07.05.2017

ХОРАЗМЛИК КАТЮША МОМО

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши Хотин-қизларнинг ижти­моий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори, Боғот туман партия кенгаши фаоллари ва депутатлари «Миришкор» қишлоғининг «Қашқарлар» маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Екатерина Ларбукина хонадонида бўлишди.

Екатерина Ларбукинани қишлоқдошлари эркалатиб «Катюша момо» деб чақиришар экан.

Уруш пайтида кўрган-кечирганларини ҳикоя қилаётиб, унинг кўзларига ёш қалқийди.

— Мен ва 5 нафар дугонамни урушга олиб кетишганида 16 ёшда эдик, — дея гап бошлади у. — Парашютда тушиш машқлари пайтида менинг юрагим панд бергани сабабли, радиоалоқа соҳасига олишди. Дугоналарим эса тайёргарликдан кейин биринчи топшириқларни бажаришга кетиб, қайтиб келишмади. Мен то Берлингача бордим.

Ниҳоят уруш тугаб, Москва яқинидаги уйимга қайтиб келдим. Жангларда кўрган-кечирганларим кўз олдимдан кетмай, кечалари ухлай олмай, азобланиб чиқардим. Буларнинг барчасини бироз бўлса-да унутиш, чалғиш мақсадида 1946 йилда институтга ўқишга кирдим.

Тақдир тақозоси билан Ўзбекис­тонга келин бўлиб тушдим. Турмуш ўртоғим билан 1955 йилда шу ерга, яъни туманимиздаги ҳозирги «Миришкор» қишлоғига кўчиб келдик.

7 нафар фарзанд кўрдик. 1994 йилда турмуш ўртоғим Одамбой Отамуродов ва ундан кейин қизим Наташа оламдан ўтди. Бу мени қаттиқ изтиробга солди. Ҳозирги кунда 11 нафар набиранинг севимли бувижонисиман.

Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Биз шундай кунларда яшашни орзу қилган эдик. Мана, Яратган насиб этган экан, ўзига шукр, — дея сўзига якун ясади Катюша момо.

— Партиямиз аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, кам даромадли қатлами, кексалар, пенсионерлар манфаатларини ҳимоя қилади, — деди ЎзХДП Боғот туман кенгаши раиси Икром Юсупов. — Партия­миз ана шундай тадбирлар орқали ҳам ўз электоратини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга интилади. Бугунги йўқлов тадбиримиз ҳам бевосита ана шу мақсадда ташкил этилган.

— Ҳозирда Хоразм вилоятида 85 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда, — деди халқ депутатлари Боғот туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Ҳанифа Маткаримова. — Жойларда партиямиз томонидан ташкил этилаётган тадбирларда уларнинг ҳаммаси ҳам иштирок эта олмаяпти. Шу сабаб алоҳида парваришга муҳтож фахрийларимизнинг уйларига бориб, табриклаб келдик. Фарзандлари, набиралари қуршовида кексалик гаштини сураётган нуронийлар юз-кўзидаги шукроналикни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Биз уларни нафақат мана шундай байрам кунларида, балки ҳар доим ардоқлаб, ҳурмат-иззатини жойига қўйишимиз зарур.

 

Озода КУЛИМОВА,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.