10.05.2017

«ҚАҲРАМОНЛИК, БУРЧ ВА ФИДОЙИЛИК»

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли тадбирлар ўтказмоқда

ЎзХДП Марказий Кенгаши ходимлари 4 май куни эрта тонгданоқ пойтахтимизнинг Яккасарой тумани томон йўл олишди. Биринчи бўлиб, Қизилқум мавзесида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 99 ёшли Исроил ота Айходжаев хонадонига боришди.

Учрашув чоғида уруш инсоният бошига келтирган кулфатлар, тинчликнинг қадри, бугунги фаровон кунлар ҳақида суҳбат бўлди. Отахон давлатимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан миннатдор бўлиб гапирди.

— Урушга кетганимда жуда ёш эдим. Тенгқурларим ҳам эндигина мактабни битирган 18-19 ёшдаги йигитлар эди, — деди кўзида ёш билан отахон. — Уларнинг ҳар бири урушдан соғ-омон қайт­гач, ўқишни давом эттириш, оила қуришни орзу қиларди. Бугун орзуларини гапирган дўстинг эртаси куни жанг пайтида олов ичида қолиб кетарди. Ёки ёнгинанг­да ўққа учраб, ҳалок бўларди. Буларни кўриш азоб, даҳшат эди...

 — Ҳа, Иккинчи жаҳон урушининг халқимиз ҳаётида қолдирган оғир асорати йиллар ўтса ҳам, ҳеч қачон унутилмайди. Урушда юртимизнинг 1,5 миллион аҳолиси иштирок этган. Қарийб 500 минг нафари ҳалок бўлган. Демак, қанчадан-қанча оналар фарзандидан айрилган, қанча келинчаклар бева, минг­лаб болалар етим қолган, — дея отахоннинг фикрларини қўллаб-қувватлади ЎзХДП Марказий Кенгаши ОАВ билан ишлаш ва тарғибот-ташвиқот гуруҳи раҳбари Гулруҳ Тошматова.

— Тўғри айтаяпсан, қизим, — деди отахон. — Урушда ҳамманинг кўнглида «қани эди ватанимни, оила аъзоларимни бир бора кўрсам эди», деган истак бўларди. Уруш тугагач, «дўстимнинг онасига нима дейман, қўшнимга болангиз ҳалок бўлди, деб қандай айтаман?», деган азобли савол билан уйга қайт­дик. Урушда ҳалок бўлган ошна-оғайниларимнинг хотираси бир умр юрагимда яшади. Улар билан суҳбатларимиз, қилган орзуларимизни эсламаган кунимнинг ўзи йўқ...

Партия фаоллари Исроил бобо билан узоқ суҳбат қуришди. Бобо бугунги дорил­омон кунларга шукрона айтди, Ватани, хал­қи эъзозида эканлигидан мамнунлигини билдирди. Тинч­лигимизга кўз тегмасин, дея дуо қилди.

— Отахон, биз сизларнинг олдингизда доим қарз­дормиз, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев. — Сизларнинг жасоратингиз, қаҳрамонликларингиз туфайли инсоният фашизм балосидан озод этилди. Сизлар узоқ ўлкаларда жанг қилиб, қон тўкиб, фашизмни юртимизга йўлатмадингизлар. Сизлар кўр­сатган қаҳрамонликлар ҳеч қачон унутилмайди. Умрингиз узоқ бўлсин.

Кейинги манзил тумандаги Бабаев кўчасида истиқомат қилувчи фронторти меҳнат фахрийсиТатьяна Еринчук хонадони бўлди. Онахон юзида табассум билан партия­миз фаолларини кутиб олди.

 — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан сиздан бир ҳол-аҳвол сўраб кетайлик, деб келдик, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши хотин-қизларнинг Ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Гулшан Асатова.

— Хуш келибсизлар, бошим осмонга етди, — дея уйи­га таклиф қилди онахон.

Самимий, дилдан суҳбат бошланди. Онахон уруш йилларини хотирлади.

— Ғалаба учун, деб туну кун меҳнат қилардик, — деди у. — Одамларимиз ўзи емай, киймай, борини йиғиб-териб, урушга жўнатарди. Биз 15-16 соатлаб ишлардик. Аксарият эркаклар урушга кетгани учун биз хотин-қизлар барча оғир ишларни қилардик... Шукрки, у замонлар ортда қолди. Ҳозир элимиз ардоғида яшаяпмиз. Ҳолимиздан қўни-қўшнию маҳалла-кўй, ҳокимият доимо хабардор. Мана, бугун сизлар келиб турибсиз. Тилагим шуки, юртимиздаги тинчлик-омонлик, фаровонлик барқарор бўл­син.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1922 йилда туғилган Анна Стахова Олмазор тумани Уста Ширин кўчасида яшайди. Партия фаоллари билан онахоннинг хонадонига кириб борганимизда у гулларини парваришлаётган экан.

— Гул ўстириш менинг севимли машғулотим, — деди онахон биз билан суҳбатда. — Уларга қараб, куч-қувват оламан-да.

Онахон уруш йилларида кўрган-кечирганларини бизга айтиб берди.

— Ёшлигимни хотирласам, кўз олдимга уруш йиллари келади. Айни ўйнаб-куладиган, шижоатга, ғайратга тўлган чоғимиз уруш даврига тўғри келди. Одамларда ҳаловат йўқолган, бир бурда нонга зор эдик. Урушда қанчалаб даҳшатли воқеа­ларни кўрдик. Ёш йигитлар нобуд бўлиб кетди. Буларни эсласам, бугунги кунларимизни кўзимизга суртиш керак, деб ўйлайман. Ўша ортда қолган оғир кунларимиздан хулоса чиқариб, фарзандларимга, невараларимга «Тинчликнинг қадрига етинг­лар, бугунги кунларга шукр қилинглар», дея уқтираман.

Олмазор тумани Шифонур кўчасида яшовчи Вера Шарипова ҳам Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. У уруш йилларида бошидан кечирган оғир кунлар ҳақида бизга сўзлаб берди.

Шу куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти меҳнат фахрийларига партиямизнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Кексаларимиз билан суҳбатдан сўнг бир хулосага келдик: Инсониятга мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу урушни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тинчликни кўз-қорачиғидек асраш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.