24.10.2017

САЙЁР ҚАБУЛ: бойсунликларни қандай масалалар ўйлантираяпти?

Хабарингиз бор, ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан жойларда сайёр қабуллар ташкил қилинмоқда. Бойсун туманида ўтказилган қабулда вилоят ва туман партия кенгашлари масъуллари, депутатлар, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Очиқ, ошкора ва ўзаро савол-жавоб тарзида ташкил қилинган тадбирда электорат вакилларини қийнаётган масалалар атрофлича ўрганилди. Уларга ечим топиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

— Тоғли ҳудуд вилоят марказидан 145 километр олисда жойлашган, — дейди халқ депутатлари Бойсун туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Робия Сувонова. — Бу ерда 113 минг 500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, 12 мингдан ортиқ хонадон бор. Ҳудудда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи муаммо бўлиб келаётганди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида «Хўжамайхона» булоғидан сув келтирилаётгани аҳолини бениҳоя хурсанд қилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 56 миллиард 400 миллион сўм бўлиб, 34,7 километрга сув қувурлари ётқизиш кўзда тутилган. Шунингдек, бир нечта насос станцияси ўрнатилиб, тақсимлаш тармоқлари қурилади. Яқин келажакда ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади.

Бойсунда маданий-маиший, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишидаги бир қатор корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Боғдорчилик, чорвачилик, асаларичилик ва балиқчилик соҳалари ҳам ривожланиб бормоқда. Шунга қарамай, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида камчиликлар кўзга ташланади.

— Янги иш жойлари яратишда йирик ишлаб чиқариш корхоналари муҳим ўрин тутади, — дейди «Нуроний» жамғармаси Бойсун туман бўлими раиси, халқ депутатлари Бойсун туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Файзулло Ҳамдамов. — Бир вақтлар ҳудудда шойи тўқиш фабрикаси бўларди. Унда 1,5 минг нафардан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилган. Иқтисодий қийинчилик туфайли ўтган асрнинг 90-йилларида корхона фаолияти буткул тўхтади. Уни қайта ташкил қилиш вақти келди, деб ўйлайман. Бунинг учун шароит ва имкониятларимиз етарли. Хомашё заҳиралари бор. Истиқболли лойиҳа амалга ошса, юзлаб хотин-қизнинг бандлиги таъминланган бўларди...

Туманда 56 та умумтаълим ва 10 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Сайёр қабулда математика, физика, хориж тиллари ва бошқа фанлардан педагоглар етишмаслиги, синфхоналарнинг камлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мактабгача таълим муассасалари сонини ошириш давр талаби эканлиги айтиб ўтилди.

— 2017-2018 ўқув йилида уч умумтаълим ва бир мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланди, — дейди Бойсун туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими муҳандиси Шерзод Қудратов. — Келгусида яна 10 га яқин таълим масканида бунёдкорлик ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Сайёр қабуллар «Кўчки», «Пулҳоким» ва бошқа маҳаллаларда ташкил қилинди. Аҳолини қийнаётган муаммолар жо­йида ва атрофлича ўрганилиб, уларни бартараф қилиш чора-тадбирлари белгиланди.

 — Ҳудудимиз туман марказидан 25 километр олисда жойлашган бўлиб, 2 минг 950 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Пулҳоким» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Тўлғоной Сувонова. — Замонавий дорихонамиз йўқ. Тадбиркор ва ишбилармонларимиз хайрли ва эзгу ишга бош қўшса, кўпнинг дуосини олган бўларди...

— Юртимизда халқ билан мулоқотнинг янгича тизими шакллангани электоратимиз манфаатларига хизмат қилаяпти, — дейди ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Мавжуда Ҳасанова. — Жойларда, асосан бориш қийин бўлган маҳалла ва қишлоқларда ташкил қилинаётган учрашув ҳамда қабулларда ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилаяпти. Уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари муҳокама қилинмоқда. Бу борадаги ишларни изчил давом эттириш фаолиятимизнинг кундалик мезони бўлиши шарт.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.