05.08.2017

ТИББИЁТ ВА СОЛИҚ СОҲАСИДА

қатор янгиликлар жорий этилади

Дорихонада ишлайман. Шунинг учун тизимдаги ўзгариш ва янгиликлардан хабардор бўлишга ҳаракат қиламан. Президентимизнинг аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилган қарори асосида соҳада яна қандай янгиликлар бўлиши кутиляпти?

Рамина МАҲМУДОВА,

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани.

Саттор РАҲМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Шу йилнинг 17 июлида Президентимизнинг «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Унга кўра, жорий йил 1 ав­густ­дан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш истисно тариқасида «Ўзмедэкспорт» республика таш­қи иқтисодий давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Бунда тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси ­тасдиқлайдиган нархларда ­тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тендер савдолари ўтказилмайди.

Шу йилнинг 1 июлигача тузилган импорт контрактлари бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш ва сотиш уларни тузиш санасида амалда бўлган шартлар ва белгиланган нархларда амалга оширилади. Тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаштириш фақатгина «Ўзстандарт» агентлигида ўрнатилган тартибда ак­кредитация қилинган давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади. 

Яна бир муҳим масала. Дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензиялари 2018 йил 1 январга қадар қайта расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Бунда қайта расмийлаштириш янги лицензияловчи орган — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғ­лиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилади. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор ҳам фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, аҳолини арзон нархларда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш имконини беради.

Эшитишимча, 2018 йилнинг 1 январидан солиқ соҳасида бир қатор янги ўзгаришлар жорий этилар экан. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз...

Отабек БАХТИЁРОВ, Бухоро солиқ коллежи ўқувчиси:

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳақиқатан ҳам келгуси йилдан бошлаб солиқ соҳасида бир қатор янгиликлар бўлиши белгиланди. Президентимизнинг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида 2018 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилиши белгиланди. Шунингдек, йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин. Давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади.  

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади. Республикамизнинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич жорий қилинади.

Давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради. 

Яна бир муҳим масала. 2018 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан, шунингдек, солиқ тўловчиларга солиқ органларининг барча давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. 

Демак, кўриниб турибдики, ушбу қоидаларнинг амалга оширилиши солиқ соҳасида шаффофликни таъминлаш учун кенг йўл очади. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишида муҳим аҳамиятга эгадир.

 

 «Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.


DB query error.
Please try later.