Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
28.11.2017

ЭРК ВА ОЗОДЛИК ТИМСОЛИ

«Бепул таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, борингки, инсон учун муҳим ижтимоий йўналишлардан тортиб, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг барчаси Конс­титуцияда ифодаланган. Конституцион ҳуқуқларимиз ор­қали ўқиш, ишлаш, сайловларда иштирок этиш имкониятларидан фойдаланамиз. Бош қомусимиз асосида яратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар эса фуқароларга қўшимча қулайлик яратиб, ўз бурчларини тўғри бажаришга хизмат қилади. Энг муҳими, инсон шаъни, қадр-қиммати ва манфаати устувор этиб белгиланган».

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрож Дархонов таъкидлаганидек, Конституция мустақиллигимиз, эрк ва озодлигимиз тимсоли. Унинг негизида қабул қилинаётган қонун ва қонун ости ҳужжатлар юртимиз тараққиётига, ҳамюртларимизнинг тинч, осойишта ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Тошкент вилоят партия кенгаши ўтказган давра суҳбатида айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди, Конституциямизнинг инсонпарварлик тамойиллари ҳаётда ўз ифодасини топаётгани алоҳида таъкидланди. Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, туман, шаҳар партия кенгашлари ­раислари, вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари, вилоят ҳокимлиги қошидаги ижтимоий мослашув маркази масъуллари ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов Конституциямизнинг яратилиш тарихи, инсонпарварлик тамойиллари ҳақида тўхталди:

— Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, эски мустабид тузум қонунларидан воз кечилди, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш билан боғлиқ демократик йўл танланди. Мустақил давлат сифатида Ўзбекистон ўз Конституциясига эга бўлиш шарт эди. Жаҳон тажрибаси ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ғоялари, миллий қадриятлар асосида Бош қомусимиз яратилди. Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи инсон, деган фикр илгари сурилди ва шу асосда фуқаро, жамият, давлат ўртасида ўзаро муносабатларнинг оқилона ҳуқуқий ечимини топишга эришилди.

Конституциямизнинг асосий принципи инсон манфаати — давлат манфаатидан устун этиб белгиланганидадир. Унинг муқаддимасидан тортиб, охирги бобигача инсонпарварлик ғоясига йўғрилган. Бу эзгу ғояларнинг ҳаётдаги ифодасини ҳар биримиз ҳар куни кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз...

— Таъкидланганидек, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди Тошкент вилоят ҳокимлиги қошидаги Ижтимоий мослашув маркази раҳбари Баҳодир Холмирзаев. — Марказнинг асосий вазифаси ҳам, аввало, Бош қомусимиз ва амалдаги қонунларнинг инсонпарварлик тамойиллари ижроси билан шуғулланишдан иборат. Айниқса, амнистияга тушиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Жорий йилнинг шу кунига қадар жазони ижро этиш ­муассасаларидан қайтган 1751 нафар фуқарога 1 миллиард 425 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилди. Меҳнатга лаёқатли 1508 нафар фуқародан 1280 нафарининг бандлиги таъминланди. Қолганларини ишга жойлаштириш бўйича бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, махсус комиссия аъзолари жазони ўташ жойларидан қайтганларнинг яшаш шароитини ўрганиб, ўз ишини бошлаш истаги борларга имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган бу ишлар Конституциямизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, шаъни, қадри билан боғлиқ кафолатларнинг амалдаги ифодасидир.

Давра суҳбатида, шунингдек, жойлардаги муаммолар хусусида ҳам фикрлар билдирилди. Жумладан, жазони ўташ муассасаларидан қайтганларнинг судланганини баҳона қилиб, ишга олмаслик ҳолатлари учраб туриши муҳокама этилди. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида профилактика тадбирларини кучайтириш зарурлиги айтилди. Жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларда амнистия асосида озод қилинган ва ҳозирда ҳалол меҳнат қилиб, жамиятга нафи тегаётганлар иштирокини таъминлаш яхши самара беришини ҳаёт кўрсатаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Конституцияни доимий равишда ўрганиб бориш юзасидан таклифлар билдирилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: