18.07.2017

МАЪРИФАТ БИЛИМ ВА МУЛОҚОТДАН БОШЛАНАДИ

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши Президентимизнинг «Ижти­моий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асрашдавр талаби» мавзусидаги нутқи мазмун-моҳия­тини кенг оммага тушунтириш ҳамда партия ташкилотлари томонидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан дас­тур ишлаб чиқди. Унга асосан шаҳар ва қишлоқларда, билим юрт­лари ва меҳнат жа­моаларида партия электорати ҳамда уюшмаган ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Бундай учрашув ва давра суҳбатларида партия гуруҳи аъзолари, дин уламолари, ҳаётий тажрибага эга кишилар, ёзувчилар, олимлар иштирок этишмоқда. Савол-жавоб ва ­баҳс-мунозара билан ўтаётган мулоқотлар чоғида, айниқса, ёшлар тарбияси, маънавий таҳдид, ота-она бурчи каби мавзуларда қизиқарли суҳбатлар бўляпти, амалий таклифлар айтилмоқда. Партия кенгашлари раислари, депутатларнинг электорат  ва Фарғона шаҳар ёшлари билан ўтган ­«Жаҳолатга қарши маърифат» мазусидаги учрашуви ҳам ғоят қизиқарли бўлди.

  Бола тарбиясини уларнинг ота-оналари билан мулоқот қилишдан бошлаш керак, —  деди ЎзХДП Марғилон шаҳар кенгаши раиси ­Муҳаммаджон Мирзаев. — Улар орасида ­тарбияга муҳтожлар кам эмаслигини уйма-уй юриб суҳбатлашган чоғда аниқлаяпмиз. Ёшлар тарбиясига масъул ўқитувчилар-чи? Уларнинг педагоглик фаолиятини қўя туринг, ўз ҳаёт тарзи билан ҳам шогирдларига ўрнак бўла оляптиларми?.. Афсуски, бу борада ҳам муаммоларимиз бор экан. Партия фаоллари, депутатлар, фахрийлардан тузилган гуруҳимиз 500 дан зиёд хонадонни ўргандик. Бирида ёрдамга муҳтож бемор, бирида ишсиз ёшларни учратдик. Маърифат амалларини ана шу хонадонлардан бошлаш лозимлигини ­англаб етдик. 12 нафар ишсиз электорат вакилини корхоналарга ишга жойлаштирдик. Беморларни шифохоналарга ётқизиб, дори-дармонидан хабар олиб турибмиз. Адашган ёшларга ҳаётий муаммоларини ечишда кўмаклашиб, қалбига йўл топишга, ҳаракат қиляпмиз.

Биз, партия етакчилари илгарилари расмий йиғилиш ёки учрашув ўтказиш учунгина тўпланар эканмиз. Унинг самарасини тадқиқ қилмаганмиз. Бу камчилигимизни уйма-уй юриб, ҳамшаҳарларимизнинг юрак сўзларини тинглагач, анг­ладик.

Фарғона шаҳар бош имом хатиби Жўрабек Раҳмонов ислом динининг софлигини асраш йўлида қилинаётган ишлар, бу борада жамоат ташкилотлари, жумладан, ЎзХДП вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари билан ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди:

— Тарбия асосида шукроналик туриши лозим. Бу аввало тинчликка, фаровонликка, саломатликка шукроналикдир. Динимизда бу ҳақда кўплаб ҳукм ва тавсиялар, пайғамбаримиз, саҳобалар ҳаётидан ибратли мисоллар мавжуд. Шукрона қилган одам асло жаҳолат кўчасига кирмайди.

ЎзХДП Данғара туман кенгаши раиси Зиёдахон Ҳамралиева ёшларни интернет таҳдидидан асраш учун ота-она ва устозлар ўқувчилар телефонларини назорат қилиб бориши кераклигини таъкидлади.

— Интернетнинг билим олишдаги афзалликларини ҳеч қачон инкор қилиб бўлмайди. Аммо ёт қарашларни тарғиб қилувчи сайтлардан фарзандларимизни қандай асраш мумкин? Биринчидан, тарғибот-ташвиқот билан, иккинчидан, назорат билан, — деди у.

Мулоқот чоғида тарбияда матбуот ва кинонинг ўрни масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Дилбархон Мамажонова анжуманга якун ясар экан, бу каби жонли мулоқотлар мавсумий эмас, кундалик иш фаолиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.