19.10.2017

БАНДЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ — ДОЛЗАРБ ИЖТИМОИЙ МАСАЛА

Президентимизнинг «Банд­лик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолия­ти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бандликни таъминлаш, бу борада кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида «Меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан бандлиги: соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими юзасидан таклифлар» мавзуси бўйича семинар ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия фаоллари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг Тошкент шаҳар ва вилоят ҳудудий бош­қармалари вакиллари иштирок этди.

ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш, одамлар муносиб ҳақ тўланадиган ва барқарор иш ўрнига эга бўлишлари учун кўмаклашиш бўйича вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, аҳоли бандлиги билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Семинарни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов очар экан, шундай деди:

— Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳар доим долзарб масала ҳисобланади. Ишсизлик даражасини камайтириш, битирувчилар ишга жойлашишига кўмаклашиш партиямиз фаоллари ҳамда депутатлар учун муҳим вазифадир.

Хабарингиз бор, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «2017 йилда аҳоли банд­лиги дастури» ижросининг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Унда депутатлар амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаган ҳолда соҳага оид қонунларнинг ижроси суст экани, бунда маҳаллий давлат органлари, шу жумладан, ҳудудларда аҳоли бандлиги билан шуғулланадиган муассасалар ушбу масалага етарли даражада эътибор қаратмаётгани қайд этилган эди.

Бу масала партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир. Шу боис, тизимдаги камчиликларни аниқлаш, уларни ҳудудлар бўйича таҳлил қилиш орқали муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш талаб этилади. Бу каби семинарлар олис ҳудудларда ҳам тизимли равишда ўтказиб борилиши даркор.

Семинарда 2016 йилда режага киритилган иш ўринлари қониқарсиз бажарилгани қайд этилди. Бунинг асосий сабаблари эскирган усулларидан фойдаланиш, бандлик масалаларини ҳал этишда расмиятчилик билан боғлиқ муаммоларга бориб тақалади. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича тузилган уч томонлама шартномалар бажарилгани ҳақида сохта маълумотлар тақдим қилинаётгани таъкидланди.

Иштирокчиларга тизимда амалга оширилаётган ишлар, муаммо ва келгуси режалар ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходими Бахтиёр ­Руҳитдинов атрофлича маълумот берди. Ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш, олий ва ўрта махсус ­маълумотли кадрларни иш билан ­таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

— Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида саноат, хизматлар ва сервис соҳасида, уй-жой қурилишида янги объектларни ишга тушириш, кичик бизнесни, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига 521,5 минг кишининг бандлиги таъминланди, — деди у. — Ҳар битта иш ўрнини яратиш учун маблағ керак. Шу сабабдан ҳам иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун кичик бизнес ва тадбиркорликни янада равнақ топтириш талаб этилади. Келгуси йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 30 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кутиляпти. Ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш жараёнида уларга иш жойини аниқ қилиб қўйиш масалалари ҳам ўрганиб чиқиляпти.

— Ўтган давр мобайнида Тошкент вилоятидаги шаҳар ва туман партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 302 нафар фуқаро мурожаат қилган. Уларнинг 52 таси иш билан таъминлаш юзасидан бўлса, шундан 33 таси ижобий ҳал бўлди, — деди халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда ­Ворисова. — Шунингдек, ёшлар бандлигини таьминлаш, уларни мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда маҳаллий Кенгаш депутатларининг иштирокини кучайтириш талаб этилади.

Шунингдек, Бандлик дастури ижроси юзасидан маҳаллий ҳокимликлар қошидаги ишчи комиссияларнинг масъулиятини ошириш ва жавобгарлигини кучайтириш масаласи ҳам ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Семинар давомида ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ишсизликнинг сабабларидан бири кадрларнинг мутахассислиги бўйича етарлича билимга эга эмаслигида, — деди у. — Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг кўпчилигида кўникма етишмайди. Баъзи таълим муассасаларида ёшлар кераксиз, ўша ҳудуд эҳтиёжига мос бўлмаган йўналиш бўйича таълим оляпти. Бу эса ўз-ўзидан ишсизлар сонининг ошишига олиб келади. Бандлик муаммоларини ҳал этиш учун ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Бундан ташқари, Бандлик дастури ижросини авваламбор қуйи бўғинларда, яъни туман, шаҳар, вилоят Кенгашлари сессияларида тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиб, аниқ хулоса ва таклифларни парламентдаги партия фракция­сига етказиш ишларини фаоллаштириш зарур, деб ўйлайман.

Шунингдек, иш берувчиларни рағбатлантириш, «электрон меҳнат дафтарчаси»ни жорий қилиш ва ёлланиб ишловчилар меҳнатини тартибга солиш учун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳақида таклифлар берилди.

 

Адолат УМИРОВА



DB query error.
Please try later.