17.09.2017

УЮШМАГАН ЁШЛАР

эътибор ва ғамхўрлик туфайли тўғри йўлга киради, ҳаётдан ўз ўрнини топади

Араббой Маъмуров 26 ёшда бўлишига қарамай, ҳаётнинг анчагина аччиқ-чучугини татиб кўрди. Бир неча йил давомида, қисқа бўлса-да, умр йўлини обдон, такрор ва такрор таҳлил қилишга вақти бўлди. Хатосини тушунди, тавба қилди. Суд уни муддатидан илгари озод қилиш ҳақида ажрим чиқаришда жамоатчилик тавсиясини ҳам инобатга олганди. Жамоатчилик ташкилотлари орасида ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши ҳам бор эди.

 

— Араббойнинг оиласидан партия фаоллари, туман Кенгаши депутатлари хабар олиб турар эдик, — дейди Тошлоқ туман партия кенгаши раиси Турсунбой Солиев. — Унга хат ёздик. Оиласига тўғри йўлни танладим, деб ёзган хатларидан хабардор бўлиб қувондик. Мана, ниҳоят, у озод бўлди.

Инсон билиб-билмай хато қилиши мумкин экан. Араббой ҳам бир бор қоқилди. Тақдири ўзгариб кетди.

— Мен қамоқдан чиқар эканман, энди кимга керагим бўлади, дея изтироб чекардим, — дейди Араббой. — Дарҳол ЎзХДП туман кенгаши фаоллари, маҳалла-кўй, янги ташкил топган Ўзбекистон ёшлар ­иттифоқи туман кенгаши етакчилари уйимизга етиб келишди. Ҳозир мени койишади, узоқ насиҳат қилишади, деб ўйлагандим. Йўқ, ундай бўлмади. Очиқ чеҳра билан суҳбатлашишди. Кейин менинг соғлиғим, ишга жойлашишим, ўқиш­ни давом эттиришим, ҳатто уйланишимгача бўлган масалаларда фикримни сўрашди.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази Араббойга янги иш ўринларини таклиф этди. У «Сув­оқава» давлат унитар корхонасида ишлашга қизиқиш билдирди. Партия туман кенгаши у иш билан таъминланиб, ҳужжатлари расмийлаштирилгунига қадар бўлган жараённи доимий кузатувга оладиган бўлди.

ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши фақат Араббойгагина алоҳида эътибор қаратгани йўқ. Туманда 27 та рўйхатга олинган диний оқимга мансублар, икки юздан зиёд чет элга ишлагани кетганлар, жамоат ишида иштирок этмаётган уюшмаган, жазо муддатини ўтаётган ёшлар бор. Партия кенгаши депутатлар, таниқли спортчилар, санъаткор, шоиру ижодкорлардан иборат ишчи гуруҳини ташкил этиб, уларнинг ҳар бирини муаммоли ёшларга бириктириб қўйди.

Куни кеча эса ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Фарғона вилоятида «Ёшлар — келажак таянчи» лойиҳаси доирасида Тошлоқ, Қўштепа туманлари ва Фарғона шаҳрида уюшмаган ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилди.

Уюшмаган ёшлар сони кўп бўлган жойларни ўрганиб, таҳлил қилиш, камчиликларни тезкор бартараф этиш лойиҳанинг асосий мақсади қилиб белгилаб олинди.

Лойиҳани самарали ва тизимли равишда амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Фарғона вилоят кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, вилоят ва туманлар ҳокимликларининг вакиллари, Ўзбекис­тон ёшлар ­иттифоқи вилоят ва туман кенгашлари, соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари, вилоят ахборот-кутубхона маркази, қолаверса, «Истиқбол» ёшлар қаноти қошидаги «Ёш сиёсатчилар» клуби фаоллари бир неча гуруҳларга бирлашишди.

ЎзХДП ёрлиғи туширилган автобус маҳаллалар оралаб, хонадонлар эшиги олдида тўхтар, турли оила аъзолари билан самимий суҳбатлар қурар эди.

Нозимахон Мўминовани тунда чақнаган чақмоқ уриб, ҳовлисига йиқилиб тушди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати туфайли ўзи ҳам, ҳомиласи ҳам омон қолди. Лекин орзиқиб кутилган фарзанди ­Камронбек на гапира, на эшита олар эди. Орадан йиллар ўтди. Аммо табобат ожизлик қилди.

— Давлатимизга раҳмат, даст­лаб уйимизга келиб ўқи­тишди, сўнгра ўғлим махсус мактабга қатнай бошлади, — дейди ­Нозимахон. — Камронбек тинмай расм чизади. У билан тиллаша оладиган махсус ўқитувчи тасвирий санъатдан сабоқ беришининг иложи бўлганида эди...

— Туманимизда 3270 нафар ногирон бор. Уларнинг 319 нафари туғма ногирон болалар, — дейди туман ногиронлар жамияти раиси Турсунбой Халилов. — Тиббий комиссия хулосаси билан 64 нафар ногирон бола уйида ўқи­тиляпти. Тўғри, тасвирий санъатдан дарс берадиган махсус маълумотли ўқитувчи топиш қийин. Лекин Камронбекдаги қобилиятни ривожлантиришга воситачи орқали, имо-ишора билан бўлса-да, ўргата оладиган рассом тарбиячини Бадиий академия вилоят бўлимидан таклиф қиламиз.

Камронбек эшитиш аппаратига муҳтож эканлиги, унинг отаси ­Анваржон Абдураҳмонов Россия Федерациясига ишлаш учун кетганлиги, ушбу оиланинг арзон уй-жойга эҳтиёжи борлиги аниқланди. Шу ернинг ўзида унга туман тиббиёт бўлими томонидан ­эшитиш аппарати топширилди.

Анваржон Абдураҳмонов ўз оиласи бағрига қайтиши ва уни иш билан таъминлаш юзасидан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими ҳамда туман бандликка кўмаклашиш маркази билан келишиб олинди.

Туман ҳокимияти эса навбатдаги қуриладиган арзон уй-жойлардан бирини ушбу оилага ажратадиган бўлди.

Шу куни туманнинг «Қамчифуруш» маҳалласи «Сайилгоҳ» кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи болаликдан ногирон Умаралиев Ҳасанбой Иброҳимжон ўғли ҳолидан хабар олиниб, унга ногиронлик аравачаси ва ҳомийлар томонидан совғалар топширилди.

«Ёшлар — келажак таянчи» ло­йиҳаси доирасида бундай очиқ мулоқотлар, хонадонларга ташрифлар вилоятнинг Қўштепа туманида ҳам давом эттирилди.

Шу куни имконияти чекланган ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақт­ларини мазмунли ўтказиш, уларга маънавий озуқа бериш мақсадида Фарғона шаҳридаги Рус драма театрида «Хазон бўлган гул» номли спектакль намойиш этилди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.