Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
12.12.2017

ҲАМКОРЛИК НАТИЖАЛАРИ

одамларга фойда келтирсин

Жорий йилнинг июль ойида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажара олмаётгани таъкидланган эди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси пенсионерлар, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ амалий ташаббуслар кўрсатмаётгани танқид қилинганди.

Йиғилишдан сўнг Ўзбекистон ХДП тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалий ишларга киришди. Жойларда электорат вакиллари билан учрашув ва мулоқотлар изчил йўлга қўйилди. Эҳтиёжманд кишиларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорлик кўлами кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари вакиллари иштирокида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти ҳамда фармон асосида қабул қилинган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлашда партиянинг иштироки масаласи муҳокама қилинди.

 Таъкидландки, мазкур Фармон асосида белгиланган чора-тадбирлар ногиронлиги бўлган шахслар жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мустаҳкама замин яратади.

— Партиямиз дастурий мақсадларида пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳим ўрин тутади, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек ­Вафоев. — Парламентдаги йиғилишдан кейин ишимизни таҳлилий тан­қидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқдик. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтириш масалалари бўйича ҳамкорлик изчил йўлга қўйилди.

Хусусан, Ўзбекистон ногиронлар, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари, фахрийларни қўллаб-қувватлаш ­«Нуроний» жамғармаси билан меморандумлар имзоланди. Ушбу ҳужжатларда ногиронлиги бўлган шахсларни эъзозлаш, жамиятда уларга тўсиқсиз муҳит яратиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини яхшилаш масалалари қамраб олинган. Эҳтиёжманд кишиларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, пенсия тўловлари, соғломлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва дори-дармонлар билан таъминлашдаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиш чора-тадбирлари илгари сурилган. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш фидойи, ижодкор ва ташаббускорларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш, партия ­фаолиятига кенг жалб этиш вазифалари белгиланган.

Ўрганишлар давомида амин бўлдикки, жойларда ечимини ку­таётган масалалар оз эмас. Уларни ҳал этиш учун кўпроқ ташаббус кўрсатиш, амалий ишларни янада кучайтириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, ҳаётий таклифларни қўллаб-қувватлаш зарур. Бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга ҳаракат қиламиз.

— Тўғрисини айтганда, бу йил жамиятимиз аъзолари учун улкан ўзгаришлар, янгиланишлар йили бўлди, — дейди Ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Исоқов. — Айниқса, кейинги 4-5 ой давомида ногиронлиги бўлган шахс­ларни ўйлантираётган масалаларнинг ечими юзасидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 1 августида қабул қилинган «Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармойиши жамиятимиз аъзолари ҳаётида туб бурилиш ясади, дейиш мумкин. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олган.

Бир неча ой давомида Ўзбекистон ХДП раҳбарияти ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари билан биргаликда фармойишда белгиланган вазифалар чуқур ўрганилди. Парламент депутатлари кўмагида махсус комиссияга ўз таклифларимизни киритдик. Уларнинг 15 га яқини фармондан ва унинг асосида тасдиқланган 51 банд­дан иборат комплекс чора-тадбирлар дастуридан ўрин олди. Таклифларнинг барчасини биргина ҳужжатда қамраб олишнинг имкони йўқ, албатта. Ногиронлиги бўлган шахс­ларни ўйлантираётган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилади, деб ишонаман.

1 декабрь куни Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони қабул қилинди. Унга кўра, юртимизда ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун реал имконият яратилади. Чунки Фармонда жисмоний имконияти чекланган фуқароларга тўсиқсиз муҳит яратиш белгиланган. Мисол учун, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлиги бўлмаган жамоат транспортларини сотиб олиш тақиқланади. Демак, жамият аъзоларини ўйлантириб келаётган муаммолардан бири ҳал этилади.

Шу билан бирга, Фармоннинг биринчи бандида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу масалада қатор таклифларимиз бор. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракция аъзолари билан ҳамкорликда уларни қайта кўриб чиқяпмиз.

Шунингдек, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик бўйича амалий чоралар кўриш масаласи ҳам қайд этилган. Бу борада партия билан ҳамкорликда иш олиб борамиз, албатта. Бир сўз билан айтганда, олдимизда улкан вазифалар турибди. Ўйлайманки, бизга Ўзбекистон ХДП ҳамда унинг парламентдаги фракцияси яқиндан ёрдам беради. Амалий ишларни давом эттирсак, яхши натижаларга эришамиз.

— Бизни хурсанд қилган яна бир жиҳат, Фармонга кўра, олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 фоизли квота ажратилади ва ўқиш давлат гранти асосида амалга оширилади, — дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси Абдусаид Абулҳамидов. — Агар бугунги кунда олий ўқув юртларига кирувчилар сонини 60 минг нафар, деб оладиган бўлсак, ҳар йили 1200 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ўқиши учун имтиёз яратилади.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш фонди ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳам катта натижа. Чунки фонднинг вазифаси ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади. Масалан, бир одам уй сотиб олмоқчи. Аммо унда биринчи тўловни амалга ошириш имконияти йўқ. Фонд унга ёрдам бериши мумкин. Ёки айтайлик, бир фуқаро ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган электрон аравача сотиб олмоқчи. У қиммат туради. Бунда ҳам фонддан кўмак олиши мумкин.

Савол туғилади: фонд маблағлари қаердан олинади? Қонунчилигимизда жарима турлари мавжуд. Масалан, ногиронлиги бўлган шахс­лар учун қулайлик яратилмаган бино ва иншоотлар эгаси жаримага тортилади. Қолаверса, жисмоний имконияти чекланган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича 3 фоизли квота белгиланган. Агар иш берувчи мазкур талабларни бажармаса, у ҳам жарима тўлайди. Айни шу маблағлар эвазига фонд ўз жам­ғармасини тўлдириб боради. Авваллари бундай жарималар умумий бюджет ҳисобига тушган ва ногиронлиги бўлган шахслар ундан фойдалана олмаган. Эндиликда фонд аъзолари кабинетда ўтириб эмас, жойларга чиқиб, ҳақиқий аҳволни ўрганади. Агар қонунчилик талаблари бажарилмаса, бунинг учун масъуллар жарима тўлаши керак бўлади. Мазкур меъёр ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларига хизмат қилади.

Фармонда белгиланган вазифалар тўла-тўкис бажарилиши ногиронлиги бўлган шахслар, уларнинг оилалари учун жуда ҳаётий аҳамиятга эга. Биз бу масалада Ўзбекистон Халқ демократик партияси, унинг депутатлик бирлашмаларига суянамиз.

Семинарда, шунингдек, Фармон ижросида партия ташкилотлари ва депутатлар фаоллигини янада ошириш масалалари муҳокама этилди. Мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг ўзига хос устуворликлари хусусида ҳам фикр алмашилди. «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури» ижроси юзасидан бажарилиши керак бўлган вазифалар келишиб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: