07.10.2017

СИЁСИЙ ЎҚУВЛАР: ТАЪСИРЧАНЛИКНИ ОШИРИШ УЧУН НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Одамларни янгича фикрлашга ундаш, ижтимоий-сиёсий фаолликни ошириш партия ташкилотлари олдидаги долзарб вазифалардан саналади.

Бу борада Ўзбекистон ХДП томонидан сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ташкил этилаётган тадбирларнинг самарадорлиги, ҳаётийлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади. Тарғиботчилар ҳамда экспертлар гуруҳи, депутатлар ва сиёсатшунослар иштирокида ўтказилаётган ўқувларда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти, уларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама этиляпти.

Сиёсий ўқувлар самарадорлигини ошириш учун бугун нималарга кўпроқ эътибор қаратиш, қандай усуллардан фойдаланиш зарур? Партия ташкилотларининг бу борадаги тажрибалари қандай?

 

Аброр ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партия Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда бошланғич партия ташкилотларида 16122 маротаба сиёсий ўқув ўтказилди. Жумладан, марказий даражада 10, минтақавий даражада 151, маҳаллий даражада 1638 ва бошланғич партия ташкилотларида 14300 дан ортиқ семинар бўлиб ўтди.

Сиёсий машғулотларда депутатлар ва ҳуқуқшунослар иштироки яхши самара бермоқда. Улар янги қабул қилинаётган қонунлар аҳамияти, сиёсий партия ва депутатларга берилган ваколатлар, депутатлик назорати масалаларида аъзоларимизга атрофлича тушунча бермоқда.

Аммо жойларда барча ўқув семинарлар ҳам юқори савияда ташкил этиляпти, деб бўлмайди. Хусусан, муайян босқичларда сиёсий ўқувларни ўтказиш жараёнида иштирокчилар рўйхати аниқ белгилаб олинмайди. Баъзи туман ва шаҳар кенгашлари ўқувлар бошланғич партия ташкилотларида ўтказилишига эътиборсизлик билан қараяпти. Айрим ҳолларда икки ёки уч мавзудаги ўқувлар битта тадбирнинг ўзида ўтказилади. Бундай ҳолатларда мавзу тўла очилмай қолади, аудитория­дан етарлича фикр ва таклифлар олиб бўлмайди. Бундан ташқари, мутахассислардан саволларга батафсил жавоблар олинмаслик ҳолатлари ҳам юзага келади.

Кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ўқувлар, тарғибот тадбирлари, лойиҳаларни амалга оширишда тизимлиликни таъминлаб бориш талаб этилади. Афсуски, бу борада ҳанузгача тизимли фаолият йўлга қўйилгани йўқ. Масалан, ўтган давр ичида Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли ва Мўйноқ, Жиззах вилоятининг Янгиобод, Навоий вилоятининг Конимех, Нурота туманлари, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳар, Бойсун, Жарқўр­ғон, Музрабод, Термиз туман, ­Хоразм вилоятининг Қўшкўпир, Шовот туман кенгашлари сиёсий ўқувлар ўтказмаган.

Маълумки, партиямиз тизимида 10 мингга яқин бошланғич ташкилот бор. Кейинги вақтларда қуйи бўғинлар эътиборимиздан четда қолаётгандек, назаримда. Буни тарғибот-ташвиқот ишлари бошланғич партия ташкилотларининг атиги 11 фоизида ўтказилаётганида ҳам кўриш мумкин. Агар сиёсий ўқувлар ҳар бир БПТда мунтазам ўтказилса, аъзоларимизнинг фаоллиги янада ортган бўларди.

Ўтказиладиган ўқувлар, аввало, партия Сайлов­олди дастурининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиши, чуқур таҳлилларга асосланиши, аниқ тавсияларга эга бўлиши, партиямизнинг жамиятдаги нуфузини оширадиган янги ғояларни илгари суришга хизмат қилиши керак.

Ҳар бир тадбирда партия электорати манфаатларига жавоб берувчи аниқ ижтимоий масалалар муҳокама этилиши зарур.

 

Тўра НОРБОЕВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши эксперти:

— Мустақил дунёқарашга эга, сиёсий билими юқори, бир сўз билан айтганда, маърифатли киши давлат ва жамият олдидаги бурчини чуқур ҳис этади ва астойдил ишлайди. Бундай кишилар ҳар бир воқеа-ҳодисага синчковлик билан қарайди, камчиликларни муҳокама қилиб, бартараф этишга доир аниқ фикр айта олади. Шу маънода биз сиёсий ўқувлар деб атаётган тадбирларнинг аҳамияти катта.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бундай ўқувларни ташкил этиш бўйича маҳаллий кенгашларга тавсия ва қўлланмаларни мунтазам равишда юбориб туради, тарғиботчиларга амалий ёрдам кўрсатади. Аммо бу имкониятлардан ҳамма жойда ҳам самарали фойдаланилмаяпти. Нега минтақаларда ўқувларни ташкил этишда методик қўлланмаларга етарли даражада амал қилинмаяпти?

Биринчи навбатда, сиёсий ўқувга мавзудан келиб чиқиб пухта тайёргарлик кўриш керак. Бу жараёнда қўшимча манбалардан, ҳаётий мисоллардан фойдаланиш талаб этилади. Семинар фаол ўқув машғулоти бўлиб, унда олдиндан танлаб олинган мавзу тингловчилар томонидан биргаликда муҳокама қилинади. Шундай экан, сиёсий ўқувни фикр алмашув, мулоқот тарзида ўтказишга ҳаракат қилиш лозим.

Ўқув машғулотларида илғор сиёсий технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш зарур. Шунда қайси даражада ташкил этилмасин, сиёсий ўқувларнинг аҳамияти, таъсирчанлиги юқори бўлади, кўзланган мақсадга эришилади.

 

Акмал ТУРСУНБОЕВ, Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси в.б:

— Вилоятда 14 минг нафарга яқин партиямиз аъзоси 334 бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтириш, партия ташкилотлари олдида турган устувор вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Шу йилнинг ўтган даврида туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда йирик бошланғич партия ташкилотларида 750 га яқин ўқув ўтказилиб, уларда 16 минг нафардан ортиқ тингловчи қатнашди.

Сиёсий маърифат тизимида ташкил этиладиган ҳар бир тадбирга пухта тайёргарлик кўрилади. Маърузачилар мавзуларни ҳаётий мисолларда тингловчиларга тушунтириб боришаяпти. Суҳбатларни маърузалардан воз кечиб, баҳс-мунозара шаклида олиб боришга эътибор бераяпмиз.

Бироқ очиғини айтиш керак, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам талаб даражасида эмас. Масалан, Сирдарё, Оқолтин туманларидаги партия ­фаоллари сиёсий ўқувлар самарадорлигини янада ошириш, таъсирчанлигини кучайтириш учун изчил изланиши керак. Бошланғич ташкилотларда маш­ғулотларнинг аксарияти хўжакўрсинга ўтказилаяпти. Ҳар бир туман партия кенгаши фаоллари мазкур камчиликдан тегишли хулоса чиқариб фаолиятини жонлантириши талаб этилади. Чунки қайси йўналиш ва бўғинда бўлишидан қатъи назар, ишни тўғри йўлга қўйган партиягина жамиятда ўзининг мавқеига эга бўлади, нуфузи мустаҳкамланади.

Ўқувларда аудитория билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг фикрлари ва кўпроқ муаммоларини эшитиш, саволларига тўғри, аниқ жавоблар бериш лозим. Қатнашчиларни гуруҳларга ажратган ҳолда, мавзу бўйича саволлар бериш, уларни фикрлашга ундаш, таклифларини тинглаш зарур. Фикрини кўпчилик олдида айтишга ийманадиган иштирокчилар бундай пайтда ўзини эркин ҳис қилади.

 

Равшан АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси в.б:

— Шуни айтиш керакки, семинарларда электорат вакиллари, айниқса, ёшлар катта қизиқиш билан иштирок этяпти, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиряпти.

Бироқ айрим семинарларда жонли баҳс-мунозара, фикрлар хилма-хиллиги етишмайди. Маърузачилар олдиндан тайёрлаб келинган расмий матнларни ўқиб беришади. Бундай пайтда фикр алмашиш, таклифлар айтиш қийин бўлиши табиийдир. Чунки муҳокамага қўйилган мавзу иштирокчиларда қизиқиш уй­ғотмайди, уларга таъсир кўрсатмайди. Натижада тадбирларнинг самарадорлиги пасаяди.

Очиғини айтиш керак, биз сиё­сий ўқувлар таъсирчанлигини кучайтириш масаласига охирги пайт­ларда жиддий эътибор бермай қўйдик. Ваҳоланки, бу борада фойдаланиш мумкин бўлган имко­ниятлар ҳали кўп. Яна бир камчилигимиз — бошланғич ташкилотларни ўқувларга кенг қамраб ололмаяпмиз. Масалан, Норин, Чуст ва ­Мингбулоқ туман партия кенгашлари бошланғич ташкилотларда сиёсий ўқувларни юқори савияда ташкил этиш масаласига жиддий эътибор қаратмаяпти. Шунингдек, бу ҳудудларда ташкил этилган машғулотлар бошқа туман ва шаҳарларга қараганда анча кам. Жорий йилда улар фаолиятини жонлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ўқувлар таъсирчанлигини ошириш учун семинарда сўзга чиқиши мўлжалланаётган мутахассисларни танлашга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Ўз соҳасини пухта биладиган мутахассисларни таклиф этсак, мавзу юзасидан эркин фикр юритилади, одамларнинг саволларига ҳам жавоб беради.

 

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.