21.06.2018

«АНОРНИНГ ИЧИДА НЕЧТА ДОНАСИ БЎЛСА, У ШУНЧА ДАРДГА ДАВОДИР»

Бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида Қуванинг анори ҳаётбахш мева эканлиги айтиб ўтилган. «Ҳаётбахш» деган таъриф бежиз эмас. Анор мевасини табиий донор қонига қиёслаш мумкин.

«Фарғона анорзори» агрофирмаси раҳбари, Ўзбекистон ХДП Қува туман кенгаши раиси Мастурахон Сайфутдинова анорнинг шифобахшлиги, уни серҳосил етиштиришнинг сир-асрорлари ҳақида кўп нарсани билади.

 Анор таркибидаги антиоксидант моддалар инсон организмини ёшартириш хусусиятига эга, — дейди Мастурахон опа. — Бундан ташқари, анор мевасининг пўстлоғидан, дарахтининг гуллари, барглари ва илдизидан турли дори препаратлари ва хушбўй косметик воситалар тайёрлаш мумкин. Қўйингки, халқимиз ибораси билан айтганда, «Анорнинг ичида нечта донаси бўлса, у шунча дардга даводир».

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил бошида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мамлакатимизда анорзорларни ташкил этиш бўйича илгари сурган ташаббуслари фарғоналик боғбонларнинг айни кўнглидаги иш бўлди. Тўғри-да, Қува анори бир неча ўн йил илгари қўшни мамлакатларга экспорт қилинарди. Қува анорчи қизларининг бригада бошлиғи Мастурахон Сайфутдиновани эл таниган.

Президентимиз ташаббуси ва вилоят ҳокимининг қўллаб-қувватлаши асосида партиядошимиз Мастурахон опанинг тажрибаси амалиётга қўлланди. Фарғона-Қува катта йўли бўйидаги адирликларда ястаниб ётган 289 гектар ер майдони анорзорга айлантирилди. 272 минг дона сара анор кўчатлари экилди. Хосиятли анор мевасининг кўчати ҳам жуда нозик бўлар экан. Ҳар бир мева ниҳолини ерга экишда Мастура опанинг ўзи бош-қош бўлди. Ниҳоллар биринчи йили 10-15 марта суғорилиши, бунинг чорасини кўриш керак. Давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаш учун Мастура опа кўрпа-тўшагини ҳам адирга кўчириб келди. Жуда қисқа фурсат ичида адирликда меҳнат қилаётганлар учун уй қурилди. Яшаш, ишлаш учун қулайликлар яратилди.

Шундай қилиб, ҳалол меҳнати билан ўзига ҳайкал қўйишга қодир бўлган фарғоналиклар бир тан-у бир жон бўлиб, «Фарғона анорзори» агрофирмасига, таъбир жоиз бўлса, «ҳаёт боғи»га асос солди. Бу ерда бугун биргина Қува тумани эмас, Қувасой ва Тошлоқ туманларида истиқомат қилувчи 154 хонадон аъзолари, жами 500 нафарга яқин фуқаро иш ўрни билан таъминланди. Анор боғлари ҳосилга киргунга қадар кўчат оралиғига қулупнайдан тортиб, қовун-тарвузгача, помидору карамдан тортиб, картошка, пиёзгача экилди. Асаларичилик, лимон ва бошқа сабзавот маҳсулотларини қишин-ёзин етиштириш мақсадида иссиқхона қурилди. Токзор-у олмазорлар барпо этилди, райҳону жамбиллар, чиройли гуллар ерга қадалди.

Қувонарлиси, биринчи экилган кўчатлар бу йил ҳосилга кирди. Фарғоналиклар биринчи анор кўчатини Юртбошимиз экадилар, дея оқ тувакка ўрнатиб, эгат бошига қўйишган эди. Ниятнинг холислигини кўрингки, Президентимизнинг 12-13 июнь кунлари Фарғонага ташрифи пайтида ўша анор кўчати шода меваси билан кўзларни қувонтирди.

— Юртбошимизнинг боғимизга ташрифлари бизни жуда ҳам бахтиёр қилди, — дейди Мастура опа. — Юзма-юз суҳбат чоғида бу соҳани ривожлантириш бўйича ўзларининг қимматли маслаҳатларини бердилар. Шифобахш анор мевасини қайта ишлаш учун зарур бўладиган барча шарт-шароитлар яратилиши айтилди. Энг қувонарлиси, анорчиликни ривожлантириш мақсадида Фарғона давлат университети қошида Анорчилик кафедрасини ташкил этиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Анор — анча нозиктаъб ўсимлик, унинг «тили»ни тушуниш осон эмас. Бунинг учун илмни изчил йўлга қўйиб олишимиз муҳим. Бу анор мевасининг доривор маҳсулот эканлигини илмий асослаб беришга, амалиёт билан назарияни боғлаш орқали экспортбоп маҳсулотлар, дори-дармон ҳамда косметик воситаларни ишлаб чиқишга асос бўлади.

Энг фойдали элементларга бой, Қуванинг шифобахш «Қаюм анори» ва «Қизилпўчоқ» ширин анори, Қашқадарёнинг «Улфи», Сурхондарёнинг «Қозоқи», Озарбайжоннинг «Бола мурсан» каби кўплаб дони ва шарбати ширин анор навларини етиштиришга имкониятимиз ҳам, тажрибамиз ҳам етарли. Келажакда анорзор боғимизни 20 минг гектарга етказиш ниятидамиз, — дейди Мастурахон опа.

Фарғонада «Анорчи опа» Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аввалги чақириқларда партиямиздан депутат бўлиб сайланган. Шу боис эл орасида «Депутат опа», дея ном ҳам олган. Миришкор боғбон, партиямизнинг фаоли Мастурахон опанинг улуғ ниятлар билан қилаётган ишларида омад ёр бўлсин, деб ният қиламиз.

 

Дилбархон МАМАДЖАНОВА



DB query error.
Please try later.