13.02.2018

НИЯТЛАР ҚОҒОЗДА ҚОЛИБ КЕТМАСИН

Бугуннинг талаби шундай

Қашқа воҳасида бугун Қарши тумани кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. У ернинг кўплаб ташаббус кўрсатиб меҳнат қилаётган кишилари билан учрашиб, сўнг Гулноза Қодированинг ҳузурига келдим.

Гулноза яхши ташкилотчи. Бир ишни бошладими, охиригача етказмагунча тинчимайди. Ўтган йили «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг вилоят босқичида айтган ниятлари нима бўлди?

— Ҳокимият Ботош қишлоғидаги қаровсиз бинони ноль қийматда менга бергач, кредит ҳисобига 20 та тикиш машинаси сотиб олдик, — дейди суҳбатдошимиз. — Ҳозирча 8 нафар ишчи кичик корхонамизда турли кийим-кечаклар тикяпти. Ҳали яхши орзуларимизга етамиз...

Танловнинг Қашқадарё вилоят босқичи ўтиши мўлжалланган Қарши шаҳридаги болалар мусиқа мактабида ҳунармандлар тайёрлаган буюмлар кўр­газмаси ташкил этилган эди. Дилимдан қайта-қайта орзулар қоғозда қолмаслиги керак, деган ўй ўтди. Ўтган йили анча хом режалар тақдим этилганидан афсусланардим. Танишиб, суҳбатлаша бошладим. Мен учун танлов иштирокчиларининг ҳаёти, ўйлари, интилишлари муҳим эди. Деҳқонобод тумани вакили Шоира Қўзиева цех очиб, ногирон аёлларни иш билан таъминлашни мақсад қилибди. Нишонлик Севара Нарзуллаева Ҳаракатлар стратегиясини тарғиб этишга оид лойиҳа билан келибди. Қарши шаҳар вакили Зулхумор Муқимова касаначи аёллар учун алоҳида шароит яратиш иштиёқида.

Касби туманида ҳунармандлар, чеварлар кўп. ЎзХДП аъзоси 30 йилдан буён минглаб ёшларга ҳунар ўргатган, ҳозир цехида 20 нафар тикувчи билан турфа кашта, аёллар буюмларини ишлаб чиқараётган Зебо Султонова билан суҳбатни эса эсдан чиқармайман. У шогирди Хуршида Бўриевага МЧЖ корхона тузиш йўл-йўриқларини ўргатаётган экан. Бугун шогирди танлов иштирокчиси.

— Ҳаёт ўртага қўяётган муаммолар, вазифалардан юз ўгириб кетиш асло мумкин эмас, — дейди ЎзХДП Касби туман ­кенгаши раиси Султон ­Ҳамроев. — Хўп, туманимизда қишлоқ хўжалиги етакчи соҳа. Ўтган йили 65 минг тоннадан кўпроқ пахта етказиб бердик. Агар 2360 партия аъзомиз бўлса, уларнинг 35-40 фоизи қишлоқ хўжалигида меҳнат қиляпти. Партиядошларимизнинг 830 нафари хотин-қизлар. Уларнинг орасида ташаббускорлари кўп. Масалан, туман Кенгаши депутати Элмира Ҳасанова ташландиқ бинода 10 ўринли хусусий боғча ташкил қилди. Қамаши қишлоғида 3 мингга яқин бола боғчага бориши керак.

«Раҳмат», дейман касбиликларга. Хуллас, танлов бошланади. Шарти учта эди. Лойиҳа тақдимоти, қонунлар шарҳи ва саволларга тезкор жавоблар. Китоб тумани вакили, олий маълумотли тиббиёт ҳамшираси ­Дилора Оббоева баҳсда устунлик қилди. Доривор ўсимликларни тарқатадиган «Шарқ табобати маркази» хусусидаги лойиҳасига аъло баҳо олди. «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари манфаатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатларини яхши шарҳлаб, айрим таклифларини билдирди. Савол-жавобда юқори кўрсаткичга эришиб, кўрик-танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Учинчи ўрин Муборак тумани вакили Гулчеҳра Жўраевага насиб қилди.

— Иккинчи ўринни олиш ҳам осон бўлмади, — дейди қамашилик ­Лобар Худойқулова. — Савол-жавобларга етарли ҳозирлик кўрмаган эканман, келгусида буни ҳи­собга оламан. Бизнинг Баландчайл қишлоғимизда 15 минг аҳоли яшайди, 2 та мактаб, коллеж, меваларни қайта ишлайдиган корхона бор. Тағин 8 нафар хусусий тадбиркор фаолият кўрсатади. Аммо компьютер хизмати учун туман марказига қатнашади. Мен қишлоғимиздаги эски бинони ижарага олиб, шу соҳани йўлга қўймоқчиман. Туман марказидан ер майдони олганман, келгусида қўшқаватли бино қуриб, иккинчи кичик қаватини гўзаллик салонига айлантираман. Хуллас, ниятимни амалга оширмагунча тинмайман...

— Вақт кутиб турмайди, — дейди ҳайъат аъзоси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Зарнигор Аҳмедова. – Очиғи, бу сафар танловда ташаббускор, янги давр талабларини яхши ҳис қилаётган опа-сингилларимиз қатнашди. Ҳаётларидаги мақсадлари, режалари ҳақида эшитиб, ҳавасим келди. Фақат бу лойиҳалар, режалар қоғозда қолиб кетмаслиги керак...

Танловнинг Андижон вилоят босқичи ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 17 нафар иштирокчи ўз билимини синовдан ўтказди.

Хотин-қизлар учун барқарор ва юқори маош тўланадиган иш ўринлари яратиш, аёлларнинг сиёсий фаоллигини оширишда самарали услублар, эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган лойиҳаларга юқори баҳо берилди.

Якуний натижага кўра, Жалақудуқ туманидан ­Нилуфархон Хурхонова вилоят босқичи ғолиби бўлди. Шаҳрихонлик Зарифа Сайдалиева иккинчи, асакалик Феруза Тожибоева учинчи ўринга муносиб кўрилди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.