18.03.2018

ИШИМИЗНИ ВИЖДОНАН БАЖАРИШИМИЗ КЕРАК

ЎзХДП Навоий вилоят кенгашининг пленумида партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди.

— Барчангизга маълумки, бугун сиёсий партияларга бўлган эътибор ҳам, талаб ҳам кечагидан мутлақо фарқ қилади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев. — Афсуски, бундан ҳамма ўзича хулоса чиқаряпти. Кимдир ўзига нисбатан талабчанликни оширса, эътиборни суиистеъмол қилаётганлар ҳам йўқ эмас орамизда. Депутатлар, партия фаоллари ўтган йили муайян ишларни амалга оширди. Лекин имкониятлардан барча ҳам самарали фойдалана олмаяпти. Биздан кўпроқ ҳаётнинг ичига кириб бориш, муаммоларни ўрганиш талаб этилмоқда. Вазифамиз одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва тегишли ташкилотлар кўмагида ҳал этиш экан, буни сидқидилдан бажарайлик. Эртага юзимиз қизариб, бошимиз эгилиб қолмаслиги учун бугун бироз ҳаловатимиздан кечишимиз, ишимизни виждонан бажаришимиз шарт.

Пленумда вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Мақсуд Нуруллаевнинг ҳисоботи тингланди.

— Партиямизнинг туман (шаҳар) кенгашлари ва депутатлар ҳамкорлигида маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда сайёр қабуллар ўтказилди, — деди Мақсуд Нуруллаев. — Бу борадаги ишлар ҳозирги кунда ҳам жадал давом эттирилмоқда. Аммо ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас. Хотиржамлик кайфиятига берилмаслик зарур. Шу боис амалий ишларни янада кўпайтиришга устувор вазифа сифатида қараймиз.

— Депутатлар ҳудудларга чиқиб, ҳақиқий ҳолатни ўрганиши натижасида маҳаллий бошқарув идоралари билан мулоқот майдони юзага келмоқда, — деди Навоий вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Назира Тоғаева. — Жойларга чиққанда партиянинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятини ҳам ўргандик. Айрим партия ташкилотлари ҳақида билдирилаётган танқидий фикрлар айни ҳақиқат эканига гувоҳ бўлдик. Бугунги кунда партиялар олдига қўйилган долзарб масалаларнинг ижроси партия гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ. Шунга кўра, партия гуруҳларининг иш режалари қайта кўриб чиқилди. Мазкур иш режалар асосида электорат манфаатларига бевосита дахлдор бўлган 18 масала сессиялар кун тартибига киритилган бўлса, доимий комиссияларда 19, партия гуруҳларида эса 36 масала муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таклифлар айтилди. Иш режаларига зарур ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.