26.10.2017

НУРОНИЙЛАР

оиламиз бойлиги, файзи, фариштасидир. Уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш — долзарб масала

Ҳаётимиз ва оиламизни пиру бадавлат ота-оналар, бобо-бувиларимизсиз тасаввур қила олмаймиз. Меҳр ва эътибор хонадонларимиз фариштаси бўлган нуронийларимизнинг умрига умр, кучига куч қўшади, уларга руҳий мадад бўлади.

«Қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш — кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишнинг муҳим шартидир». Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида бўлиб ўтган семинар шу мавзуга бағишланди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар партия кенгаши ва шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси масъуллари иштирок этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек ­Вафоев семинарнинг аҳамияти ҳамда мақсади хусусида тўхталди.

— Партиямиз дастурида нуронийлар, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, — деди у. — Шу асосда қатор лойиҳалар жорий этилган, депутатлик бирлашмалари ҳамда партия ташкилотлари ҳамкорлигида жойлардаги муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида партия гуруҳлари пенсионерлар ва ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 67 масалани ўрганди. 56 масала доимий комиссияларда муҳокама ­этилиб, 25 таси сессияларда кўриб чиқилди.

Олдимизда турган вазифаларнинг кўлами нақадар кенг экани инобатга олинса, бу йўналишдаги ишларимизни янада такомиллаштириш, жойлардаги катта-кичик масалаларни чуқур ўрганиш зарурлигини англаш қийин эмас. Шунинг учун партиямиз «Нуроний» жамғармаси билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу эса мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда, айниқса, уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронларни эъзозлаш, зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришда фаол қатнашиш, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш имконини яратади.

— Ижтимоий ҳимоя тушунчаси нафақат ижтимоий ёрдам ва нафақалар билан таъминлаш, балки ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини изчил ривожлантириш масаласини ҳам қамраб олади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Бу ўз навбатида аҳолининг ҳар томонлама фаоллигини оширишга, жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини кафолатлашга хизмат қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Нуроний» жамғармаси билан ҳам меморандум имзоланди. Унга мувофиқ, фракциямиз ўз олдига қатор вазифалари белгилаб олди. Хусусан, фракциямиз соғлиқни сақлаш вазирлиги билан музокара ўтказиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, кексаларга ижтимоий кўмак бериш масалаларини муҳокама қилди.

Меморандумнинг яна бир жиҳати шундаки, фракциямиз ва жойлардаги депутатлик гуруҳлари, партия фаоллари учун янги йўналишларни белгилаб беради. Соҳага оид қонун ва қарорлар ижроси жамоатчилик ҳамда парламент назоратига олинади. Шунингдек, нуронийларга ёрдам кўрсатиш ­механизмлари бўйича таклифлар тайёрланди.

— Ижтимоий соҳадаги ҳамкорлик яхши самара беряпти, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Партиямиз аъзолари ҳамда депутатлар жойларга чиқиб, аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишяпти. Кўпни кўрган отахону онахонларнинг ҳаёт тажрибасидан самарали фойдаланиб, аҳоли орасида тушунтириш-тағрибот ишларини кучайтиришимиз керак. Бу борада нуронийлар билан ҳамкорликда қатор ишларни олиб боряпмиз. Галдаги вазифа уларнинг кўламини янада кенгайтиришдан иборатдир.

Партия ташкилотлари ва гуруҳлари ҳамкорлигида Сайлов­олди дастуримиз асосида йигирмага яқин лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, улар доирасида 2900 га яқин давра суҳбати, учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Шунингдек, 2905 аҳоли хонадонига борилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. 450 оилага ўз ишини йўлга қўйиши учун 1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар олинишида амалий ёрдам кўрсатилди. Очиқ мулоқотлар жараёнида фуқаролардан 1000 дан ортиқ мурожаат тушган бўлса, уларнинг 950 таси маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз кўмагида ижобий ечимини топди.

Семинарда «Нуроний» жам­ғармаси вакиллари, Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари ва бошқалар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.