06.07.2017

«ИЖТИМОИЙ КЎМАК – ТАШАББУСКОРЛИККА ЙЎЛ ОЧАДИ»

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши шу шиор остида спорт акцияси ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг тўртинчи қурултойидаги нутқи ёшларга оид давлат сиёсатида янги давр бошланганини кўрсатиб берди. Мамлакатимиз ёшларига чинакам суянч бўла оладиган мутлақо янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиши юрагида ўти бор, орзу-ниятли йигит-қизлар учун ҳақиқий байрам бўлди. Ушбу нутқда билдирилган фикр-мулоҳазалар жойларда ўтаётган ҳар бир тадбир, спорт мусобақаларига янгича руҳ бермоқда.

Тадбирда Наманган вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилором Абдураҳимова Президентимиз нутқида ўртага ташланган масалалар ва уларнинг ҳаётий аҳамия­ти хусусида фикр билдирди. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида болалар спортининг оммавийлигини ошириш ҳамда ривожлантириш учун қулай шароит яратиш, хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Буларнинг барчаси Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларига бевосита ҳамоҳангдир.

Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабида футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка, узоқ масофага югуриш бўйича ўтган мусобақаларда Наманган шаҳридаги «Бўстон», «Амир Темур», «Гулпора», «Баҳор», «Қадамжо», «Чинор» маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар кенгаши раиси Мухторжон Исоқов спорт акцияси йигит-қизларни жисмоний тарбияга жалб қилиш, уюшмаган ёшларни бир ғоя асосида бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди.

Қизғин ва муросасиз ўтган мусобақанинг якуний натижасига кўра, ғолибликни қўлга киритган жамоалар диплом ва спорт анжомлари билан тақдирланди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир концерт дастури билан якунланди. Бир гуруҳ ёшларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.