13.05.2017

ХОНҚА ТУМАН КЕНГАШИ СЕССИЯСИДА

аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди

Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Нигора Абдуллаева депутатлик фаолиятида аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилиш, мурожаатларни тинглаш, ҳал этиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келади. Бундан бир неча ой олдин унинг диққатини бир масала ўзига тортди. Сайловчилар билан учрашувлар, очиқ мулоқотлар, партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар таҳлили ҳудудларда коммунал соҳада камчиликлар борлигини кўрсатиб турибди. Айниқса, чекка ҳудудларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш долзарблигича қолмоқда.

Депутат ишга киришди. Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш керак, деган тўхтамга келди. Режасини туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоларига айтди. Бу таклифни ҳамма қўллаб-қувватлади ва назорат-таҳлил ишлари бошлаб юборилди.

Шу ўринда бир масалага тўхталиш ўринли, деб ўйлаймиз. ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари бу йўналишда назорат-таҳлил ишларини олиб бормоқда. Аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар сессияларда муҳокама этиляпти.

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан берилган маълумотларга кўра, мазкур йўналишдаги масалалар сессияларда кўриб чиқилгандан сўнг сув қувурлари ва канализация тармоқларини реконструкция қилиш, электр энергияси таъминотини янада яхшилаш, қишлоқларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳукумат қарорлари ижроси, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишларининг бориши, ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари ажратишга қаратилган қарорлар ижроси кенг муҳокама этилиб, хато ва камчиликларни бартараф этишга доир таклифлар ишлаб чиқиляпти.

Масалан, Хоразм вилоятида аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини яхшилаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда соҳада тўпланиб қолган, аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар мутасадди ташкилотлар ва идоралар иштирокида бос­қичма-босқич ҳал этилаяпти. Хусусан, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш мақсадида вилоятнинг Хонқа туманида бир қатор ишлар амалга оширилди. Янги қувурлар тортиляпти, аҳоли яшаш пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Туман Кенгашидаги пар­тия­миз гуруҳи аъзолари мониторинг давомида ҳудуддаги қишлоқ ва маҳаллаларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганишди.

Маълум бўлишича, Амударё қишлоғи ҳудудига 1300 метр узунликдаги тоза ичимлик суви қувурлари ўтказилган бўлса-да, лекин ҳудуддаги 900 дан ортиқ хонадоннинг асосий қисми тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.

Қорақош қишлоғи «Ғайрат» маҳалласи ҳудудида 695 хонадон бўлиб, бу ерда 4200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. «Полвон» канали бўйида жойлашган эски сув етказиб берадиган қурилма бугунги кунда маҳалла аҳолисининг фақат 5 фоизга яқин қисмини сув билан таъминлайди. Яна бир жиҳати, бу сув тармоғи санитария талабларига жавоб бермайди. Чунки ер остидан ўтказилган қувурлар яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Мадир қишлоғи ҳудудидаги «Дўстлик» ва «Илғор» маҳаллаларида 11 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бироқ ушбу маҳаллалардаги 1130 хонадоннинг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси яхши эмас. Қишлоқ аҳолиси олис масофадан ичимлик суви ташиб келяпти.

Катта Жирмиз қишлоғида 2 та маҳалла бор. «Катта куч» маҳалласида жойлашган «Миробод» пасёлкасида 60 хонадон бўлиб, уларнинг ичимлик суви таъминоти яхши эмас. Қишлоқда сув қувурлари ётқизилган бўлса-да, ке­йинги 10 йилдан ортиқ муддатда ушбу тизим ишламасдан келмоқда.

2017 йилнинг 1 январидан қишлоқ аҳолисига вилоят сув тармоқлари корхонаси томонидан махсус автотранспортларда тоза ичимлик суви келтирилади.

Туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи бу борадаги муаммолар ва уларнинг сабабларини атрофлича ўрганиб чиқди. Таклифлар тайёрлади. Масала Хонқа туман Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқилди.

Сессияда туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, муаммолар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Депутатлар билдирган таклиф ва тавсия­лар асосида сессия қарор қабул қилди.

Унга кўра, туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари зиммасига туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан тегишли чораларни кўриш вазифаси юклатилди. Шунинг­дек, «Туямў­йин-Урганч» минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармасининг Хонқа туман бўлими бошлиғига аҳоли томонидан маълум қилинган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш вазифаси топширилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсонларда учрайдиган касалликларнинг 30 фоизи нотоза ичимлик суви истеъмол қилиш оқибатида пайдо бўлар экан. Шунинг ўзиёқ тоза ичимлик суви ҳаётимизда нақадар муҳим аҳа­миятга эгалигини кўрсатиб турибди. Демак, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган долзарб масаладир.

Яқинда Президентимизнинг «2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжат халқимиз, айниқса, қиш­лоқ аҳолиси учун янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, 2017-2021 йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг барча ҳудудларда сифатли ичимлик сувидан фойдаланишини таъминлашда ҳаётий аҳамият касб этади.

Барча даражадаги депутатлар қарор ижросини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиши, аҳоли мурожаатларини ҳал этишга катта масъулият билан ёндашиши талаб этилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.