08.08.2017

ДОЛЗАРБ ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР ЮЗАСИДАН АНИҚ ВА ҚАТЪИЙ ПОЗИЦИЯ БИЛДИРИШИ ЗАРУР

Пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг VIII пленуми очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Унда Президентимизнинг «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» номли маърузасидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар вакиллари билан бирга, партиянинг 194 туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Пленум аввалида 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ёзиб олинган ҳолатда намойиш этилди. Шундан сўнг йиғилганлар кун тартибидаги масала юзасидан маърузачиларга сўз берилишини кутган эди. Лекин партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Ҳотамжон Кетмонов йиғилишни ноодатий тарзда, жонли мулоқот кўринишида ўтказишни таклиф қилди. Бу фикр барчага бирдек маъқул бўлди.

— Шу кунга қадар минбарда туриб, 3-4 нафар одамга сўз берилиши, уларнинг ёзиб келган ҳисоботларини эшитишдан иборат бўлган йиғилишлар оқибатида жойлардаги ҳақиқий аҳволдан бехабар қолганмиз, — деди Ҳотамжон Кетмонов. — Фаолиятимизга янгича ёндашувни ҳар биримиз ўзимиздан, ўз ишимиздан бошлашимиз зарур. Бугун мана шу принципга амал қилган ҳолда, сизлар билан очиқ мулоқот, музокара олиб борсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Олдимизда турган ҳар бир устувор масала юзасидан сизларнинг фикрингиз чора-тадбирлар дастуридан ўрин олади. Бу ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини холис баҳолаш, муаммолар ечими юзасидан вазифаларни тўғри белгилаш имконини беради.

Хабарингиз бор, сиёсий партиялар ва парламент фаолия­тининг танқидий-таҳлилидан сўнг ўтган вақт мобайнида партия­нинг раҳбар ва масъул ходимлари томонидан жойлардаги ҳолат, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг фаолиятидаги камчиликлар ўрганилди. Бу дастлаб, партиянинг маҳаллий ва минтақавий ташкилотлари Ижроия қўмиталари йиғилишларида муҳокама қилинди. Бугун ана шу ўрганишлар сарҳисоби юзасидан ҳам фикр алмашамиз.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар ҳамда депутатлар фао­лиятига оид ҳар бир масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Йўналишларга бўлган ҳолда муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уларнинг ечими юзасидан таклифлар билдирди. Шундан келиб чиқиб, биз партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифаларни белгилаб олдик.

Хусусан, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ногиронларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун муҳим чоралар белгиладик. Ушбу йўналишда партия фахрийлар, пенсионерларнинг салоҳияти ва тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида Марказий, вилоят ва туман кенгашлари қошида «Партия фахрийлар клуби»ни ташкил қилиш режалаштирилди. Бу борада «Нуроний» жамғармаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади.

Бундан ташқари, партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари фао­лияти устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назорати олиб бориш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ХДП ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни тубдан кучайтириш лозим. Мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал қилишга эътибор қаратиш, бунда маҳаллий кенгашлар қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари имкониятидан самарали фойдаланиш, партия ходимлари билан бирга маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар қабулини изчил йўлга қўйиш талаб этилади.

Келинг, бугунги йиғилишимизни очиқ-мулоқот, эркин суҳбат тарзида ўтказамиз. Партиямиз фаолиятини кучайтириш учун қандай таклифлар берасиз? Сизни нима ўйлантиряпти, муаммолар ечимини топиш учун нималар қилиш керак?

— Шу пайтга қадар партия ишига юзаки қарашлар, сайловчилар, электорат манфаатига алоқадор масалаларни ечишда сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар кўп бўлди, — деди ЎзХДП Сариосиё туман кенгаши раиси Рустам Рамазонов. — Лоқайдлигимизни тан оламиз. Тўғри, туман миқёсида тадбирлар ўтказиб келяпмиз. Лекин фақат тадбир ўтказиш билан иш битмайди. Юқорида тўғри таъкидланди. Амалий ишлаш вақти келди. Шу ўринда бир фикрни айтиб ўтиш керак. Ҳозирги кунгача электоратни ўйлантирган муаммоларни кўпроқ депутатларга юклаб қўйганмиз. Ваҳоланки, биз ҳам аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ечими бўйича таклифлар тайёрлашимиз, уларни депутатларга тақдим қилишимиз мумкин эди-ку?..

Туманимизда партиямизнинг 8 нафар депутати бор. Туман партия кенгаши фаолиятини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиладик. Бунда, аввало, депутатлар билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қарат­япмиз.  Эндиликда сессияларга киритилаётган масалалар бўйича биз ҳам депутатга таклифларимизни, фикрларимизни мунтазам равишда бериб борамиз.

— Шу ўринда бир масала. Аксарият туман Кенгаши депутатлари ҳудуддаги қайсидир ташкилотга раҳбар. Ҳокимлар эса уларга депутат сифатида эмас, ижро ҳокимияти органи вакили сифатида қарамоқда, — деди Ҳотамжон Кетмонов. — Шу боис, маҳаллий Кенгашларнинг сессиялари асосан расмиятчилик учун ўтказиляпти. Лекин бундай ишлаш вақти ўтди. Нега партиямиз депутатларида сайловчиларни, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ечишда ташаббускорлик, фаоллик етишмайди? Масала сессияда муҳокама этилаётганда нега аксарият депутатларимиз сукут сақлаб ўтиради, талашмайди, тортишмайди, электорат манфаатларини ҳимоя қилмайди. Мана, оғриқли нуқталаримиз қаерда?!. Хўш, депутатлар фаолиятини кучайтириш учун нима қилишимиз керак?

— Жуда тўғри масалани кўтардингиз, — деди ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси Турсунбой Солиев. — Ҳозир сессияда, доимий комиссияларда иштирок этиш масаласида депутатларимизнинг кўзи очилди, деб ўйлайман. Президентимиз маърузасидан кейин ишга ёндашув жиддий ўзгарди. Туман Кенгашида партиямиздан сайланган 13 нафар депутат фаолият юритади. Улар доимий комиссияга 7 масала, сессияга 2 масала киритди. Лекин аҳолини битта-иккита эмас, кўп масалалар ўйлантиради.

Агар депутатларимиз ўз фаолиятига жиддий кўз билан қараса, сессияга киритиш учун қанчадан-қанча масала топилади. Бир мисол. Партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ўрганиб, уларни сессиялар, доимий комиссиялар муҳокамасига олиб чиқсак, бизга ишонган кўп хайрихоҳлар манфаатини ҳимоя қилган бўламиз. Демак, депутатлар қабулхоналар билан мунтазам алоқа ўрнатиши зарур.

— Ҳақиқатан ҳам, фаолиятимизга виждонан баҳо берадиган пайт келди, — деди Зангиота туман партия кенгаши раиси Моҳира Акромова. — Фикримча, ўрнимиз ҳам, ишимиз ҳам халқ орасида бўлиши керак. Бунинг учун партия ходимига ҳам, депутатга ҳам вақт берилиши лозим. Яъни кабинетдан чиқишимиз керак. Шундай пайтлар бўладики, биз ёзув-чизув, қоғозбозлик ишларидан бўшамай қоламиз. Юқоридан топшириқ келгани айтилиб, зудлик билан ҳисобот сўралади. Ана шундай вақтларда суҳбатимизни, қилаётган ишимизни ташлаб, идорага қайтишимизга тўғри келади. Бу бизни кўп қийнайди. Аслида бизнинг жойимиз одамлар орасида эмасми?..

Ҳали-ҳамон боқимандалик кайфиятида юрган кишилар бор. Бу масаланинг ечими аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш билан боғлиқ. Иш бошлаш учун кимгадир ҳуқуқий маслаҳат, яна кимгадир молиявий кўмак керак. Кимдир томорқасидан самарали фойдалана олмаяпти. Биз олдиндан белгилаб бериладиган тадбирлар ўрнига мазкур масалалар юзасидан тарғибот ишларини кучайтирсак, яхши бўларди.

— Шу масалада мен ҳам ўз фикримни билдирмоқчи эдим, — деди Марғилон шаҳар партия кенгаши раиси Муҳаммад Мирзаев. — Ҳудудимиздаги 54 маҳалланинг 23 тасида уйма-уй юриб, суҳбатлар ўтказдик. Адашган ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйдик.

Масалан, тадбиркорлик билан шуғулланган ва ҳозирда ишсиз юрган йигитга банкдан имтиёзли кредит ажратилиб, маҳалладан жой бериладиган бўлди. Эндиликда у ўз ишини бошлайди. Натижада уйда ўтирган келинлар ҳамда уюшмаган ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун, маҳаллий ҳокимият билан келишган ҳолда, ҳар иккита маҳаллада битта ёшлар маркази ташкил қилиш масаласида таклиф киритилди. У ерда турли спорт ва касб-ҳунар тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Йиғилишда муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриш, муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини мунтазам равишда ҳамда ўз вақтида билдириб бориш устувор вазифа эканлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш, ушбу фаолиятни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кераклиги уқтирилди.

— Фракция ва маҳаллай Кенгашлардаги депутатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш кўплаб муаммоларнинг ечилишига хизмат қилади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Бунинг учун жойлардаги халқ вакиллари депутатлар ҳамда сиёсий партиялар ишини тартибга солувчи, уларнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кафолатлаш бўйича қонунчиликка қандай қўшимча ва ўзгартириш киритиш кераклиги ҳақида таклифлар айтиши керак. Маҳаллий Кенгашларга амалий ёрдам бериш учун уларни нималар қийнаётганини билишимиз зарур.

Яна бир муҳим масала. Маҳаллий Кенгашлар депутатлик бирлашмалари ва доимий комиссиялар фаолиятини ўрганяпмиз. Минг афсуски, баъзи партия гуруҳларимиз қандай масалаларни ўрганиш кераклиги, доимий комиссия ва сессияларда қабул қилинган қарорлар ижроси устидан назорат ўрнатиш, қанча муддатда ҳал бўлиши ва назоратдан чиқариш масалалари бўйича маълумотга эга эмас. Кўп ҳолларда қарорлар ижрочига етиб боргану унинг жавоблари олинмаганига гувоҳ бўлдик. Аччиқ бўлса ҳам бу гаплар ҳақиқат. Агар бугун мана шу камчиликларни бартараф этишга келишиб олмасак, ишимизда ижобий ўзгаришга эриша олмаймиз.

Партия етакчиси навбатдаги масалага эътибор қаратар экан, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш кераклигига алоҳида урғу берди. Турли тадбирбозлик, доимий бир хил аудиторияни йиғиб олиш ва уларга маъруза ўқиш ишларини тугатиш вақти келганини таъкидлади. Биргина лойиҳа кетидан қувмасдан, аҳоли ичига чуқур кириб бориш зарурлиги қайд этилди.

— Фаолиятимизга назар соладиган бўлсак, чиндан ҳам, аудиториядан ташқарига чиқмаганимиз, аҳоли қатламлари орасига кириб бормаганимизни кўрамиз, — деди Тошкент вилоят партия кенгаши раиси Меҳрожиддин Дархонов. — Ўтказилган катта-кичик расмий тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш билан ўзимизни кўп иш бажаргандек ҳис қилиб юрганмиз.

Мана шу камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқариб, яқинда Зангиота тумани Учкўприк маҳалласида 11 ташкилот ва идора раҳбарлари билан ҳамкорликда мулоқот ўтказдик. Унда 37 та турли мазмундаги муаммо аниқланди. Ҳозир уларнинг ечими юзасидан чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Кўриниб турибдики, одамлар орасига кириб борсак, уларнинг муаммосидан бохабар бўламиз.

Ўйлайманки, мана шу йўналишдаги ишларимизни кучайтиришимиз ва ОАВда ёритиб боришимиз лозим. Бунда ўтказилган тадбирга эмас, унинг натижасига эътибор қаратиш керак. Алоҳида рукн остида танқидий-таҳлилий материалларни бериб бориш, муаммолар бўйича таклиф ва муносабатларни кўпайтиришимиз зарур.

Йиғилишда, шунингдек, кадр­лар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Партия ташкилоти ходимининг салоҳияти партия обрўси ва нуфузини белгиловчи катта омил экани таъкидланди. Шунинг учун партия сафига сиёсий билимга эга, салоҳиятли кадр­ларни жалб қилиш, мунтазам равишда уларнинг билимини ошириб бориш устувор вазифа экани қайд этилди.

Партиянинг чора-тадбирлар дастурига асосан олимлар ва экс­пертлардан иборат ишчи гуруҳи тузилиши режалаштирилган. Улар иштирокида давлат бошқаруви органлари ва сиёсий партия­ларнинг ташкилий тузилмаси, кадрларга қўйилган талаблар, кадрлар тайёрлаш, танлаш, ўқитиш, захирага олиш, юқори лавозимларга ўтказиш ва тавсия этиш фаолияти бўйича халқаро тажриба ўрганилади. Шу билан бирга, олий ўқув юртларини битираётган ёшлар ўртасида суҳбатлар ўтказиш, уларни партия дастурий мақсадлари, илгари сураётган ғоялари билан таништириш, шу орқали партияда ишлашга мойиллиги бор йигит-қизлар рўйхатини шакллантириш белгиланган. Доимий равишда кадрлар малакасини ошириш натижасида иқтидорли, ташаббускор ва билимли ёшлардан иборат захира тайёрлаб бориш масаласи ҳам чора-тадбирлар режасидан ўрин олган.

Айрим ҳудудларда партия кенгашларига муносиб номзод топиш қийин бўлаётгани таъкидланди. Бунинг сабаби партия ўз ғояларини аҳоли орасида тарғиб қилиш борасида ташаббусни қўлга ололмаётганида, деб баҳоланди. Ҳар бир раҳбар захира кадр тайёрлаб бориши, ўз тажрибасини ёшларга ўргатиши керак.

Бувайда туман кенгаши раи­си Хабибахон Тошматова мафкуравий тизимда методик қўлланмалар етишмаслигини айтиб ўтди. Ҳар бир ишни ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганган ҳолда тайёрланган чора-тадбирлар дастури асосида олиб бориш, кўзланган натижани бериши қайд этилди.

— Пленумда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида маҳаллий Кенгашлардаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари фао­лиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чоралар белгиланди, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулруҳ Тошматова. — Масалан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия гуруҳларининг ижрочи котиблари лавозимлари жорий этилмоқда. Улар маҳаллий Кенгашлар ҳамда партия гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган режа ижросини мунтазам мониторинг қилади. Шунингдек, кўрилаётган масалалар юзасидан партия гуруҳларининг ягона позициясини ишлаб чиқади, партия ташкилотлари ва депутатлар ўртасидаги самарали алоқани йўлга қўйишга кўмаклашади.

Бундан ташқари, пленум иштирокчиларига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ҳамда партия Марказий Кенгаши, Ижроия қўмита аъзолари, ишчи аппарати ходимлари,  Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман кенгашлари раислари рўйхати шакллантирилган қўл­ланмалар тарқатилди. Бу партия фаоллари ҳамда депутатлар ўртасида мунтазам алоқалар йўлга қўйилишида муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Куннинг иккинчи ярмида депутатлар ҳамда партия ташкилотлари ишини такомиллаштириш масаласига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда депутатлар ҳамда партия ходимлари олдида турган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди. Уларнинг фаолиятида самарадорликка эришиш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, депутатлик сўрови инс­титутидан тўғри ва унумли фойдаланиш бўйича таклифлар берилди. Депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш юзасидан фикр алмашилди.

Бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Қуйи бўғин ишини жонлантириш учун етакчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аъзолар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Халқ демо­кратик партияси Марказий Кенгаши пленумининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.