Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
28.11.2017

КЎЗИ ОЖИЗЛАР ЖАМИЯТИ: ҚАНДАЙ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАР БОР?

2017 йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ногиронлар манфаати билан боғлиқ қонунлар ташаббускори бўлиб майдонга чиқмагани, «Мурувват», «Саховат» ва «Меҳрибонлик» уйлари, махсус интернат мактаблари фаолиятини яхшилаш бўйича партия томонидан амалий ҳаракатлар бўлмаётгани ҳақида танқидий фикрлар билдирилган эди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорликда ўтказган «Ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш: соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими юзасидан таклифлар» мавзусидаги амалий семинарда бу борадаги камчиликларни бартараф этиш хусусида атрофлича сўз юритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар, Тошкент вилоят партия кенгашлари фаоллари, Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви, Тошкент шаҳар, Тошкент вилоят бўлимлари вакиллари мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

 

Улуғбек ВАФОЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Партиямиз Сайловолди платформасида кам даромадли аҳоли қатлами, биринчи навбатда, ногирон ва ёлғиз кексалар манфаатини ҳимоя қилиш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу борада партиямиз ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари томонидан муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 10 ойида партия гуруҳлари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини кўзлаб, 35 масала партия гуруҳларида ва 23 масала доимий комиссияларда ва 15 масала сессияда кўриб чиқилди.

Аммо тан олишимиз керак, давлатимиз раҳбарининг «Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси устидан депутатлик назоратини амалга ошириш борасидаги ишларимиз сустлигича қолмоқда. Бугунги давр эса ҳаммамиздан фаоллик ва уйғоқликни талаб этяпти. Ногиронлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусларни янада кўпайтиришимиз керак.

 

Абдусаид МИРҲАМИДОВ, Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси:

– Бугунги кунда Кўзи ожизлар жамияти томонидан 40 минг нафардан зиёд кўриш имконияти чекланган ногирон ҳисобга олинган бўлиб, тизимда ва ундан ташқарида меҳнат билан машғуллар сони қарийб 2700, махсус мактаб-интернатларда таълим олаётганлар 2200, ўрта махсус касб-хунар коллежларида, олий ўқув юртларида таҳсил олаётганлар 500 нафардан зиёдни ташкил этади. Жамият ташкилотлари, хусусан, туман (шаҳар) бўлинмалари кўмагида кўзи ожизларни ижтимоий ҳимоя ва реабилитация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биз яратилаётган шарт-шароитлар ва берилаётган имкониятлардан мамнунмиз, албатта. Аммо олдимизда ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, аксарият ногиронлар фақат пенсия ва нафақа маблағлари ҳисобидан кун кечираётганликлари боис, коммунал тўловлар, транспорт харажатларида имтиёз ва енгилликларга зарурат сезадилар. Турли хизматлар, коммунал тўловлар, транспортлардан фойдаланганлик учун йўл ҳақларига I ва II гуруҳ ногиронлари учун имтиёз ва чегирмалар кенгайтирилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Спорт иншоотларини ногиронларга мослаштириш масаласи ҳам бугунги кунда жуда долзарб. Кўзи ожизлар мактаб-интернатларида болалар спортини ривожлантириш мақсадида ойлик маош асосида ишлайдиган мураббийлар ажратиш ва спорт мусобақалари кўламини кенгайтириш, кўзи ожиз ўқувчиларни ўқув қуроллари, компьютер техникалари, ёрдамчи ўқув ва техник воситалар, аудио китоблар билан таъминлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаслигини истардик. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу борадаги ишларда бизга яқин ҳамкор ва кўмакчи бўлишига ишонамиз.

 

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бугунги кунда имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш учун бир қатор муаммоли масалаларни ҳал этиш талаб этилади. Хусусан, I ва II гуруҳ ногиронларини бепул ёки имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминлаш борасида мукаммал ҳуқуқий механизм ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Кўриш имконияти чекланган ногиронлар ўзлари истаган пайтларида саломатликларини тиклаш учун шифохоналарга ордер олиш борасида ҳам қатор қийинчиликларга дуч келаётгани жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда бот-бот таъкидланяпти.

Кўзи ожизлар учун олий ва ўрта махсус таълимда дарсликлар, ижтимоий-сиёсий, табиий-илмий, классик ва замонавий бадиий адабиётлар, брайль ёзувидаги дастурий нашрлар етишмовчилигини бартараф этиш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Юртимизда кўзи ожизлар учун реабилитация воситалари ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари деярли мавжуд эмас. Оқибатда бу тоифадаги ногиронлар оддийгина реабилитация воситаларини топишда қийинчиликларга дуч келишяпти. Кўриниб турибдики, ногиронларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш механизмини такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

 

Руслан ХУДОЁРОВ, Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви юристи:

– Жамиятимиз аъзолари дуч келаётган муаммоларнинг аксарияти қонунчиликдаги камчиликларга бориб тақалади. Шу боис ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонун лойиҳалари ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда экспертлар сифатида Кўзи ожизлар жамияти вакилларини жалб этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг реабилитацияси, ижтимоий интеграцияси, бандлиги, ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги саъй-ҳаракатлар оқилона амалга оширилишида бу жуда муҳим ҳисобланади.

 

Рихсибой АББОСХОНОВ, Кўзи ожизлар жамияти қошидаги босмахона раҳбари:

— Босмахона 1949 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Кўзи ожизларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда биз чоп этаётган қўлланмалар, китоблар, дарсликлар муҳим ўрин тутади. Шу вақтга қадар махсус мактаб-интернатларини дарсликлар билан таъминлаб ­келяпмиз. Айни пайтда бизни бир муаммо ташвишга солаяпти. Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, ҳозирги жойлашган биномизнинг бир қисми шаҳар ички ишлар бўлимига берилган экан. Лекин бугун бинони умуман тарк этишимиз талаб этилмоқда. Биз тегишли идораларга мурожаат қилдик. Лекин ҳалигача амалий ёрдам берил­маяпти. Биз шу масалада ЎзХДП фракциясидан кў­мак сўраймиз.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Баҳромжон Обиджонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов, Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раёсати аъзоси Абдуқаюм Набиев, Кўзи ожизлар жамияти Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Олим Абдураҳимов соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳақида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: