12.08.2017

НОГИРОНЛАР ҲАМ ЖАМИЯТ ҲАЁТИДА

фаол иштирок этишни исташади

Хабарингиз бор, шу йил 1 август куни «Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармойиши эълон қилинди. Унда кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар қониқарли эмаслиги таъкидланди.

Бу борада қандай камчилик ва муаммолар бор, уларни ечиш учун нималар қилиш керак? Партия электорати ҳисобланган жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг истаклари нималардан иборат? Ўзбекистон ХДП уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қандай ташаббусларни илгари суради?

Депутатлар, Ногиронлар жамияти аъзолари шу ҳақда фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Абдуллоҳ АБДУХАЛИЛОВ,

Ногиронлар жамияти

касаба уюшмаси

раиси ўринбосари:

— Қонунчилигимизга ногиронлар ҳуқуқлари билан боғлиқ ўзгартириш киритилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Бу борада биздан ҳам таклиф сўралди. Фикримизча, тизимли ўзгартиришлар амалга оширилиши керак.

Бизнингча, қонунчилигимизга универсал дизайн тўғрисида меъёр киритиш керак. Савол туғилади: бу нимага керак? Масалан, барчангизда боғичлар ўрнига ёпиштириб тақиладиган оёқ кийим бор. Булар оёқ кийим ипини боғлашда қийналадиган кўзи ожизлар учун жуда қулай. Охирги пайтларда сенсорли жўмраклар оммалашиб кетди. Бу ҳам ногиронларни ўйлаб жорий этилган. Яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Асосийси, ногиронлар учун мўлжалланган маҳсулотлар тезда оммалашиб, барчага бирдек манзур бўлмоқда. Бизнинг истагимиз инклюзив жамият, яъни барча учун бирдек қулай бўлган жамиятни шакллантиришдан иборат.

Тўсиқсиз муҳит давлат дастурини яратиш масаласи ҳам жуда муҳим. Бу нафақат йўлда юриш, пандуслар ёки яна бошқа масалаларда, балки ахборот олиш билан ҳам боғлиқдир.

Мисол учун, бир кўзи ожиз одам кредит олиш истагида банкка кирса, у кредит имкониятлари билан таниша олмайди. Сабаби, кўзи ожизлар учун аудио ёки брайль форматда маълумот йўқ. Бу каби ҳолатларни барча соҳа мисолида кўришимиз мумкин. Тўғри, бу дастурни амалга ошириш қийин. Ишлаб чиқишнинг ўзи мураккаб. Лекин таклифларимиз амалга ошса, ногиронларнинг кўплаб муаммолари ҳал бўларди.

Яна бир муҳим масала. 1995 йилдан бери мамлакатимизда ин­клюзив таълим бўйича лойиҳалар ишлаб келинади. 22 йилдан буён бир лойиҳа кетидан иккинчиси келади ва уларнинг ҳаммаси тренинг билан бошланиб, тренинг билан тугайди. Нима учун шундай? Нега амалиётга ўтилмаяпти? Чунки бизда бу бўйича аниқ стратегия йўқ. Шунинг учун ҳам биз қонунчиликка бу йўналишдаги меъёрларни таклиф қиляпмиз. Сабаби, нафақат оддий инсонлар, балки давлат хизматчилари ҳам инклюзив таълим билан интегратив таълимнинг фарқига бормаяпти.

Масалан, бирор бир мактабнинг биринчи қаватидаги битта хонага 3-4 нафар ногирон болани олиб келиб ўтқизиб қўяди ва ин­клюзив мактаб очдик, дейишади. Бу интегратив таълимга киради. Бу табиатан заиф боланинг руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. «Нега мен бошқалар каби 3-қаватга чиқа олмайман? Нега спорт залига киролмайман?», деган саволлар унинг руҳиятини синдириб қўйиши мумкин. Зеро, инклюзив мактаб тўсиқсиз бўлиши керак. Шунингдек, ёрдамчи педагогларга эҳтиёж катта. Айтайлик, ўқитувчи дарс вақтида доскага ёзади, расм чизиш орқали мавзуни тушунтиради. Кўзи ожиз, заиф эшитувчи болаларга синфдаги жараённи тушунтириб берувчи ўқитувчи бўлиши керак.

 Бу каби камчиликлар коллеж ва лицейларга, олий ўқув юртларига ҳам бирдек алоқадор. Охирги пайтларда инклюзив синф, деган ибора ҳам қўлланилмоқда. Аслида инклюзив синф бўлмайди. Агар таълим муассасасида пандус, лифт ўрнатилса, бошқа хоналар ҳам барча имконият ва эҳтиёжлар учун мақбул бўлса, ўзаро тенглик юзага келади. Бунинг учун халқаро андозаларга мос меъёрлар жорий этилиши керак. Бизнинг орзуимиз ҳам, истагимиз ҳам мана шунда.

Турсунпўлат НОРБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тақдир тақозоси билан айрим инсонларнинг жисмоний имконияти чекланган бўлади. Лекин бу уларнинг ҳуқуқлари амалга ошишига тўсиқ бўлмаслиги керак, албатта. Берилган умр­ни яхши яшаш, орзу-ниятларига етишиш, илм олиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этишга улар ҳам бошқа инсонлар каби ҳақлидир.

Шунинг учун мамлакатимизда инсон манфаа­ти ҳамма нарсадан устун, деган олижаноб тамойил асосида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ногиронларни қўллаб-қувватлаш, улар жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга катта эътибор қаратиляпти.

Президентимизнинг «Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишида тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашиши учун шароит яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслигини тан олишимиз керак. Масалан, ногиронларга таълим бериш ва уларни ишга жойлаштиришнинг амалдаги тизими замонавий талабларга жавоб бермаслиги таъкидланди. Уларни меҳнат фаолиятига жалб этиш ўртача 2 фоизни ташкил қилмоқда. Бу рақамнинг ўзиёқ жисмоний имконияти чекланган кишиларни ишга жойлаштириш масаласи нақадар долзарб эканини кўрсатиб турибди.

Ногиронлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш уларнинг ҳаётга қизиқишини оширади, кўнглини, руҳини кўтаради. Демак, бу масалага лоқайд қарашга ҳаққимиз йўқ.

Яқинда сайловчилар билан учрашувларда Олтинсой тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Шавкат Очилдиев аравача сўраб мурожаат қилди. Партиямиз ташкилотлари ва депутатлар аралашуви билан унга аравача берилди. Жарқўрғон тумани Мингчинор маҳалласидан Тўрахон Қиёмовнинг иккала оёғи ҳам  йўқ. У билан учрашганимизда протез олишда ёрдам сўради. Ҳозир ушбу мурожаатни ҳал этиш учун иш олиб боряпмиз.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Сайловчилар билан учрашувларда жисмоний имконияти чекланган кишилар билан ҳам юзма-юз суҳбатлар уюштиряпмиз. Шундай пайтларда бир нарсага кўп гувоҳ бўламиз. Уларнинг аксария­ти ишга жойлашиш бўйича ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайди. Ваҳоланки, қонунчилигимизда мазкур йўналишда ҳам тартиб-қоидалар белгиланган.

Демак, бу борада қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини улар ўртасида кенг тушунтиришимиз керак. Бу қўлидан иш келадиган, меҳнатнинг қайсидир тури билан шуғулланиш истагида юрган ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларни ишга жойлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Қонунчиликда белгиланган меъёрлардан хабардор бўлгач, у қайсидир ташкилотга бемалол иш сўраб бора олади, ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олади.

Яна бир гап. Имконияти чекланганлар ўқийдиган коллежларни битираётган ёшлар ишлаши учун шароит яратиш керак. Ногиронларнинг аксарияти қайсидир ташкилотга иш сўраб борса, иш ўринларимиз қисқарди ёки бўш иш ўрни очилиши билан сизга хабар берамиз, деган гапларни эшитади. Бу эса уларнинг руҳиятига таъсир этмасдан қолмайди.

Партиямиз электорати вакиллари билан учрашувда бир масала кўтарилди. Биламизки, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига ишга яроқсиз, деган ҳужжат берилади. Лекин улар орасида қўлидан иш келадиганлари ҳам бор. Улар идора ва ташкилотга иш сўраб борса, ушбу ҳужжатни баҳона қилиб ишга олишмас экан. Ваҳоланки, бундай кишилар орасида етук иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, педагоглар бор. Ёки айтайлик, оёғи ишламайдиган киши қўллари, ақлий салоҳияти билан кўп ишларни бажариши мумкин. Балки шу масалада қонунчиликка ўзгартириш киритиш керакдир, деган фикрлар билдирилди. Агар чуқур мушоҳада қилиб кўрадиган бўлсак, бу таклиф жуда ўринли.

Бу масала бевосита партиямиз Сайловолди дастурига ҳамоҳанг бўлгани учун фракциямиз соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолатини, уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари амалга оширилишини, шунингдек, ваколатли органлар фаолиятини танқидий ўрганиш, лозим топилганда, парламент эшитувлари ташкил этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилмоқда.

Хулоса шуки, ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имкониятлар яратиб бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш, ижтимоий адолат принципини қарор топтиришга хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.


DB query error.
Please try later.