09.11.2017

ДЕПУТАТЛИК МАСЪУЛИЯТИ ҲАР ДОИМ ФАОЛ БЎЛИШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Қорақалпоғистон Республикасида партиямиздан сайланган 127 нафар депутат фаолият олиб боради. Туман ва шаҳарлар миқёсида амалга оширилаётган ишларда ЎзХДП гуруҳларининг ташаббускорлиги сезиларли даражада ўсиб бормоқда. Депутатларимиз томонидан жорий йилнинг ўтган даврида мутасадди ташкилотларга 200 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинишига эришилган.

Бугунги юксак талабни ҳис қилиб, одамларнинг дарди, ташвиши билан яшаётган депутатлар оз эмас. Масалан, халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Завра Абдуллаева жорий йил бошидан буён тегишли ташкилотларга 28 депутатлик сўрови юборган. Шундан 23 сўров ижобий ҳал этилишига эришилган. Қолганлари эса ўрганиб чиқилмоқда.

— Депутат зиммасида сайловчилар манфаатларини ҳимоя этиш вазифаси туради, — дейди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши Депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлими мудири Маҳмуд Есенгелдиев. — Депутат қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Афсуски, ҳамма депутатларимиз ҳам бу имкониятлардан самарали фойдаланяпти, деб айта олмаймиз.

Мисол учун, халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари томонидан жорий йил бошидан буён юборилган депутатлик сўровлари 9 тани ташкил этади. Тегишли ташкилотлардан фақат 6 сўровга жавоб келган. 3 сўров жавобсиз қолмоқда. Ҳар бир мурожаат ортида сайловчиларни ўйлантираётган муаммолар бор. Депутатлар буни ҳар доим ёдда тутиши керак.

Халқ депутатлари Қораўзак туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари депутатлик масъулиятини яхши англаб етмаётган кўринади. Партия гуруҳи томонидан жорий йил бошидан буён битта масала ҳам сессияга олиб чиқилмаган. Бунинг сабаби нимада? Агар депутатлар сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлса, одамларнинг фикрини ўрганса, ҳаётий таклифлар шаклланади.

Депутатлар олдидаги масъулиятли меҳнатнинг учинчи йили ортда қолмоқда. Хўш, сайловчилар ишониб овоз берган, кўксига халқ вакили сифатида нишон таққан депутатлар шу давр ичида одамларни ўйлантираётган қандай масалани ўрганди, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қандай таклифларни илгари сурди, деган табиий саволлар туғилади. Ҳар бир депутат ушбу саволлар ҳақида яна бир бор ўйлаб кўриши, мушоҳада юритиши, депутат, деган шарафга ҳар томонлама муносиб бўлиши керак.

Шунда депутатлик сўрови инс­титутидан самарали фойдаланилади, эл ишончи оқланади.

Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, «Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди «мудраб ётган» сиё­сий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак».

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.