Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
01.03.2018

ИШИМИЗДА ЎЗГАРИШ БУГУН, ҲОЗИР СЕЗИЛИШ КЕРАК

ЎзХДП пленуми танқидий-таҳлилий руҳда ўтди

Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг IX Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари томонидан амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди, жорий йил учун йўналишларни белгилаб олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Пленумда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маъруза ҳамда парламентга йўлланган Мурожаатнома асосида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу жараёнда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг масъулиятини ошириш хусусида сўз юритилди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекис­тон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов маъруза қилди.

— Бугун камчиликлар рўй-рост айтилиб, уларга ечим топилмоқда, халқ билан мулоқот олиб боришда очиқлик муҳити яратилмоқда. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, маслаҳатлашиб қабул қилинмоқда, — деди партия етакчиси. — Энг муҳими, ўзгариш­лар одамларнинг онгу шуурида, жамият ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Бундай фаол ва талабчан муҳитда ишлаш сиёсий партиялар зиммасига жуда катта масъулият юклайди, албатта.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз дастурий мақсадларига бевосита тааллуқли бўлган 87 қарор ва 37 фармон фракция ҳамда партия йиғилишларида ўрганилди, муҳокама қилинди, қатор вазифалар белгилаб олинди.

2017 йилнинг 12 июлидан ҳозирга қадар партия фракцияси йиғилишларида 116 қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Ҳар бир масала юзасидан фракциянинг нуқтаи-назари, яъни позицияси шакллантирилиб, бу ҳақда турли воситалар орқали электорат вакилларига маълум қилинди.

Қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 2017 йилнинг 10 октябрь куни Адлия вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Шу асосда қонун, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жойларга тезкорлик билан етказиб берилмоқда.

Фракция ҳамда партия гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент, депутатлик назоратини ўрнатиш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ҳамкорлигида амалга ошириладиган ишлар бўйича чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди. Вазирлик­лар билан биргаликда амалий ишлар йўлга қўйилди.

Партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси жойлардаги партия гуруҳлари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Шунга кўра, ҳозирги кунда партия гуруҳларининг иш режалари қайта кўриб чиқилди ва назорат қилинадиган маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари доираси аниқлаб олинди. Мансабдор шахсларнинг ҳисобот ҳамда ахборотларини партия гуруҳлари ташаббуси асосида маҳаллий Кенгашларда эшитиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган иш режалари тайёрланди ва ҳудудий партия ташкилотларининг ижроия қўмита йиғилишларида тасдиқланди.

Ушбу режаларга мувофиқ, партия гуруҳларимиз 253 масалани сессиялар кун тартибига киритган бўлса, доимий комиссияларда 312, партия гуруҳлари йиғилиш­ларида эса жами 535 масала муҳокама қилинди.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари юборган 4 мингга яқин депутатлик сўровидан 3242 таси ижобий ҳал этилди. 754 сўров назоратга олинди.

Ҳотамжон Кетмонов электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан кадрлар билими ва салоҳиятига боғлиқ эканига алоҳида урғу берди. Партиянинг кадрлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

— Барча даражадаги партия ташкилотларида кадрлар билан ишлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш масаласида янгича ёндашув юзага келмоқда, — деди партия раҳбари. — Ходимларнинг намунавий одоб-аҳлоқ қоидалари ишлаб чиқилди ва бу ҳақда Марказий Кенгаш Ижроия қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди. Бу ишимизга танқидий нигоҳ билан қарашга, камчилик­ларни бартараф этишга хизмат қиляпти.

Ҳудудий партия кенгашларида ўтказилган йиғилишларда фаолиятини бугунги ислоҳотларга ҳамнафас йўлга қўя олмаган 2 нафар вилоят кенгаши раиси, 1 нафар раис ўринбосари ҳамда 12 нафар партиянинг туман кенгашлари раҳбарлари лавозимидан озод этилди. Бир гуруҳ вилоят, туман кенгаши раисларига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди. Шунингдек, самарасиз фаолият юритаётган 18 бошланғич ташкилот иши танқидий кўриб чиқилиб, фаол БПТларга бирлаштириб юборилди. Партия кенгашлари билан алоқаси узилган 100 дан зиёд бошланғич ташкилотларда ҳамкорлик тикланди.

Давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатликка асосий захира шакллантирилиб, 196 нафар номзод киритилди.

Партиянинг ёшлар билан ишлаш фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, аҳволни тубдан ўзгартириш чоралари кўрилди. Ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан келишув имзоланди. Унга кўра, партиямиз Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятларидаги уюшмаган ёшларга алоҳида эътибор қаратадиган бўлди.

Мазкур вилоятлардаги турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, ҳозирда ҳеч нима билан банд бўлмаган йигит-қизлар сони ўрганилган. Улар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиб, доимий равишда мониторинг қилинмоқда.

ЎзХДП етакчиси ҳар бир йўналиш бўйича аниқ фактлар, ҳаётий мисоллар келтириб ўтди. Партиянинг аҳоли билан мулоқоти, тарғибот-ташвиқот ишларида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланилиш зарурлиги таъкидланди. Миллий телерадиокомпания, электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоцияцияси ва «Тараққиёт стратегияси» маркази билан меморандумлар имзоланган. Минтақавий кенгашлар ва маҳаллий телерадиокомпания­лар ўртасида қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бу ишлар аҳоли билан яқин мулоқот муҳитини юзага келтириб, партиянинг имиджини яхшилашга хизмат қилиши қайд этилди.

Партия ташкилотларига қулай шароит яратиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айрим кенгашларни бино билан таъминлаш масалалари ҳам босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Натижада 6 туман-шаҳар кенгашлари ўз биносига эга бўлди. Қатор вилоятлар, шаҳар ва туман кенгашлари биноси жорий ҳамда капитал таъмирланди. Ушбу ишларга партия ҳисобидан 966 миллион 342 минг сўм маблағ йўналтирилди. Сергели туман кенгаши биносини жорий таъмирлаш учун эса 42 миллион 400 минг сўм маблағ ажратилди.

Ҳ.Кетмонов ўз сўзида партия ташкилотлари ҳамда депутатлар ишини танқидий таҳлил қилди. Ечимини кутаётган масалалар кўрсатиб ўтилди.

— Барча партия ташкилотларимиз ҳамда партия гуруҳларимизга аниқ вазифалар белгилаб берилишига қарамай, ҳамон сусткашликка йўл қўйилмоқда, — деди партия етакчиси. — Ишимизни тубдан кучайтириш бўйича ишлаб чиқилган дастурда мураккаб ёки қийин масаланинг ўзи йўқ. Бугунги таркиб билан, берилаётган шунча ваколатлар билан бундай вазифаларни икки баравар қилиб бажариш мумкин эди.

Хабарингиз бор, хонада ўтириб эмас, жойларга, юртимизнинг энг олис ҳудудларигача бориб, одамлар билан мулоқот ўтказиб, уларни қийнаётган масалаларни кўтариб чиқишни режалаштиргандик.

Афсуски, айрим кенгашларимизда партия дастурини такомиллаштириш бўйича жўяли таклифлар чиқмади. Хусусан, Наманган ҳамда Тошкент вилоят кенгашлари бу масалада оқсоқликка йўл қўйди. Таклифларни шакллантиришда Мурувват, Саховат, Меҳрибонлик уйлари фаолиятини яхшилаш масалаларига эътибор қаратиш белгиланган бўлса-да, бу борада Фарғона ва Қашқадарё вилоят кенгашларидан бошқа партия ташкилотлари деярли иш олиб бормаган.

Фаолиятимизни тизимли таҳлил қилиб, шу хулосага келяпмиз: фақат мажбуран талаб этилгандагина кўпчилигимиз ишлаймиз. Талаб этилмаса, ишлар ўз ҳолича қолиб кетаверади. Масъулиятни зиммасига оладиган тўрт-бешта одам виждонан ишлайди, холос. Бугунги ҳаракатимизга қараб бизгагина эмас, партиямизга баҳо берилишини бир зум ҳам унутмаслигимиз зарур.

— Яна бир нарсани афсус билан айтишга тўғри келяпти, — деди Ҳ.Кетмонов. — Баъзи масъуллар белгилаб олган Дастуримизнинг ичига тўлиқ кириб боргани, ислоҳотлар моҳиятини англагани ҳам йўқ. Биз партия ташкилотлари, депутатлар йирик ташаббуслар, ғоялар илгари суришини кутгандик. Афсуски, бу борадаги умидларимиз пуч бўлиб чиқяпти.

Ўтган йил 12 июлдаги йиғилишдан сўнг муносабатларимиз ҳам, қарашларимиз ҳам, шаштимиз ҳам бошқача эди. Натижа сўралганда, баҳона қидиришга тушамиз. Ҳозир таҳлил этадиган, ҳақиқатнинг юзига тик қарайдиган бўлсак, кўнглимиз тўладиган даражада ишлар амалга ошмаганини кўрамиз.

Одамларнинг, электорат вакилларининг умиди, ишончи катта эди. Улар қай даражада оқланди? Ўз олдингизга савол қўйиб, кейин унга жавоб излаб кўринг, деди Ҳ.Кетмонов.

Пленумда келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари ишини кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, битирувчиларни ишга жойлаштириш билан боғлиқ вазифалар муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ­аъзоси Турсунпўлат Норбоев, партия Марказий Кенгаши бош консультанти Михаил Ельшов, Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Зай­наб Бердиева, Қўрғонтепа туман партия ташкилоти раиси Зулхумор Каримова ва бошқалар партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари фаолиятини танқидий баҳолаб, келгусидаги чора-тадбирлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Пленумда қуйидаги вазифалар белгилаб олинди:

Биринчидан, Мурожаатномада билдирилган фикрлар ҳамда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» бўйича Давлат дас­турида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, чора-тадбирлар дастурини такомиллаштириш, ижросини таъминлаш;

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда маҳаллий кенгашларнинг навбатдаги пленумларида фракция ва партия гуруҳларининг чора-тадбирлар дастури ижроси бўйича ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий этиш;

Иккинчидан, Мурожаатнома мазмун-­моҳиятини ва унда белгиланган устувор вазифалар аҳамиятини қуйи тизимга тўлиқ, тушунарли ҳамда батафсил етказиш бўйича амалиётни янада кучайтириш;

Учинчидан, Давлат дастурида белгиланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда партия фракцияси аъзоларининг фаол иштирокини, партия Сайловолди дас­турида белгиланган вазифалар, электорат манфаатларининг ифода этилишини таъминлаш;

Тўртинчидан, ижтимоий йўналишда қабул қилинган қонунларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, бир-бирини такрорловчи, бир-бирига зид қонун меъёрлари, қонуности ҳужжатларни ажратиш, яхлит тизимга шакллантириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро мос келишини таҳлил этиш, шулар асосида қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича фракция фаолиятини кучайтириш;

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашидаги ишчи гуруҳи томонидан янги қонун лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент муҳокамасига киритиш;

Бешинчидан, Марказий Кенгашда ишлаб чиқилган «йўл хариталари»да акс этттирилган йўналиш ва мақсадларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш;

Олтинчидан, кадрлар билан ишлашга оид барча ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, ушбу йўналишда аниқ мезон ва тартиблар жорий этиш, ходимлар малакасини ошириб бориш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ташкил этиш;

Еттинчидан, тарғибот-ташвиқот тадбирларида одамлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг фикри, муаммоларини эшитиш, саволларга тўғри, аниқ жавоб бериш, бунинг учун ҳар бир тадбирга алоҳида, жиддий тайёргарлик кўриш;

Саккизинчидан, хотин-қизлар йўналишидаги ишларни «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида белгиланган устуворликлардан келиб чиқиб ташкил этиш;

«Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича қилинаётган ишларни аниқ мақсадга йўналтириш, тадбирларни юқори савияда ташкил этиш лозим.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев фракция томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар, жорий йилги режалар хусусида артофлича маълумот берди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилинди.

 

Пленум якунлангандан сўнг айрим иштирокчиларнинг хулосалари, фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Халилла ЕШИМБЕТОВ, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги партиямиз фракцияси аъзоси:

— Ҳар биримиз фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб боришга одатланмоғимиз керак. Шунда ишимизда унум, самара бўлади. Ўтган йилги фаолиятимизга танқидий қараганимизда, қатор йўналишларда сусткашликка йўл қўяётганимиз яққол кўзга ташланиб қолди.

Қорақалпоғистон Республикасининг 15 та туман, шаҳар Кенгашлари депутатларининг 124 нафари партиямиздан сайланган. Улар муайян ишларни амалга оширган бўлса-да, электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни етарли даражада ўрганишмаган. Йил давомида 17 нафар мансабдор шахс ҳисоботини эшитиш масаласи сессияга олиб чиқилган. Аммо бу бизни қониқтирмайди. Сайловчилар билан ўтказилган 350 га яқин учрашувда қонун лойиҳалари муҳокамасига деярли эътибор берилмаган. Шуларни ҳисобга олиб, маҳаллий депутатларга тарқатма материаллар етказилиб берилди. Партия ходимлари, ижрочи котиблар билимини оширишга қаратилган ўқувлар ташкил этиляпти. Ишни ўзгартириш учун биз аввал фикрлаш тарзимизни ўзгартиришимиз керак.

— Ютуқлар ҳақида эмас, фойдаланилмаётган имкониятлар ҳақида кўпроқ ўйлашимиз зарур. Аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, ҳудудлардаги муаммоларга ечим топишда биздан фаоллик, фидоийлик талаб этилади. Пленумда партиямиз етакчиси тўғри айтди: ишлайман, деган одам муаммоларни ҳал қилиш йўлини албатта топади.

Зиммамизда турган энг асосий вазифалардан бири боқимандалик кайфиятига қарши курашиш билан боғлиқ, деб ўйлайман. Бу масалада номига тадбир ўтказиш ярамайди. Одамларга ҳар томонлама намуна бўлишимиз, қийинчиликларни енгишга ёрдам беришимиз керак.

— Бугун одамларнинг дунёқараши, кайфияти тубдан ўзгаряпти. Шундай шароитда биз уларнинг талабларини қаноатлантира оляпмизми? Биз ўтказаётган тадбирларга, айтаётган гапларимизга жамоатчилик ишонадими? Нимаики ишни бошламайлик, қандай лойиҳаларга қўл урмайлик, шу саволлар хаёлимизда туриши зарур. Пленумда айтилган танқидий гаплардан кейин шундай хулосага келдим.

Олдимизда ҳали кўп масъулиятли вазифалар турибди. Кўпчилик партия ташкилотлари масъуллари юқоридан тушадиган топшириқларни бажарсам бўлди, тадбирлар ўтказиш билан вазифамни уддаладим, муаммони айтдиму ишни қойиллатдим, деб ўйлашмоқда. Аммо муаммони айтиш бошқа, уни ҳал этиш учун жонни қийнаб, ҳаракат қилиш бутунлай бошқа. Энди биз шунга интилишимиз шарт. Акс ҳолда, бир жойда қотиб тураверамиз...

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.