24.05.2018

Тарғибот: ФАҚАТ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ЁКИ МАТБУОТГА СУЯНИШ КАМЛИК ҚИЛАДИ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида партиянинг таъсир кучи, жамиятдаги нуфузини ошириш масаласига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

— Сиёсий партияларнинг жамиятдаги обрўсини мустаҳкамлаш муҳим масала, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Нилуфар Йўлдошева. — Бу борада партия ғояларини самарали тарғиб қилиш, ўтказилаётган тадбирларнинг натижадорлигини таъминлаш катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Кўплаб давра суҳбатлари, ўқув-семинарлар ўтказяпмиз. Республикамизнинг чекка ҳудудларида бўлиб, аҳоли билан мустаҳкам алоқа ўрнатиляпти. Уларни ўйлантираётган муаммолардан бевосита хабар топиб, тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўриляпти.

Шунингдек, жойлардаги катта-катта масалаларни партиямиздан сайланган депутатлар ҳал этаётганига гувоҳ бўляпмиз. Аммо кўпчилик бундан хабар топмаяпти. Чунки биз тарғибот воситаси сифатида фақат маълум бир нашрлар ва партиямизнинг сайтигагина мурожаат қиламиз. Бугунги давр эса тезкорликни талаб этади. Шундай экан, ҳар бир партия ходими интернет ва ижтимоий тармоқ имкониятларидан самарали фойдаланиши лозим. Ҳозирги вақтда партиямиз сафида ана шундай ходимлар кенгаймоқда. Масалан, ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси партиямиз ташаббуси билан бажарилаётган ишларни кундалик тарзда facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали ёритиб бормоқда. Унинг юзлаб дўстлари муҳим маълумотларни ўзларининг бошқа дўстлари билан фикрлашиши натижасида аҳоли орасида партия фаолиятидан хабардорлик даражаси ошяпти. Бу амалиётдан самарали фойдаланиш керак, деб ҳисоблайман.

Тадбир давомида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов маъруза қилди.

— Тарғибот маълумот бериш дегани эмас, тарғибот бу — ўтирганни турғазиш демакдир. Ана шунда тарғиботнинг натижасини кўрамиз. Боёвут туманида бўлганимизда, аҳоли бугунги ислоҳотлардан етарли даражада хабардор эмаслигини кўрдик. Натижада уларда ислоҳотлардан рағбатланиш ҳисси шаклланмаган. Демак, сиёсий партияларнинг амалга ошираётган ишлари ҳақида ҳам кўпчилик кенгроқ тасаввурга эга эмас. Бунда маҳаллий партия ташкилотларининг ҳам айби бор, назаримда. Муаммонинг олдини олиш учун эса ҳар бир ҳудуднинг маънавий-маърифий харитасини яратиш керак, деб ўйлайман. Бир жойнинг муаммоси иккинчисиникига ўхшамаганидек, инсонлар фикр-ўйида ҳам фарқ бўлади. Тарғибот масалаларида шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш лозим.

— Халқ ишончисиз етук сиёсий партия даражасига кўтарилиш мушкул, — деди ЎзХДП Сергели туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Мирзоҳид Хидиров. — Инсонлар сиёсий партия воситасида ўз ҳуқуқларини таъминлай олсагина унинг жамиятдаги нуфузи мустаҳкам бўлади.

Партия тизимида салоҳиятли, тажрибали, бошқарувчанлик қобилиятига эга кадрлар фаолият олиб борса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, партия ходими партиянинг юзи ҳисобланади. Айниқса, туман, шаҳар, вилоят кенгашлари етакчиларининг билим даражаси, партия ишини қанчалик мукаммал тушуниши катта аҳамиятга эга.

Яна бир муҳим масала — тарғибот ҳисобланади. Тарғибот, деганда кўпчиликнинг кўз олдига газета нашрларида, телевидение орқали чиқиш қилиш, турли реклама ва шиорлар ёзилган баннерлар келади. Мен буни нотўғри, дея олмайман. Аммо ҳаммамиз ишхонамизда, маҳалламизда ёки дўстлар даврасида партиямиз ҳақида бир оғиз илиқ сўзларни айтишимиз ҳам тарғиботнинг бир усули ҳисобланади, назаримда.

— Бугунги давра суҳбатида ўзимга керакли кўпгина маълумотларга эга бўлдим, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши ахборот хизмати бўлими етакчи мутахассиси Дилфуза Қурбонова. — Масалани ҳал этсак, одамларнинг оғирини енгиллатсак, бўлди, вазифа шу билан ниҳоясига етди, деб ўйлаш хато экан. Тарғибот орқали амалга оширилган ишларнинг натижасини ҳам кўрсатиб бера олишимиз керак.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Санжар ШОТЎЛАГАНОВ олган сурат.



DB query error.
Please try later.