10.10.2017

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХЎЖАЛИГИ:

муаммоларни ҳал қилиш учун, аввало, тарғиботни кучайтириш зарур

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги муаммолар ечимида партия ташкилотларининг иштироки мавзусида семинар ўтказилди. Унда партия масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари, Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон ­Кетмонов мавзунинг аҳамияти, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари зиммасидаги вазифалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 — Жамиятда сиёсий партияларнинг ўрни мустаҳкамланиб боргани сари масъулияти ҳам ошади, ҳар бир соҳада уларнинг иштироки, таъсири кенгайиб боради, — деди у. — Шу маънода партиямиз ҳам электорат манфаатларига хизмат қиладиган ташаббусларни кўпайтириши долзарб вазифа ҳисобланади. Айниқса, уй-жой коммунал соҳасида аҳоли, электорат манфаатларига доир масалалар кўп.

Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар ўз дас­турий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда назорат қилинадиган давлат бошқаруви органларини аниқлаб олиши кераклиги таъкидланган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориш мақсадида ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни ечиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

 Уй-жой коммунал тизимидаги масалаларни ҳал этиш учун уларни тизимли ўрганиш, ҳудудлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш талаб этилади.

Семинарда соҳага алоқадор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини аҳоли қатламига ҳамда истеъмолчиларга тушунтириш масаласи алоҳида қайд этиб ўтилди.

— Партиямиз сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий заиф қатламининг уй-жой шароитини яхшилаш, ижтимоий инфратузилма билан таъминланганлик даражасини ошириш, коммунал хизматлар ва кўп қаватли уйларда турар жойдан фойдаланиш харажатлари нархларининг мақбуллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал Умаралиев. — Ҳаракат дастурига асосан жорий йилнинг ўтган 8 ойида коммунал соҳага оид 100 дан ортиқ масала партия гуруҳларида муҳокама қилинди. Уларнинг аксарияти доимий комиссиялар ва сессиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Фракциямиз аъзолари 60 дан ортиқ туманда ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эр­кин­­ликларини таъминлашга доир ўрганишлар ўтказди. Биз бундан кейин ҳам ҳудудлардаги муаммоларни ўрганган ҳолда қонунчиликка ­таклифлар бериш борасида маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз керак.

— Тўғри, бугунги кунда коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ечимини кутаётган масалалар кўп, — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Ражабов. — Шунинг учун вазирлик томонидан тузилган махсус гуруҳ июль-август ойларида жойлардаги ҳолатни ўрганиб чиқди. Аниқланган муаммоларни ечиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Маълумки, ҳар бир масаланинг ҳуқуқий ечими бўлиши лозим. Шу боис, бугунги кунда 50 дан зиёд ҳужжат ло­йиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Вазирлик янги ташкил қилингани боис, Молия вазирлиги томонидан коммунал хизматлар учун белгиланган тўлов тарифи келишилмаган. Бундан кейин биз мана шу жараёнда ҳам бевосита иштирок этамиз. Ўйлайманки, олиб борилаётган ислоҳотлар тизимдаги камчиликларни бартараф этиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

— Муаммолар ҳақида гап кетганда сувнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш керак, — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимларидан фойдаланиш бўлими мудири Ўктам ­Содиқов. — Яна бир муаммоли масала сув учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаслиги билан боғлиқ. Ёзнинг иссиқ кунларида 1 литр сувни кўчада 1,5 минг сўмга олиб ичган одам, бир тонна сувга Андижонда 200 сўм, Қорақалпоғистонда 800 сўм тўлашга қийналади. Айтиш керакки, қарс икки қўлдан чиқади. Аҳоли орасида сувдан оқилона фойдаланиш масаласида ҳам тушунтириш ишларини кучайтириш керак.

 Не машаққатда истеъмол учун етказилаётган сув томорқаларни суғориш учун ишлатилади. Кўп қаватли уйларда ванналарга ёз кунлари тарвуз-қовунни ташлаб сув оқизиб қўйилади. Бу каби исрофгарчиликларга йўл қўйиб бўлмайди. Аслида сувни етказиб беришга катта харажат кетади. Аммо аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида нарх­лар арзонлаштирилган.

Сурхондарё вилоятида 205 километрлик катта магис­трал қувур бор. Олтинсойдан Ангоргача бўлган 7 туманга сув етказиб беради. ­Вазир билан биргаликда пиёда айланиб кўрдикки, қувурга катта-кичик тадбиркорлар ноқонуний равишда уланиб олган. Бу эса аҳолига сув етиб боришида тўсиқларни юзага келтирмоқда. 305 та жойдаги ана шундай ҳолат бартараф этилди. Бу каби муаммолар ҳар бир ҳудудда бор.

Семинарда, шунингдек, тизимдаги кадрлар малакасини ошириш масаласида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Зилола АНВАРОВА



DB query error.
Please try later.