоқда...

Сирдарё вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамияти бош директори номига жорий йил 5 июнь куни 20-сонли депутат сўрови юбордим. Мазкур сўровни юборишга жиддий сабаблар бор эди.

Яъни, Мирзаобод тумани «Тошкент» маҳалласининг «Ёшлар», «Умид», «Навбаҳор», «Зумрад» кўчалари, «Тинчлик» маҳалласининг «Меҳрибон», «Пиллакор», «Обод кўнгил» кўчалари, ­«Боғистон» маҳалласининг «Сарбон», «Ватанпарвар», Ҳ.Олимжон, «Наво» кўчалари, «Наврўз» шаҳарча фуқаролар йиғинининг «Истиқбол», «Маърифат», «Баҳор», «Нав­рўз», «Сайқал», «Зомин-4» кўчаларида аҳоли иложсизликдан терак, тол дарахтларидан қўлбола симёғочлар ясаб, электр тизимидан фой­­даланмоқда. Бу хавфсизликка мутлақо зид.

Соҳа ходимлари аҳоли билан мулоқотларда «дастурга киритилган, ҳал бўлади», деган гапдан нарига ўтмаган. Масала 2015 йил дастурга кирди, негадир ҳар гал сирли равишда дастурдан тушиб қолаверади. Ишончнинг ҳам чегараси бўлади, аммо берилаётган ваъдаларнинг чегараси кў­ринмаяпти. Одамларга ваъда эмас, амалий иш керак.

Яна бир ҳал этилмай қолаётган масала бор. Қиш кунларида Мирзаобод туманининг айрим маҳаллалари каби «Боғистон» маҳалласидаги бир неча хонадон сув ичида қолади. Ушбу масала юзасидан қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги вилоят мелиоратив экспедицияси бошлиғи номига юборилган депутат сўрови ҳам ваъдалар гирдобида қолиб кетди. Муаммоларга бефарқликнинг сабабини англаш қийин.

Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг обрўси тушиб кетишига ўтказилаётган юзаки сессияларнинг ҳам таъсири катта бўлади, деб ўйлайман. Депутат танқидий-таҳлилий мулоҳаза, таклиф ёки ташаббуслар ўрнига, овоз чиқармасдан қўл кўтариб, беш йиллик муддатни ўтказиб юбориши мумкин. Минглаб сайловчиларнинг номидан келган депутат бир оғиз фикр билдирмаса, сессия фақат раис белгилаган «сценарий» асосида ўтса, депутат деган юксак мақом обрўсини йўқотаверади.

Агарда ҳар бир сессияда ҳудуддаги раҳбарларнинг камчиликлари муҳокама қилинса, депутат сўровига та­йинли жавоб бермаган раҳбарга сессия қарори билан чора кўрилиб, босқичма-бос­қич масалалар ечиб борилса, муаммолар ҳақида гапиришга ўрин қолмасди.

Депутат учун ҳамма эшиклар очиқ. Бироқ улар ортида миннатли ва ёвқараш мезбонлар борлигини эсласанг, ташаббусларинг бирма-бир сўндириб борилса, депутатлик сўровларига олдиндан тайёрлаб қўйилган бир хил мазмундаги жавоблар келаверса, сайловчилар олдида ҳам ҳурматинг қолмайди. Одамларнинг «депутатлар сайлов ўтгунча фидойи бўлади», деган сўзлари эса қалбни эзаверади.

Ҳудудий дастурлар уч-тўртта соҳа ходимининг ишланмаси асосида ҳеч бир ўзгаришсиз сессияда тасдиқланаверса, депутатлар ўз ҳудудидаги муаммоларни дастурга киритишга улгурмай қолади. Лойиҳа ёзганлар реал ҳолатни тўлиқ билмаслиги оқибатида ҳар йили айрим долзарб муаммолар дастурга кирмай қолаверади. Бундай ҳолда йил давомида минг марта депутат сў­рови юборганинг билан ­дастурни ҳам, вазиятни ҳам ўзгартира олмайсан.

Мен депутатлар тақдири ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳи ходимлари қўлида қолиб кетаётганига ачинаман. Сессия қарорлари лойиҳаларини депутатлар, доимий комиссиялар ўзлари мустақил ёзмаслиги, балки шунинг учун қарорлар ҳалқ­чил эмаслиги ҳақида ҳам узоқ гапириш мумкин. Депутатларнинг энг катта камчилиги «андиша», деган тушунча бўлиб қолмоқда.

Жорий йилнинг 25 февраль куни халқ депутатлари Сирдарё вилоят ва айрим туман Кенгашларининг бў­шаб қолган ўринларига сайловлар ўтказилди. Орадан икки ой ўтиб, янги сайланган депутатлар сессияда таништирилди, унга қадар икки маротаба сессия ўтказилди. Бироқ депутатларнинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони 4 ой ўтди ҳамки топширилгани йўқ.

Фикримча, депутатларнинг ҳузурига ёрдам сўраб келган айрим фуқароларни ҳам сессияларга таклиф этиш лозим. Шундагина мурожаатларни ҳал этмай, фуқароларни сарсон қилаётган раҳбарларнинг юзи аста-секин очилади. Сессияга раҳбарлар пухта тайёрланиб келишни, халқ вакиллари олдида масъулиятли бўлишни ўрганади.



DB query error.
Please try later.