Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
21.12.2017

ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгармоқда

Миллий қонунчилигимизга кўра, вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Президент ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида, туман, шаҳар ҳокими эса юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир. Мана шу меъёрнинг ўзи ҳам маҳаллий вакиллик органларининг нуфузи ва ваколати жуда кенг эканини кўрсатиб турибди. Бу борада қонунда белгиланган қоидани амалда рўёбга чиқариш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиё­сий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарганини алоҳида таъкидлади. Олдинда турган вазифаларга эътибор қаратилди.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар қарорларининг ижросини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бош­қаришга жалб этишни таъминлайди. Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг самарали фаолияти депутатларнинг назорат ваколатларига боғлиқ бўлиб, ана шу ваколатлар орасида депутат сўрови ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш алоҳида ўрин тутади.

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунда маҳаллий Кенгаш депутатининг сўров билан мурожаат этиш ҳуқуқи, шунингдек, сўровга давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб бериши шартлиги қайд этилган.

Шу йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партия­лар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий Кенгаш депутатлари ишига бир ёқлама ёндашилгани, амалда депутатларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларидан самарали фойдалана олмагани танқид қилинди. Жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш ва шу орқали аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш борасида долзарб вазифалар белгилаб берилди. Танқидий фикрлар сиёсий партияларни бу борадаги фаолиятни яна бир бор таҳлил қилиб, ишни бугунги замон талаби даражасида ташкил қилишга ундади.

Халқ ишончини оқлаш, эл дарду ташвиши билан ҳамнафас яшаш депутатдан катта масъулият талаб этади. Шу боис Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан партия фракцияси ва жойлардаги партия гуруҳлари фаолиятини яхшилаш борасида тезкор чоралар кўрилиб, долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Шундан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари ўз фаолияти самарадорлигини кучайтиришга, электорат манфаатлари ҳимояси йўлида ташаббускорликни янада оширишга эътибор қаратмоқда. Натижада ижтимоий-иқтисодий жараённи чуқур таҳлил этиш, муаммолар ечими бўйича таклифлар бериш кўникмаси шаклланмоқда, айтиш мумкинки, бу борада партия тизимида ўзига хос механизм юзага келмоқда.

Депутатлар ва партия гуруҳлари аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз ваколатлари доирасида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориб, уларнинг кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари томонидан аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган 5 мингдан ортиқ депутатлик сўрови тегишли ташкилотларга юборилган.

Маълумки, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасида ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари раҳбарлари, тегишли прокурорларнинг, Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳамда тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш белгиланган. Ушбу меъёрга мувофиқ, Ўзбекистон ХДП гуруҳлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан 164 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, маҳаллий Кенгашнинг асосий иш шакли сессиядир. Ўтказиладиган сессияларда маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг у ёки бу масала юзасидан ҳисоботларини, ахборотларини муҳокама қилиб боришга алоҳида эътибор қаратиляпти. ЎзХДП депутатлари ташаббуси билан партия гуруҳларида 853, доимий комиссияларда 593, сессияларда 260 масала кўриб чиқилди.

Албатта, мазкур йўналишдаги фаолият видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар асосида янада жонланди ва амалда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бу борадаги ислоҳотларнинг аҳамиятини аввало, депутатлар ва маҳаллий ижро ҳокимияти мутасаддилари тушуниб етиши, шунга яраша фаоллик, фидойилик кўрсатиши муҳимдир. Аҳолини ўйлантираётган масала кўтарилса, депутатлар, мутасадди раҳбарлар билан бирга рўй-рост муҳокама этилса, сессияларда ҳар томонлама пухта қарор қабул қилинса, ҳудудлар ривожланади, бундан ҳамма манфаат кўради. Одамларнинг ўзгариш ва янгиланишга, демократик ислоҳотларга хайрихоҳлиги ошади.

Яна шуни таъкидлашимиз керакки, жорий йилда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, маҳаллий вакиллик органларининг ҳокимларнинг ҳисоботларини эшитиш тамойили мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, қонунга янги 252-модда қўшилиб, унга мувофиқ, маҳаллий Кенгаш томонидан Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш масаласи белгиланди. Эндиликда Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ҳар чоракда тегишинча маҳаллий Кенгашларга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Маҳаллий Кенгашда уларнинг ҳисоботлари танқидий жиҳатдан муҳокама қилиниб, фаолият самарадорлигига баҳо берилади.

Президентимизнинг Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига мувофиқ, зарур ҳолларда ­маҳаллий бюджетлар пара­метр­ларига тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ўзгартириш киритиш бўйича тегишли маҳаллий Кенгашга таклиф киритиш ҳамда маҳаллий бюджетлар ижроси тўғрисидаги молиявий ҳисоботларни Кенгаш ва юқори молия органига тақдим этилишини таъминлаш масалалари белгиланди. Бу тартиб ҳудудларнинг бюджет параметрларини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилишда депутатларнинг ролини оширишга хизмат қилади.

Президентимизнинг «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Кенгашларнинг ижтимоий масъулияти янада оширилди. Хусусан, мазкур қарорга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари мажлисларида ҳар чоракда секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъул мансабдор шахслар, депутатлар ва сенаторлар иштирокида эшитилиши белгиланди.

Секторлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини танқидий баҳолаш, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, ёшларни ташвишга солаётган долзарб муаммоларни, шунингдек, ҳудуднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган тизимли камчиликларни аниқлаш каби аниқ мақсадга йўналтирилган вазифалар назарда тутилган. Бундай ҳисоботларни эшитиш ҳудудларни ривожлантириш жараёнига таъсир кўрсатишнинг, секторлар раҳбарлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахслари масъулиятини оширишнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, Президентимизнинг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони маҳаллий Кенгашларнинг ваколатини янада кенгайтирди.

Унга мувофиқ, ҳар чоракда ҳоким ўринбосарларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, бюджетнинг даромадлар базасини ошириш ва янги иш ўринлари барпо этиш, инвес­тициялар жалб қилиш ва инвестиция ло­йиҳаларини амалга ошириш бўйича молия бошқармалари (бў­лимлари) раҳбарларининг ҳудудий бюджетлар ижроси тўғрисида, давлат солиқ бош­қармаси (инспекцияси) раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадлари бажарилиши ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш каби вазифалар Жўқорғи Кенгесда ва халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида амалга оширилиши белгилаб берилди.

Мухтасар қилиб айтганда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ваколатлари кенгайтирилиши мамлакатимизда демократияни изчил ривожлантириш нуқтаи назаридан чуқур маъно-мазмунга эгадир. Сессияларда маҳаллий ижро ҳокимияти мутасаддиларининг ҳисоботлари ва ахборотлари муҳокама этиб борилиши, шу асосда муҳим қарорлар қабул қилиниши маҳаллий вакиллик органларининг жамият ҳаётига таъсирини оширишга, ҳудудларда мустақил бош­қарув салоҳиятини кўтаришга, раҳбарларнинг халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: