31.10.2017

ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДАГИ ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши «Фаол аёллар» қаноти «Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда хотин-қизлар қўмиталари ҳамда сиёсий партиялар ҳамкорлигининг аҳамияти» мавзусида семинар ўтказди.

Унда партия сафидаги хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий билимини ошириш масалалари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Конституциямизнинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги мус­таҳкамлаб қўйилган. Бу давлат бошқарувини демократлаштириш жараёнида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилором Қўзиева. — 1995 йилда мамлакатимизда БМТ­нинг «Аёлларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларига бар­ҳам бериш тўғрисида»ги Конвенцияси ратификация қи­линган.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни доимий ташаббускорликка ундаш ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас, албатта. Бунинг учун биз партия ташкилотлари билан ҳар доим тажриба алмашиб туришимиз керак.

— Партиямиз Дастурида хотин-қизларнинг оилада ва жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш бўйича қатор вазифалар белгиланган, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Нилуфар ­Юлдашева. — Уларни бажариш учун опа-сингилларимизни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз ваколати ва имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳамкор ташкилотлар билан ижтимоий шерикчилик асосидаги муносабатларни ривожлантириш зарур.

Семинарда хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилишга оид масалалар, уларни бартараф этиш йўллари атрофлича таҳлил этилди.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, юридик фанлар доктори, профессор Гулчеҳра Тўлаганова, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Жумагул Бўронова сўзга чиқиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Семинарда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича таклиф-тавсия­лар ишлаб чиқилди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.