04.11.2017

АМАЛИЙ ИШЛАР, ҚАТЪИЙ ТАШАББУСЛАР

сиёсий партиянинг обрўси ва таъсир кучини оширади

Пойтахтимизда Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгаши раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида илгари сурилган йўналишлар ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича партия тизимида олиб борилган амалий ишлар таҳлил қилинди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари ­Ҳотамжон Кетмонов шу ҳақда маъруза қилди:

— Бугунги кунда сиёсий партиялардан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларида фаол иштирок этиш талаб этилмоқда, — деди партия етакчиси. — Президентимизнинг парламент аъзолари, сиёсий партиялар етакчилари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқиб, чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Партиямиз тизимида ушбу Дастур ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш бўйича режа ишлаб чиқилганидан хабарингиз бор. Тўғрисини айтиш керак, қисқа вақт ичида партиямиз Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ва минтақавий партия ташкилотлари ­фаолиятида муайян ижобий натижалар кўзга ташланмоқда.

Олдимизда турган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш мақсадида партия кенгашлари ва бошланғич ташкилотларида муҳокамалар ташкил этилди.

 Шунингдек, партия позициясини баён этиш мақсадида Президентимизнинг дастурий мақсадларимизга бевосита тааллуқли бўлган 52 та қарори ва 20 та фармони тегишли тартибда фракция ва партия йиғилишларида ўрганилиб, муҳокама қилинди. Ушбу йўналишда қатор вазифалар белгилаб олинди.

12 июлдан ҳозирга қадар 19 марта ўтказилган партия фракциясининг йиғилишларида 160 масала муҳокама қилинди. Шундан 67 таси қонун лойиҳалари, 13 таси Президентимизнинг қарор ва фармонларидир. Ҳар бир масала юзасидан фракциянинг принципиал позицияси шакллантирилди.

Яна бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 2017 йилнинг 10 октябрь куни Адлия вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. 44 та қонун ҳужжатлари жойларга етказилиб, фракция ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ижроси назоратга олинди. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ижро этувчи органлар масъулиятини ­кучайтириш бўйича 48 та қонун лойиҳаси ўрганилиб, 250 га яқин таклиф шакллантирилди.

Фракция ва партия гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўр­натиш мақсадида «Ногиронлар» жамияти, «Нуронийлар» жамғармаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳам­да Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар бўйича чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ҳамкорликда қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Сиёсий партиялар олдига қўйилган долзарб вазифаларнинг ижроси жойлардаги партия гуруҳлари ­фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун партия гуруҳларининг иш режалари қайта кўриб чиқилди ва назорат қилинадиган маҳаллий давлат бошқаруви органлари доираси аниқланиб олинди. Мансабдор шахсларнинг ҳисобот ва ахборотларини партия гуруҳлари ташаббуси асосида маҳаллий Кенгашларда эшитиш бўйича 2017-2018 йилларга мўл­жал­ланган иш режалар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Партия гуруҳларимиз томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг 72 марта ахборот ва ҳисоботлари эшитилди. Партия электорати манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ 95 та масала сессияларга киритилган бўлса, доимий комиссияларда 109 та, партия гуруҳларида эса 129 та масала ­муҳокама қилинди. Аммо бу борадаги вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндашаётган партия гуруҳларимиз ҳали ҳам борлигидан кўз юмолмаймиз.

Партия етакчиси демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида сиёсий партия­лар зиммасига улкан масъулият юкланаётганини таъкидлаб, барча даражадаги партия ташкилотлари етакчилари ҳамда депутатларни қатъийлик ва ташаббускорлик кўрсатишга чақирди.

— Таъкидлаш жоизки, бугунги талаблар кўлами ва мазмун-моҳияти жиҳатидан беқиёс аҳамиятга эгаки, биз ҳозирча фақат баъзи йўналишларни амалга оширдик, холос. Олдимизда бу борада ниҳоятда катта вази­фалар турибди, — деди ­Ҳ.Кетмонов. — Биз аввало, фракция йиғилишларида муҳокама этилаётган масалаларни маҳаллий Кенгашлар миқёсида кўриб чиқиш тизимини тўлиқ йўлга қўйишимиз керак.

Маълумки, партиямиз ташаббуси билан жойларда сайёр қабуллар ташкил этиляпти. Уларда кўтарилаётган мурожаатлар, аниқланган муаммоларни парламент ва депутатлик назорати тартибида изчил ўрганиш, ечимини топишга жиддий эътибор қаратиш керак. Шунингдек, партиямиз фаоллари ва депутатларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишини янада фаоллаштириш талаб этилади.

Бундан ташқари, партиянинг уюшмаган ёшларга ёрдам бериш билан боғлиқ ишлари ҳам танқидий таҳлил қилинди. Ёшлар билан учрашувларда қуруқ маърузалар ўрнига, ўзаро фикр алмашув, баҳс-мунозараларни кенг йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги масала таклиф ва мулоҳазалар асосида атрофлича кўриб чиқилди. Йиғилишда Андижон вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Абдулҳамид Нурматов, Қорақалпоғистон республика партия кенгаш раиси Халилла Ешимбетов, Тошкент вилоят партия кенгаши раиси Меҳрож Дархонов сўзга чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, партиянинг барча даражадаги ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларга тўхталиб ўтди. Таклифлар асосида Ижроия қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шу куни ЎзХДП ташкил топганининг 26 йиллиги муносабати билан партия Марказий Кенгашининг «Эҳтиром китоби»га киритилган бир гуруҳ фахрийлар ва фаолларни табриклаш тадбири ҳам ўтказилди. Тадбирда, шунингдек, партия тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган ходимларга ҳам фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.