03.08.2017

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ

ҳар томонлама мукаммал бўлиши зарур

Ҳотамжон КЕТМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари:

— Жорий йилнинг 30 июль ҳамда 1 август кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибига 22 масала киритилди. Биз бу галги ялпи йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Экоҳаракат вакиллари ва депутатлар билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар асосида янгича ёндашув билан тайёргарлик кўрдик.

Ҳар бир қонун лойиҳаси ялпи мажлисдан олдин фракциямизда партиямиз дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, муҳокама этилди. Аввало, ушбу қонун лойиҳалари Ҳаракатлар стратегияси ва Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили тўғрисидаги давлат дастурида белгиланган йўналишларни ҳамда вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилганини таъкидлаш жоиз. Яъни, мазкур қонун лойиҳалари мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган.

Ялпи мажлисда кўриб чиқилган қонун лойиҳалари ижтимоий ҳимоя, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалалари билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун фракциямиз қонун лойиҳаларига принципиал нуқтаи назардан ёндашди. Айни пайтда фракциямиз аъзолари томонидан уларни янада такомиллаштириш бўйича қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Фракциямиз аъзолари кун тартибидаги қатор қонун лойиҳаларига партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, аниқ позицияларини илгари сурдилар. Жумладан, «Банк сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги,  «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларида фуқаролар манфаатидан келиб чиқиб, муайян нормаларни олиб ташлаш ёки янги нормалар билан бойитиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Уларнинг асосий мазмун-моҳияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, асоссиз равишда жавобгарликка тортишнинг олдини олиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этишда ортиқча оворагарчиликларга рўпара бўлмасликларини таъминлашдан иборат бўлди.

«Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига фракция аъзолари томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Унда аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар қамраб олинган.

Бу борада фракциямиз ўз позициясига эга. Яъни, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишнинг асосий принципларини белгилашда бундай ахборотдан барча эркин фойдаланиши мумкинлигига эътибор қаратиш лозим.

Шунингдек, ҳуқуқий ахборотнинг ошкоралиги ва очиқлиги, қидириш ва олишнинг эркинлиги каби хусусиятларга бетарафлик ва холислик принципларини ҳам киритиш зарур.

Фракциямиз бундан буён қонун лойиҳаларини ҳудудларда жамоатчилик, электорат вакиллари ҳамда тегишли соҳалар мутахассислари иштирокида муҳокамалардан ўтказишга жиддий эътибор беради.

Хусусан, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Фарғона вилоятида партия вилоят кенгаши ва депутатлар иштирокида муҳокамадан ўтказдик. Муҳокамалар пайтида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг кафолатларини мус­таҳкамлаш билан бирга, мурожаат этиш маданиятини юксалтириш омилларига ҳам эътибор қаратилди. Яъни, ҳар бир мурожаатда кўтарилаётган масала аниқ-равшан ифода этилиши муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Ўтказилаётган муҳокамалар ва уларда олинган фикрлар қонун лойиҳалари бўйича фракция муносабатининг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу жараёнда партия фаоллари, депутатлари ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этганини қайд этиш жоиз.

Шу ўринда парламентда қонун лойиҳалари муҳокамаларини самарали ташкил этиш қатор омилларга боғлиқ эканини унутмаслик лозим. Айрим ҳолларда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари ўз ўрнига бошқа ходимларни юбориши кузатилади.

Бунинг натижасида қонун лойиҳалари муҳокамаси чоғида депутатларнинг қатор саволларига тўлиқ жавоб олиш имкони бўлмайди. Бу эса қонун лойиҳаларини маромига етказишга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди, албатта.

Шунинг учун парламентдаги муҳокама жараёнларида мутасадди вазирлик ва идораларнинг етарли малакага эга бўлган масъул мутахассислари иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Умуман, фракциямиз парламент қуйи палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича аниқ ва қатъий позициясини шакллантириб боради. Бу борада асосий мақсад қонунлар пишиқ-пухта бўлиши ҳамда жамиятдаги барча қатламларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланишига эришишдан иборатдир.


DB query error.
Please try later.