05.07.2018

НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР ЎҚИШИ УЧУН КВОТА АЖРАТИЛГАН, АММО...

Жорий ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларида ўқиши учун қўшимча давлат гранти квоталари ажратилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори билан махсус низом тасдиқланган.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ўқишга қабул жараёни қандай ташкил этилиши ҳақида семинар ўтказди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат тест маркази, Ногиронлар жамиятлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев ногиронлиги бўлган шахслар ўқиши учун ажратилган давлат гранти ҳақида маълумот берди.

— 2017 йил 1 декабрдаги Президент фармони билан «Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар» дастури қабул қилинган эди, — деди у. — Унда олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Жорий йил 2 июнда шу бўйича ҳукумат қарори қабул қилиниб, қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби белгилаб берилди. Ушбу ҳужжатда олий таълим муассасаларида ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўқийдиган бино ва аудиторияларда зарур шарт-шароитлар яратиш назарда тутилган.

Бу ҳақда кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш, шу билан бирга, жамоатчилик ва парламент назоратини йўлга қўйиш долзарб аҳамиятга эга.

— Умид қиламизки, яратилган имтиёзлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг эмин-эркин таълим олишида янги босқични бошлаб беради, — деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги етакчи мутахассиси Абдусамад Маманазаров. — Маълумотларга кўра, айни пайтда олий таълимда республикамиз бўйича 805 нафар ногиронлиги бўлган шахслар таҳсил олмоқда. Бу йил эса қўшимча квота ҳисобига 1386 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинади. Ҳозирга қадар ўқишга қабул қилинаётган ногиронлиги бўлган шахслар умумий танловда иштирок этарди. Янги тартиб бўйича ногиронлиги бўлган шахслар орасида алоҳида имтиҳон ўтказиш белгиланган. Квота асосида қабул қилиниши учун баллари етмаган абитуриентлар эса умумий танловда иштирок этади. Айтиш керакки, кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар учун танловда квота ажратилмаган. Бундай абитуриентлар тўғридан-тўғри грант асосида ўқишга қабул қилинади. Буларнинг барчаси учун абитуриентдан 11 йиллик мактаб таълими ёки ўрта махсус таълимда ўқигани ҳақидаги ҳужжат ҳамда биринчи ёхуд иккинчи гуруҳ ногирони эканини тасдиқловчи тиббий хулоса тақдим этилиши керак.

Ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш учун махсус комиссия тузилди. Улар ҳужжатларни қабул қилиш, касбга йўналтириш ва бошқа масалаларда суҳбатлар ўтказиш вазифасини бажаради. Қабул комиссияси муддати тугагач, барча ногиронлиги бўлган абитуриентлар ҳақидаги маълумотлар давлат тест маркази базасида шакллантирилади.

Давлат тест маркази масъул ходими Гулбаҳор Мадраҳимова ногиронлиги бўлган шахсларнинг имтиҳон топшириш усуллари ҳақида тўхталиб ўтди. Низомга кўра, бу умумий тест ёки ижодий имтиҳон топшириш шаклида бўлиб ўтади. Тўпланган баллар энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда кетма-кетлик асосида ҳисобга олинади. Маълумот ўрнида айтиш керак, бу йил тест имтиҳонларига ўзгартириш киритилган, яъни ҳар бир фан бўйича 30 тадан савол берилади. Энг юқори балл 189 бўлиб, унинг 30 фоизи 56,7 баллни ташкил қилади. Белгиланган квотадан ташқари абитуриентлар умумий тартибда шартнома асосида ҳам ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Семинар қизғин мунозаралар билан давом этди.

— Авваламбор ЎзХДПга раҳмат. Улар бизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган ва бир йил ичида доимий алоқалар янада мустаҳкамланди, — деди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси ўринбосари Фарҳод Абдураҳмонов. — Бу камчиликларни босқичма-босқич ҳал этиш имконини бермоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг муносабати бизни бироз ҳайрон қолдирди. Ваҳоланки, улар белгилаётган тартиб-қоидалар бевосита ногиронлиги бўлган шахслар ҳаётига дахлдор бўлса-да, улар орасидан бирор-бир вакил низомни ишлаб чиқишда иштирок этмаган. Мутасадди ташкилотлардан бу ҳақда сўраганимизда эса улар бизга ижрочилар қаторида йўқлигимизни, ҳужжат қабул қилингач, ўз фикримизни билдиришимиз мумкинлигини айтишди. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш билан баробар, деб ҳисоблаймиз.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилаётган қўшимча квотага келсак, бизнинг таклифимиз инобатга олинганидан хурсандмиз. Ногиронлиги бўлган шахсларга берилаётган ҳамда ўқишга кириш учун топшириладиган 086 шаклдаги 15 йўналишдаги врач кўригидан ўтганлик ҳақидаги тиббий хулосалар шахснинг ҳолатини намоён қилади. Демак, имтиҳонда қатнашиш истагини билдираётган абитуриентларни суҳбатдан ўтказиш учун тузилган комиссияга ҳожат йўқ. Чунки тиббий меҳнат эксперт комиссияси ҳамда оилавий поликлиника берган хулоса расмий ҳужжат ҳисобланади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг вазифаси абитуриентларнинг соғлиғи ёки руҳий ҳолатини текшириш эмас, балки ўқитишдан иборат, деб ўйлайман. Эксперт комиссияси берган маълумотномани текширишнинг ҳожати йўқ. Улар давлат рўйхати асосида рақамланади.

Масалан, мен биринчи гуруҳ ногирониман ва аравачада юраман. Аммо фан номзоди бўла олдим. Ногиронлиги бўлган шахсларга имкониятлар кенгайтирилсин, деймиз. Улар боқиманда эмас, ҳамма қатори ўзига хос салоҳиятга эга шахс эканини исботлаши учун шароит яратилишини истаймиз. Бунинг учун ҳар бир абитуриентнинг имконияти инобатга олиниши, улар учун тенг шароитлар яратилиши керак.

Яқинда ногиронлар жамиятлари аъзолари билан бирга 12 олий таълим муассасасидаги шароит билан танишдик. Афсуски, уларда ногиронлиги бўлган шасхлар учун керакли шароит яратилмаган. Ногиронлиги бўлган йигит-қизлар эртага ўқишга киргандан кейин қийналиб юрмасин, деймиз. Бу муаммони ҳал қилмай туриб, кутилган натижага эришиб бўлмайди...

Иштирокчилар яна қатор масалаларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, таклифлар муҳокама этилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.