24.10.2017

ТИЛ — МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Тошкент тиббиёт академиясида 21 октябръ «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган кун муносабати билан «Тил — миллат тараққиёти ва келажакнинг пойдевори» мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Унда тилшунос олимлар, адабиёт ва санъат вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирни Тошкент тиббиёт академияси проректори Турдиқул Бобомуратов очар экан шундай деди:

— Ҳар бир миллатнинг борлигини намоён этишда она тили асосий шарт ҳисобланади. Шунинг учун она тилимиз борлиги ва унга давлат тили мақоми берилганидан фахрланишимиз керак.

Тадбир давомида ўзбек тилининг гўзаллиги ва равонлигини сақлаш хусусида мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан боғлиқ тарихий воқеаларни ҳикоя қилиб берди.

Бир пайтлар тилимиздаги сўзлар нотўғри талаффуз қилинарди, исмлар бузиб ёзиларди. Бундай кўнгилсиз ҳолатлар ҳамон учраб турибди. ОАВ ҳам бу каби камчиликлардан мустасно эмас. Бир-биримиз билан суҳбатда бошқа тилдаги сўзларни аралаштириб гапиришлар ҳам тилимизнинг бузилишидан дарак беради. Бундай хатоларга йўл қўймаслик учун барча таълим даргоҳларида ўзбек тили ва адабиёт дарслари ўтилиши лозим. Айрим ота-оналар фарзандларига ёшлигидан бошқа тилларни ўргатишга эътибор қаратишади. Лекин ҳар бир бола энг аввал ўз тилини мукаммал ўрганиши керак. Шундагина она тилимизнинг кўрки, таровати, қадри янада ошади.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, шоир Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Иброҳимбекова она тилимизнинг нақадар қадимий ва жозибадор эканини таъкидлаб, шеърлар, бадиий асарлардан парчалар ўқишди. Ижодкор талабалар ҳам ўз ижод намуналарини тақдим этишди.

 

Адолат УМИРОВА



DB query error.
Please try later.