03.08.2017

ДЕПУТАТ СЎРОВИ — ХАЛҚ СЎРОВИ

Айрим мутасаддилар нега буни тушунишни истамаяпти?

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг давлат бошқаруви органлари устидан назоратини, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ таклиф, муқобил дастурларни илгари суриш борасидаги фаолиятини кучайтириш бугун олдимизда турган энг асосий вазифалардан биридир. Шу маънода, ҳар бир депутат ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиб бориш, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатиши талаб этилмоқда.

Бугун Жиззах вилоятида партиямиздан сайланган 119 нафар маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолият кўрсатмоқда. Ўрни келганда айтиш керакки, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида муайян ишларни амалга ошираётган депутатлар ҳам, депутатлик сўровларига ўз вақтида муносабат билдираётган раҳбарлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

— Депутат сўрови жамоатчилик назоратининг бир кўриниши, партия электорати вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоялашнинг синалган воситаси, — дейди Жиззах вилоят партия кенгаши депутатлик бирлашмалари ишини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлими мудири Дилшод Норматов. —  Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ваколатлари доирасида жорий йил бошидан бери муаммоли масалалар ечимлари юзасидан мутасадди корхона, ташкилот, муассаса раҳбарларига жами 187 сўров киритишди. Тўғри, уларнинг кўпчилигига белгиланган муддатларда жавоб олинди. Аммо 19 депутат сўровига умуман жавоб бўлмади.

Масалан, Янгиобод туман Кенгаши депутати Ҳаётжон Сулаймоновнинг туман электр тармоқлари корхонасига, Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Ҳалима Неъматованинг вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош­қармасига, Пахтакор туман Кенгаши депутати Озодой Қўшбоқованинг «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлимига, Арнасой туман Кенгаши депутати Усмон Қўқоновнинг туман солиқ инспекциясига, Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати Акром Раҳимовнинг туман ободонлаштириш бошқармасига киритган сўровларига орадан 4-5 ой ўтаётганига қарамасдан, ҳалигача жавоб йўқ.

Ҳар бир сўров ортида инсон манфаати туради. Бу масалага беписанд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Яқинда Президентимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партия­лар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида «Депутатга беписандлик — халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради», деб алоҳида таъкидлаб ўтганидан хабаримиз бор. Ўйлаймизки, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари томонидан киритилган сўровларга муддатида жавоб қайтармаган ёки жавоб беришни лозим кўрмаётган мутасаддилар бу гаплардан ўзларига тегишли хулосалар чиқариб олишади.

— Катта-кичик раҳбарларимиз депутатнинг ҳар қайси таклифи, ташаббусига эътиборли бўлиши лозим, — дейди Мирзачўл туман Кенгаши депутати Ҳаким Намозов. — Одамларнинг, сайловчиларнинг ўй-ташвишларини енгиллаштириш ҳаракатида фаолият юритаётган депутатларга ҳар жиҳатдан ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлашни ўзлари учун бурч, вазифа, деб қарасалар мақсадга мувофиқ бўларди. Бу билан улар мамлакатимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг босқичма-босқич, сифатли амалга оширилишига ҳисса қўшишади, жойларда ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси ва ижрочисига айланишади. Бундан эса уларнинг ўзлари ҳам, сиёсий партиялар ҳам, халқимиз ҳам бирдек манфаатдор бўлади.

Ҳаким Намозов биз билан суҳбатда яна бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтди:

— Очиғини айтиш керак, сўровларни жўнатишда айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланиб турибди. Хусусан, депутатларимиз сўровлар юборишда баъзан бир сайловчининг мурожаати билан чекланиб қолмоқда. Аслида депутатлик сўрови ҳудуддаги кўпчиликни ўйлантираётган масала, қонунлар, қарор ва фармонлар ёхуд давлат дастурларининг ижроси юзасидан умумлаштирилган хулосаларга асосланиши мақсадга мувофиқдир. Ана шунда битта сўров орқали кўпчиликни ўйлантираётган муаммони бартараф этиш имкони ортади, қонуний меъёрлар таъминланади.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.