Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Fevral 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 1 2 3 4
25.01.2018

ОДАМЛАР ИШОНЧИНИ ҚОЗОНИШ УЧУН АНИҚ НАТИЖАГА ЭРИШИШ ЛОЗИМ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масаласи муҳокама этилди.

— Одамларнинг бугунги кайфияти, турмуш тарзи, орзу-ниятларига мос тарзда йўлланган Мурожаат­нома ҳар бир юртдошимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга ундади, десам янглишмаган бўламан, — деди вилоят партия кенгаши раиси Меҳрож Дархонов. — Бугунги вазифаларни чуқур англаган партия ташкилотлари ҳам қатор ишларни амалга оширишни режа қилиб қўйди. Электорат манфаатини ҳимоя қилиш, аҳолининг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш, аниқ натижага эришиш йўлида шиддат билан амалий ҳаракат бошланди.

Бугун тадбиркорлик масаласи хусусида жуда кўп гапириляпти. Дар­ҳақиқат, тадбиркорликсиз, уларнинг иқтисодиётимиздаги улушисиз катта марраларни кўзлашимиз, унга етишимиз даргумон. Бу жараёнда партия­ларнинг роли қандай, деган савол туғилади. Парламентда қонунлар қабул қилинаётганда, лойиҳалар кўриб чиқилаётганда «қуйидан юқорига» тамо­йилига амал қилиш кераклиги таъкидланди. Ҳаётда қандай муаммолар борлигини аниқлаш, шу орқали қабул қилаётган қонунларимизда фуқаролар манфаатларини ҳимоя­лашимиз, ҳамма ишларимизда шу тамойилга амал қилиш лозим.

Туманларда бизнес клублар фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилдик. Бу фақат маълум вақт давомида, номига эмас, балки доимий тарзда фаолият олиб боради. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда тадбиркорларимиз иштирокини таъминлаймиз. Ишлаб чиқариш, аҳолига хизмат кўрсатиш, фермер хўжаликларини бирлаштирган клуб ташкил этамиз. Улар соҳада қандай муаммолар борлигини яхши билишади ва муқобил ечимини ҳам топа олишади. Вилоят кенгашида шу билан боғлиқ масалалар муҳокамасини ҳам йўлга қўйиш даркор.

— Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарорлаштириш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади, — дейди иқтисод фанлари номзоди Омилхон Исмоилов. — Президентимизнинг ҳудудларга ташрифи чоғидаги нутқ­ларини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг аксариятида иқтисодий ­ислоҳотлар, бюджет параметрлари билан боғлиқ масалалар кўтарилаётганини кўришимиз мумкин.

Олдимизда аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий кўмак бериш каби кўплаб масалалар турибди. Энг асосийси, аҳоли даромадини ошириш лозим.

Мурожаатномада Президентимиз қарсакбозлик, баландпарвоз гаплар билан муаммони еча олмаслигимизни, конструктив ислоҳотларни амалга ошириш вақти аллақачон етганини айтди. Шу билан бир қаторда, эркин иқтисодиётни, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга масъул бўлган мутасаддилар фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилди. Ҳар бир ташкилот, шунингдек, партиялар ҳам олдига аниқ мақсад қўйиши лозим. Тоғдек нарсани ваъда қилмасдан, оз бўлса-да, амалий натижага эришиш бугунги куннинг асосий талаби ҳисобланади.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ­«Ислом Каримов — мустақил Ўзбекистон асосчиси» мавзусида фикр алмашилди. ­

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди департаменти раҳбари ­Ботир Убайдуллаев мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.

— Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди иш бошлаганидан буён муайян чора-тадбирларни амалга оширмоқда, — деди у. — Тошкент фотосуратлар уйида «Аждодларни бирлаштирувчи ришта» номли кўргазма ташкил этилди. ­ЮНЕСКОнинг ­доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ­Самарқанд шаҳрида «Ўзбек ипагининг гулгун фасли» номли китобни тўрт тилда нашрдан чиқардик. Демоқчи бўлганим, фондимиз Ўзбекистон санъати дунёга танилишида ҳам ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқда.

Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан 1997 йил иқтидорли йигит-қизларни хориждаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқитишни мақсад қилган «Умид» жамғармаси ташкил этилган эди. Маълум бир сабабларга кўра, «Устоз» жам­ғармасига қўшиб юборилди. Шу вақт мобайнида 858 нафар йигит-қиз ­дунёнинг ривожланган 8 давлатида бакалавр ва магистратура бос­қичида таълим олиб қайтишди. Уларнинг 50 дан ортиғи илмий унвонга эга. Кўпчилиги давлат ва нодавлат ташкилотларда раҳбарлик лавозимида фаолият олиб боряпти. Ўйлайманки, бу ўз ўрнида хайрли ва фойдали бўлган эди. Анъанани давом эттириш мақсадида фондимиз ташкил этилган йилда 12 нафар иқтидорли талаба Германия, Италия, Россияда ўқиши учун грант­ларга эга бўлишди. Яна йигирмага яқин талаба хориждаги нуфузли ­олийгоҳларда ўқишини давом эттириши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Биринчи ­Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом ­Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ халқаро конференция ташкил этиладиган бўлди. Биринчи Президентимиз билан юзма-юз мулоқотда бўлган, ёнма-ён меҳнат қилган инсонлар, нуфузли халқаро ташкилотлардан меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. Шу кунларда «Ислом ­Каримов Мустақил Ўзбекистон асосчиси» номли китоб-альбом 15 минг нусхада чоп этилди. Яқинда ўз ўқувчилари қўлига етиб боради. Бу Биринчи Президентимизнинг 80 йиллигига муносиб совға бўлади, деб ўйлайман.

«Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош ­муҳаррири Сафар Остонов Биринчи Президентимиз республикамизга раҳбар бўлиб келган даврдаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, халқимизнинг маънавий-руҳий ҳолати, ана шундай оғир ва мураккаб шароит­да Юртбошимиз одамларни ижтимоий ҳимоя қилиш, паймол бўлган ҳуқуқларини тиклаш борасида амалга оширган ишларини ҳаётий мисоллар асосида ҳикоя қилди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлар фаолиятини такомиллаштириш, Биринчи Президентимизнинг 80 йиллигини партия тизимида муносиб нишонлаш масалалари бўйича қарорлар қабул қилинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: