01.08.2017

БУГУНГИ ИСЛОҲОТЛАР

иш услубимизни тубдан ўзгартиришни тақозо этмоқда

Гулмирза НОРБОЕВ,

халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Бугун давр ўзгарди, замон ўзгарди. Барча соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳар биримиздан ўз зиммамиздаги масъулиятни теран англашни, ўз ишимизни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Президентимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирокида ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида барча тоифадаги депутатлар, партияларнинг жамият тараққиётида тутган ўрнига холис баҳо берди ҳамда қатор таклиф, ташаббусларни илгари сурди.

Ҳақиқатан ҳам, сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ўрни сезилмаяпти. Бу депутатларнинг бугунги ҳаёт талабларини теран англаб етмаётганидан далолат беради.

Депутатлар ўз ваколатларидан самарали фойдаланишмайди, доимий комиссиялар ишида етарлича фаоллик кўрсатишмайди. Комиссиялар ишини режалаштиришда юзаки ёндашувга йўл қўйилмоқда. Бу камчиликларнинг замирида биз, депутатларда ташаббускорлик ва қатъият етишмаслиги ётади, деб ўйлайман.

Шу ўринда депутатлик сўрови масаласига урғу бериш ўринли бўлади. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сўрови масаласида муаммолар мавжуд. Айтайлик, туман Кенгаши депутати сайловчилардан тушган таклиф ва эътирозлар асосида туман миқёсидаги раҳбарга асосланган далиллар билан сўровнома киритади. Унга аксарият ҳолларда умумий мазмундаги жавоб қайтарилади. Одамлар эса ечилмаган муаммолар гирдобида қолаверади. Бу бир томондан муаммога юзаки ёндашувни келтириб чиқарса, иккинчи томондан депутатнинг обрўсига путур етказади. Сўров сўровлигича, ваколат ваколатлигича қолаверади.

Яна бир мулоҳаза. ­Сиёсий партияларнинг қуйи бўғинларида, айниқса, бошланғич ташкилотларда фаоллик деярли сезилмаяпти. Назаримда, улар фақат юқори ташкилотларга номига ойлик ҳисобот топшириш билан шуғулланмоқда. Барча ташкилотлар ҳам шу тарзда фаолият юритмоқда, деган фикрдан йироқман. Фаол ташкилотлар ҳам бор. Аммо аксарият ташкилотлар номигагина мавжуд, холос. Шунинг учун қуйи бўғин фаолиятини изчил тизимга солиш вақти келди. Бунинг учун уларнинг сонини кўпайтиришга эмас, сифатини оширишга кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур. Тан олайлик, партияга аъзоларнинг баъзилари унинг дастур ва мақсадлари у ёқда турсин, нега аъзо бўлганини ҳам чуқур англамайди. Аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишга масъул ташкилотнинг бу масалага эътиборсиз қарашга асло ҳаққи йўқ.

Вақти-вақти билан ҳудуддаги мактаб ва касб-ҳунар коллежларига бориб тураман. Ёшларнинг муаммолари ва ташвишлари билан қизиқаман. Айримлари «Депутат ким ўзи?», «У қандай вазифани бажаради?» деган саволлар билан мурожаат қилишади. Хурсанд бўламан. Бундай ёшлар кўп орамизда. Афсуски, бефарқлар ҳам талайгина. Бундай шароитда партиямизнинг аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқоти, тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтиришимиз керак.

Шу нуқтаи назардан мафкура қанчалик янгиланувчан, замон талабларига мос бўлса, у шунчалик яшовчан, партия эса курашчан бўлади. Афсуски, партиямизнинг қуйи ташкилотларида мафкуравий тар­ғиботнинг етишмаслиги аъзоларимизнинг фаоллигини оширишга тўсиқ бўлмоқда. Шунинг учун қуйи бўғинларда мазкур масалада туб бурилиш ясаш вақти келди. Бу ишни аввало одамларни партиямиз ғояларига ишонтиришдан бошлашимиз керак.

Олим РАВШАНОВ,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Давлатимиз раҳбарининг парламент, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган учрашуви сиёсий партиялар фаолиятида том маънода янги даврни бошлаб бермоқда. Очиқ ва конс­труктив мулоқотда парламентдаги партия фракциялари ва сиёсий партиялар фаолияти танқидий таҳлил этилиб, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилди. Энг асосийси, бу борада ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш бўйича қандай қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлиги ҳақида аниқ таклифлар илгари сурилди.

Сиёсий партиялар етакчилари, депутатлар кечаги дунёқараш билан яшаб бўлмаслигини, фидойилик билан ишлаш ҳаёт тақозоси эканини тушуниб етмоқда.

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг аҳамияти беқиёс. Партиялар фаолиятининг кучайиши, ўз навбатида, халқимиз, сайловчиларнинг сиё­сий онги ҳамда фаоллиги юксалишида муҳим ўрин тутади.

Ҳаётдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифларни давлат ҳокимияти ижроия органлари эътиборига ҳавола этишимиз, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дас­турлар лойиҳаси юзасидан партия гуруҳларининг фикр ҳамда таклифларини эса мунтазам тарзда доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига киритиб боришимиз керак. Танқидий таҳлил, интизом ва жавобгарлик масъулияти ҳар бир партия ходимининг ҳамда депутатнинг кундалик қоидасига айланиши лозим.

Маълумки, партиямиз ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга ­эҳтиёжманд аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишни асосий устувор вазифа қилиб белгилаган. Шундан келиб чиқиб, пенсионерлар, ногиронлар, кўп болали оилалардаги аёллар ва ёшлар, эҳтиёжманд оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоятда ҳамкор ташкилотлар билан доимий иш ташкил этишимиз зарур. Хусусан, «Нуроний» жамғармаси ва Ногиронлар жамияти вилоят бўлимлари ҳамда бош­қа ташкилотлар билан ҳамкорликни бугунги талаблар доирасида қайта кўриб чиқамиз.

Вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари, архитектура ва қурилиш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда вилоят ҳокимининг ушбу соҳаларга масъул ўринбосарлари фаолияти устидан таъсирчан назоратни йўлга қўйиб, долзарб масалаларни партия гуруҳлари, доимий комиссияларда кўриб, сессияларга таклиф киритиб борамиз. Шу билан бирга, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир йиллик дастурлар, келгуси йилга мўлжалланган маҳаллий бюджет лойиҳаси ва ҳудуд учун муҳим бўлган бошқа дастурларни қабул қилишда принципиал позициямизни намоён этамиз.

Президентимиз маърузасида таклиф этилган қўшимча имтиёзлар, ҳуқуқ ва ваколатлар партия ходимлари, депутатлар масъулияти ҳамда фаоллигини оширишга катта туртки бўлади. Ўз ўрнида ислоҳотлар самарасини янада оширишга хизмат қилади.

Ҳар бир партия етакчиси ва депутат ўз вазифасига бўлган муносабатини бугунги кун талабига мос равишда тубдан ўзгартириши, одамлар ишончига сазовор бўлиш учун бор билим ва тажрибасини ишга солиши шарт.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.


DB query error.
Please try later.