18.07.2017

ЮКСАК ИШОНЧ МАСЪУЛИЯТИ

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан 2017 йил 12 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бу борада сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини ошириш, вакиллик ҳокимиятининг мавқеи ҳамда таъсир кучини юксалтиришда долзарб ҳаётий аҳамиятга эгадир. Маърузада камчилик ва сусткашликлар сабаблари таҳлил этилади, уларни бартараф этиш йўллари кўрсатилади. Шунингдек, парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар олдида турган вазифалар, уларнинг ваколатларини кенгайтириш билан боғлиқ муҳим таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари, партия ташкилотлари етакчилари, барча даражадаги депутатлар ушбу маърузани чуқур ўрганмоқда, танқидий-таҳлилий фикрлардан керакли хулосалар чиқариб олмоқда.

 

Раимберган САБУРОВ, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиё­сий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан ўтказган учрашуви аввало тарихийлиги билан долзарб аҳамият касб этади. Мамлакатимизда давлат раҳбарининг парламент аъзолари, сиё­сий партиялар вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бундай фарматда очиқ, конструктив суҳбати ҳали бўл­маган.

Давлатимиз раҳбари учрашув давомида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қониқарсиз фаолиятига бир неча маротаба эътибор қаратди. Жумладан, жойларда аҳолини қийнаётган муҳим ижтимоий масалаларни ечишда сусткашликка йўл қўйилаётгани, бунинг натижасида жойида ечилиши мумкин бўлган айрим муаммоларнинг республика миқёсига чиқарилиши, парламентда қабул қилинаётган қонунларнинг ­халқимизга етиб бормаслиги, депутатларнинг сайловчилар билан мулоқотлари самарали эмаслигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

«...депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш — бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат — фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс», дейилди йиғилишда.

Тўғрисини айтсам, ўзим­ни сайловчилар ташвиши билан яшаб келаяпман, уларнинг муаммоларига ечим топишда кўмаклашяпман, деб ҳисоблардим. Бўлиб ўтган учрашувдан кейин депутатлик фаолиятимни танқидий таҳлил қилдим. Сайловолди дастуримнинг асосий қисмида белгиланган вазифалар ҳали ўз ечимини топмаганига амин бўлдим.

Мен депутат бўлиб сайланган Урганч туманининг Қоромон, Бекобод, Чоткўпир қишлоқлари ҳудудида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, автомобиль йўлларини таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда уларга тарбия­ланувчиларни жалб этиш, умумий ўрта таълим мактабларида таълим-тарбия жараёнини замон талаблари асосида йўлга қўйиш, ёш­ларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш муаммолари тўлалигича ҳал этилмаган. Ушбу масалалар бўйича тегишли ташкилот, муассасаларга, туман ҳо­кимлигига белгиланган тартибда депутатлик сў­ровлари, расмий ёзишмалар билан мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаатларда кўтарилган масалалар тўлиқ ечим топгани йўқ. Бунинг сабаби депутат сифатида менда талабчанлик, қатъиятлик етишмаганлиги, деб ҳисоблайман.

Сайлов округи ҳудудида ўз ечимини кутаётган масалалар бўйича ишларни давом эттириш, сайловчилар билан алоқаларни янада мус­таҳкамлаш, улар билан тез-тез учрашиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбатлар ташкил этиш бўйича қатор вазифаларни белгилаб олдим. Айниқса, қа­бул қили­наётган меъёрий-ҳуқуқий ҳуж­жат­ларнинг мазмун-­мо­­­ҳиятини халқимизга тушунтириш, уларнинг ижроси устидан депутатлик назоратини янада кучайтиришимиз керак. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳудуддаги муаммоларни шу ердан сайланган депутатдан бош­қа чуқурроқ, яхшироқ биладиган одам бўлмайди. Агар депутатлар ҳар қайси ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурда белгиланган вазифалар ижросини назоратга олмаса, амалий натижага эришиб бўлмайди.

Мамлакатимиз Президенти бугунги кунда кўпчиликни қийнаб келаётган жиддий масалага ҳам ечим топиб бердилар. Маълумки, мамлакатимизда амалдаги қонунларга асосан депутатликка номзодларни сиёсий партиялар кўрсатади. Қо­нунчи­лиги­миз­да сайловдан кейин номзодни кўрсатган сиёсий партия билан депутатнинг ўзаро муносабатларини тартибга соладиган қоида мавжуд эмас эди. Давлатимиз раҳбари фаол ишламаётган ва ўз вазифасини талаб даражасида бажармаётган, партия билан алоқани узиб қўйган маҳаллий Кенгаш депутатларини тегишли сиё­сий партия таклифи асосида депутатликдан чақириб олиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритиш таклифини бердилар.

Шу билан бирга, депутатларнинг янада фаол, ­та­шаб­бускор, талабчан, ­қатъиятли бўлишлари учун уларни рағбатлантириш тизимини шакллантириш юзасидан берилган таклифлар барча депутатларимизни руҳлантириб юбор­ди.

Ўйлайманки, бўлиб ўтган очиқ мулоқотдан ҳар бир депутат, ҳар бир партия фаоли ўзига тегишли хулосаларни чиқариб олди. Эндиликда мудроқлик билан иш тутиб бўлмайди. Ташаббус кўрсатиш, фаоллашиш вақти келди.

Халқ дардини тингламасак, уларнинг оғири­ни енгил қилмасак, нафақат сайловчилар олдидаги бурчимизга, балки виждонимизга ҳам хиёнат қилган бўламиз.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

 Президентимиз парламент аъзолари ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва уларнинг фракциялари фаолиятини тан­қидий таҳлил қилиб, мавжуд камчиликларни очиқ-ошкора кўрсатиб берди.

Жумладан, сиёсий партияларда ташаббус етишмаётгани, уларнинг халқ олдида берган ваъдалари аксарият ҳолларда эсдан чиқиб қолаётгани, ўз сайловолди дастурларида илгари сурилган  ваъдаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича улар томонидан жўяли ташаббус амалга оширилмагани ёки мавжуд муаммолар ечимига қаратилган бирор бир қонун лойиҳаси таклиф этилмагани айтиб ўтилди.

Бугунги кунда парламент аъзолари томонидан қонунлар ижроси назоратини таъминлашда фаоллик етишмаслиги ҳам ҳақиқат. Юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган ­ислоҳотларга муносабат ва фикр билдиришда сусткашликка йўл қўйилаётгани, айрим депутат ва партия фаоллари ҳануз мудраётгани, жойлардаги муаммоларни ­ўрганиб, ечими бўйича таклиф ишлаб чиқиш масалаларида бепарволикка йўл қўйилаётганини ҳам тан олишимиз керак. Бугун «мен сенга тегмайман, сен менга тегма» қабилида иш тутишга парламент аъзолари, халқ вакилларининг умуман ҳақи йўқ. Қонун лойиҳалари бўйича асосли таклиф киритилмасдан, баҳс-мунозарага киришмасдан, доимий қўллаб-қувватлаш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Чунки замоннинг ўзи ҳар биримиздан янада шиддат билан ишлашни, янги ташаббуслар билан чиқишни кутмоқда.

Қонун лойиҳаларини ёки ҳисоботларни ёқлаб, қўл кўтарганимиз билан жойлардаги муаммоларга ечим топиб, сайловчи ишончини оқлаб бўлмайди. Шунинг учун бир ёқлама иш тутишдан воз кечиш, бирдамликда ишлаш вақти келди, деб ҳисоблайман. Маҳаллий Кенгаш депутатларини методик қўлланма билан таъминлаш, доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг фикрлари ва маслаҳатлари асосида қонун лойиҳаларига ҳаётий таклифлар тайёрлашимиз керак. Чунки маҳаллий Кенгашлар депутатлари биздан кўра халққа яқин, одамларнинг орзу-истакларидан яхши хабардор бўлади.

Давлатимиз раҳбари депутатлар нуфузини кўтариш, сиёсий партиялар имкониятларини янада кенгайтириш бўйича ҳам аниқ таклифлар берди. Депутатлар фаоллигини ошириш, сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш устувор вазифа саналади. Бунинг учун сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотларидаги аҳволни яхшилаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот технологиялари ҳамда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларини ҳал этиш лозим.

Президентимиз маърузасини тинг­лаб, депутат бўлиб нима қилдим, деган савол устида бош қотирдим. ­Фао­лиятимни танқидий баҳолар эканман, ўз олдимга қатор вазифалар қўйдим. Аввало, кўпроқ ва самаралироқ ишлашим лозимлиги, қонунлар қабул қилишда фаоллик кўрсатиш кераклигини ҳис қилдим. Бунинг учун эса кўпроқ аҳоли вакиллари билан учрашиб, улар билан яқиндан мулоқот қилишимиз лозим, деган хулосага келдим. Ана шунда биз халқимиз дарди ва муаммоларини тинглаш, амалий кўмак бериш имконига эга бўламиз. Асосий хулосамиз шуки, эндиликда рақамлару ҳисоботлар учун эмас, натижа учун ишлашимиз керак.



DB query error.
Please try later.