05.08.2017

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҒАМХЎРЛИГИ

жисмоний имконияти чекланган кишилар ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қилади

Бугунги замон сиёсий партиялардан электорат билан ишлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ташаббуслар кўрсатиш, Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, амалий ишларни кўпайтиришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланган, муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар билдирилган эди.

Хусусан, Ўзбекистон Халқ ­демо­к­­­­­­ра­­­­тик партияси Сайловолди дастурида пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш ғоялари илгари сурилгани, аммо бу борада амалий ҳаракатлар кўзга ташланмаётгани танқид қилинди. Шу нуқтаи назардан партия ўз ишини қайта кўриб чиқиши, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиши, уларнинг фаолияти устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиши ҳар томонлама тўғри бўлади.

Куни кеча матбуотда эълон қилинган «Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармойиши ҳам партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя этишда муҳим аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, партия электорат вакиллари билан мулоқотни янада кенгайтириш, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларида ҳаётий таклифлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори қабул қилинди. Унда Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича режа белгиланди. Партия Марказий Кенгаши, фракция аъзолари ҳамда жамият вакиллари билан ўтказилган учрашувда қилиниши лозим бўлган вазифлар келишиб олинди.

Хўш, партиямиз бу борада қандай ташаббуслар билан чиқишни мўлжаллаяпти? Партия ташкилотлари ва Ногиронлар жамияти ҳамкорликда қандай ишларни амалга оширмоқчи?

— Партиямиз дастурий мақсадларида имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳим ўрин тутади, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек ­Вафоев. — Шунинг учун ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтириш партия ташкилотлари ва депутатлар олдида турган асосий вазифалардан саналади.

Кези келганда тан олиш керакки, шу пайтга қадар партиямиз тизимида ногиронлар манфаатларини ҳимоя қилишда етарли иш олиб борилмаган. Партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари томонидан Ногиронлар жамияти билан ҳамкорлик қилишда сусткашликка йўл қўйилган. Ваҳоланки, бу ­масалада Сайловолди дастуримизда қатор вазифалар белгиланган. Бунга эътиборсиз қарашда давом этсак, аҳоли, сайловчилар орасида партиямиз обрўсига путур етказган бўламиз. Шунинг учун энди таклифларимизни дадил айтишимиз зарур.

«Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қуввалаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармойишида кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар қониқарли эмаслиги таъкидланди. Бу бевосита бизга ҳам алоқадор масала. Фармойишда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этишда янада фаол бўлишимиз талаб қилинади. Шундан келиб чиқиб, депутатлар билан биргаликда Ногиронлар жамияти аъзолари билан суҳбатлашиб, уларнинг таклифларини ўрганяпмиз. Улар билан ҳамкорликда тизимли иш олиб бормоқчимиз.

Бундан ташқари, ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолатини, уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари амалга оширилишини, шунингдек, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини тан­қидий ўрганиш, лозим топилганда, маҳаллий Кенгашлар ва парламентда эшитувлар ташкил қилиш бўйича чоралар ишлаб чиқилди.

 Мақсадимиз жисмоний имконияти чекланган кишилар ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат.

— Ҳар бир инсон яхши яшашга, орзу-ниятларига етишга ҳақли, албатта, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Шу маънода ногиронларга кенг имкониятлар яратиш, уларнинг турмуш фаолиятидаги қийинчиликларни бартараф этиш, тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш жиддий масала.

Фармойишда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни, ундаги бўшлиқлар, камчиликлар ҳамда коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация ва таҳлил қилиш белгиланган. Бу парламент депутатлари, фракциямиз аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди. Жисмоний икмонияти чекланган кишиларни нималар ўйлантиряпти, улар муносиб турмуш кечириши, ўқиши, ишлаши учун қандай тўсиқларга дуч келаётганини ўрганиб, уларни бартараф этиш масалаларини қонунчиликда акс эттиришимиз лозим.

Тан олиш керак, ногиронлик гуруҳини аниқлашда, протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари билан таъминлашда тиббий маслаҳат комиссиялари ҳамда тиббий меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятида бюрократик тартиб-таомиллар ҳали ҳам мавжуд. Жумладан, 2016 йилда ва жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Президент Виртуал қабулхонаси ҳамда Республика Бош прокуратураси «ишонч телефони»га тушган 5521 мурожаат бу фикрни тасдиқлайди.

Очиқ айтиш керакки, бу мазмундаги мурожаатларнинг сони ортишида биз, депутатларнинг ҳам айбимиз бор. Сайловчилар билан учрашувларга чиққанимизда уйма-уй юриб, ногиронлар билан суҳбатлашишимиз керак эди. Улар андиша қилиб, тортиниб, ўз муаммолари ҳақида кўпчиликнинг олдида гапирмаслиги мумкин. Демак, улар билан юзма-юз мулоқотларни кўпайтириш зарур. Ҳозир шу масалага ҳам жиддий эътибор қаратяпмиз. Натижада жисмоний имконияти чекланган фуқаролар орасида биз билган ва билмаган масалалар юзасидан ҳаётий таклифлар билдирилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлар масалалари билан шуғулланаётган 12 вазирлик, идора бор. Мисол учун, ногиронликни аниқлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги ташкилотга, иш билан таъминлаш масаласи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тегишли ва ҳоказо. Ногиронлар жамияти жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ҳимоя қиладиган, бу борадаги вазифаларни умумлаштирган алоҳида муассаса ташкил этилса, муаммолар бир жойда ҳал қилинади, деган таклифни беряпти.

— Ногиронларни ўйлантираётган муаммоларни иккита тоифага бўлиш мумкин, — дейди Ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Исоқов. — Ногиронлик аравачаси билан таъминлаш, ижтимоий объект­ларга эмин-эркин кириб-чиқиш имконини берувчи пандусларни ўрнатиш, тиббий хизмат кўрсатиш каби масалалар локал муаммолар дейилади. Лекин тизимли муаммолар ҳам бор. Куни кеча эълон қилинган фармойишнинг ўзига хос аҳамияти шундаки, унда муаммоларни тизимли ҳал этиш масаласи қўйилган. Аслида тизим йўлга қўйилмаса, локал муаммоларнинг якунига етиб бўлмайди. Шунинг учун биз ҳар томонлама пухта таклифларни беришга ҳаракат қиляпмиз.

Шу ўринда савол туғилади: тизимни қандай ўзгартириш мумкин? Бунда, аввало, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда иш кўриш мақсадга мувофиқ бўлади. Хусусан, БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясига мурожаат қилиш керак. Чунки ушбу ҳужжатда ногиронларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси билан боғлиқ тизим қандай бўлиши кераклиги кенг баён этилган.

Муаммоларни ечишда ҳам икки хил нуқтаи-назар бор. Биринчиси — ногиронликнинг тиббий модели. Бу орқали имконияти чекланган фуқаролар зарурий воситалар билан таъминланади ва уларни ҳаётга мослаштиришга ҳаракат қилинади. Инсон жамиятга қўшилиши учун имкон берилади.

Лекин ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар бошқа йўналишга, яъни ижтимоий моделга ўтган. Ушбу модел жамиятдаги муҳитни ногиронлар учун мослаштиришни ҳам англатади. БМТ Конвенцияси бевосита шу модел бўйича ишлаб чиқилган. Кўриниб турибдики, тизимни ўзгартириш учун шу асосда иш ташкил қилиниши лозим. Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари билан учрашганимизда шундай таклифлар бердик.

Президентимиз фармойишида ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга оид вазифалар белгиланди. Гап шу ҳақда кетганда, биз ҳам таклиф билдирмоқчи эдик.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун қабул қилиниши тарафдоримиз. Тўғри, «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун бор. Лекин бу ҳужжат ижтимоий масалаларга қаратилган бўлиб, унда ногиронларнинг сиёсий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари кенг қамраб олинмаган. Масалан, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи мазкур қонунда ўрин олмаган. Сайлов участкаларининг ногиронларга мослаштирилиши, сайловолди дастурлари брайль ёзувида бўлиши, телевидение орқали намойиш этиладиган сайловолди тадбирларнинг сурдо таржимон билан берилиши ва яна қатор масалалар қонунан тартибга солинса, тўғри бўлади, деган таклифни илгари сурдик.

Бундан ташқари, суд тизимининг очиқлигини таъминлаш масаласи ҳам бор. Яъни, суд бинолари ногиронлар учун мослаштирилмаган. Пандуслар ёки лифтларнинг мавжуд эмаслиги, суд жараёнида сурдо таржимонларнинг йўқлиги турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Ушбу муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.