27.07.2017

ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ҚОЗОНИШ

амалий ишларимизга боғлиқ

12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда том маънодаги демократияни ривожлантириш, парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар фаолиятининг таъсир кучини ошириш бўйича муҳим ҳаётий таклифлар билдирилди.

Бу таклифларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нимадан иборат? Бу борада парламент аъзолари ҳамда депутатларнинг фикри қандай? Улар ўз фаолиятида бурилиш ясаш учун нималарни режалаштирмоқда?

Баҳромжон ОБИДЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловдан кейин кўзга кўринарли қандай ишларни амалга оширдик, деб ўзимизга савол бериб кўрсак, тўғриси, жавоб топишга қийналамиз.

Узоққа бормасдан, баландпарвоз гапларни гапирмасдан, партия­мизнинг Сайловолди дастурига эътибор қаратайлик. Унда илгари сурилган ғоя ва мақсадларимиз қоғозда қолиб кетаверадими?

Шу кунга қадар амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилсак, сайловчилар олдида берган ваъдаларимизни бажара олмаганимиз аён бўлади. Чунки назорат тадбирлари расмиятчилик учун ўтказилганини тан олишимиз керак. Ҳатто айрим ҳолларда парламент эшитувида савол ва жавоблар олдиндан белгилаб олинганини бугун афсус билан таъкидлашимиз лозим. Вазирлик ва қўмиталарга муаммоларни шунчаки кўрсатиб ўтиш билан чекланганмиз. Натижада номига муҳокама қилинган масалаларнинг кўп қисми эътиборсиз қолдирилган. Биз ҳисобот учун қарор қабул қилишдан воз кечиб, аниқланган муаммо бўйича албатта ечим топишимиз керак. 

Бунинг учун партиямиз дастурий мақсадлари, йўналишларидан келиб чиқиб, вазирлик ҳамда идоралар билан доимий, тизимли ишлашни ташкил қилишимиз, муаммолар ечими бўйича биргаликда иш олиб боришимиз лозим. Йиғилишда ҳар бир сиёсий партия дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, назорат қилиши зарур бўлган вазирлик ва қўмиталар аниқ кўрсатиб ўтилди. Хусусан, партиямиз Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, Сайловолди дастуримизда Ўзбекистон Халқ демо­кратик партияси янги иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган мақсадли чораларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, деб ёзиб қўйилган. Партия­миз фикрича, аҳоли банд­лиги соҳасидаги сиёсатни такомиллаштиришнинг устувор йўналиши меҳнатга лаёқатли аҳолини корхоналарда муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан самарали таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим. Буларнинг сирасига, биринчи нав­батда, юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги корхона ва ташкилотлар киради. Ушбу соҳаларга мамлакатимизда мавжуд бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили ҳисобланади. Бир қарашда қоғозда ҳаммаси чиройли ва ўрнида. Лекин бу ишларни қандай қилиб амалга оширса бўлади, деган саволга партиямизда жавоб йўқ.

Партиямиз ғояларига муштарак ҳолда мазкур вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари билан доимий ҳамкорлик ўрнатишимиз, уларга ҳаётий таклифлар беришимиз лозим.

Бунинг учун ишимизни ҳар томонлама пухта ташкил қилишимиз, расмиятчилик кайфиятига барҳам беришимиз зарур.

Қаҳрамон МИРЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Йиғилишда ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан назорат қилишда давлат раҳбарининг энг яқин кўмакчиси сифатида депутат ва сенаторлар эътироф этилди. Бу юксак ишончни оқлаш эса ҳар биримиздан виждонан ишлашни, фаолият­имизни танқидий-таҳлилий жиҳатдан қайта кўриб чиқишимизни талаб этади. Шу нуқтаи назардан бугун биз йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳақида жиддий бош қотиряпмиз.

Партия ташкилотлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар ҳамда жойларда аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларда коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ечимини кутаётган муаммолар оз эмаслиги кўринмоқда. Бу бевосита партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларига боғлиқ масаладир.

Юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуришга қаратилган кенг кўламли дастурлар одамларнинг турмуш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу ишларни изчил давом эттириш билан бир қаторда, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлган муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий топтириш зарур.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ механизмларини яратиш керак, деб ҳисоблайди. Ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан, турар-жой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш, шунингдек, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш  билан боғлиқ масалалар ҳам партиямиз дас­туридан ўрин олган. Бу масалалар қанчалик муҳим бўлмасин, ташаббус кўрсатмасак, улар қоғозда қолиб кетаверади.

Кўриниб турибдики, бу йўналишда ҳам олдимизда қатор вазифалар турибди. Шу ўринда савол туғилади: соҳадаги мавжуд муаммоларни депутатлар билмасмиди? Албатта, хабаримиз бор эди. Муаммолар доимий комиссиялар, сессияларда муҳокама қилинган. Тегишли ташкилот ва идора раҳбарларига депутатлик сўрови юборилган. Лекин кўпчилик сессияда қарор қабул қилдик, депутатлик сўрови юбордик, қолгани мутасадди ташкилотнинг ўзига ҳавола, деган хулоса билан кифояланиб қолмоқда.

Шунинг учун партиямиз фракция­си вазирлик фаолияти устидан, маҳаллай Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари эса вазирликнинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиши лозим. Бундай иш тизими партиямизга ҳам, вазирликка ҳам ёрдам беради.

Дастуримизда белгиланган вазифалар билан ўзимиз шуғулланмасак, бу ишни ким қилади?..

Муаммолар бор, уларни ҳал қилиш ҳукуматнинг вазифаси, деб ўйласак, катта хатога йўл қўямиз, одамлардан, ҳаётдан узоқлашамиз, ишончни йўқотамиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.


DB query error.
Please try later.