07.05.2017

ТИНЧЛИКНИНГ ҚАДРИГА ЕТИШ КЕРАК

ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоллари уруш қатнашчилари хонадонларида бўлишди

Биз — тинчликсевар халқмиз. Тотувликда яшаш, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат тушунчалари қон-қонимизга сингиб кетган.

Бир ўйлаб кўрайлик. Нотинч юртда ҳаловат бўладими? Туну кун оиласи, фарзандлари ва яқинлари омонлигини ўйлаб яшайдиган одам ўзини бахт­ли ҳис қила оладими? Йўқ, албатта. Аксинча, тинчлик, осойишталик бўлган жойдагина бунёдкорлик бўлади, тараққиёт бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида» лойиҳаси доирасида амалий тадбир ташкил этилди.

Партия фаоллари билан дас­тлаб «Ғазалкент» қишлоғи томон йўл олдик.

— Бугунги кунда туманимизда 12 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси яшайди, — дейдитуман партия кенгаши раиси Олим Бобоев. — Уларни тез-тез йўқлаб турамиз. Уруш хотираларини тинглаймиз. Кўпинча партиямизнинг ёш аъзоларини ўзим билан бирга олиб келаман. Улар отахон ва онахонларнинг сўзларини диққат билан тинглашади, маслаҳатларини олишади. Бугун эрта тонгдан бир гуруҳ ёшлар келишди. Мақсад — уруш қаҳрамонлари ҳолидан хабар олиш.

«Ғазалкент» қишлоғида яшовчи уруш ногирони Холим Холтаев хонадонига кириб боришимиз билан отахон ёшлар қуршовида қолиб кетди. Суҳбат давомида Холим бобо йигит-қизларга уруш хотираларини сўзлаб берди.

— Урушни унутишни истайман, лекин ўчмас хотиралар дилни ўртайди, болам, — дейди у. — Уруш бизнинг ёшлигимизни, орзуларимизни ўғирлади. Куну тун ухламаган пайтларимиз бўлган. Ярадорлар, ҳалок бўлганлар оҳи-зори ҳамон қулоқларим остида эшитилади. Уруш миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди, қанчадан-қанча болаларни етим қилди.

Бобонинг уруш йилларидаги хотираларини тинглар эканмиз, тинчлик энг улуғ неъматлигига яна бир бор амин бўлдик.

«Хондойлиқ» қишлоғида яшовчи Кабир Умаровни ҳамма билади. Чунки у уруш қатнашчиси.

— Болам, уруш қанчадан-қанча ёш йигит-қизларнинг умрига зомин бўлди, — деди отахон. — Ҳамма ҳам жанг майдонларида ҳалок бўлган эмас. Қаҳратон совуққа дош беролмай вафот этганлар қанча. Кечаларни зах ертўлаларда ўтказганмиз. Жанг майдонларидан ярадорларни елкалаб олиб чиқаётганда қанча ҳамшира қизлар ҳалок бўлишди. Баъзилар бир неча кунлаб ярадор ҳолида қолиб кетарди. Кимдир оёқларидан ажралган, кимдир қўлидан... Ҳар бирининг ортидан қанча одам қон йиғлаб қолди. Хуллас, бундайлар кўп эди. Бир яқин сафдошим оёғидан ярадор бўлди, ноилож икки оёғини кесиб ташлашди. У ҳали жуда ёш эди. «Бу аҳволда яшашнинг нима кераги бор», деб фар­ёд уриб йиғлаб чиқарди.

Кабир бобо билан суҳбатлашгач, у кишининг узоқларга тикилган нигоҳларида нималар акс этганини англагандай бўлдик. Бобо урушнинг мудҳиш оқибатларини, қуролдошлари бошидан ўтказган қи­йинчиликларни кўп ўйлар экан...

Яна бир уруш қатнашчиси Тоштурғун Шоғиёсов хонадонига борганимизда, отахон оила аъзолари билан дас­турхон атрофида экан. Кейин билсак, фарзанд ва неваралари бободан хабар олгани келишган экан. Биз ҳам уларнинг қаторига қўшилдик. Ёнимиздан жой олган Мухтабар опа билан суҳбат қурдик.

— Отам негадир уруш хотираларини сўзлашни унчалик хуш кўрмайди, — деди у. — Бир куни отамнинг кўзида ёш кўрдим. Хавотирланиб ҳол-аҳвол сўрадим. Қуролдош бир дўстининг гапи ёдига тушиб кетган экан. «Мен урушга келаётганимда хотинимнинг ой куни яқин эди. Болам учун соғ-саломат қайтаман, деб ваъда бергандим. Фарзандим туғилиб қолгандир...», деган эди. Лекин у ваъдасининг устидан чиқолмади, урушда мардларча ҳалок бўлди».

Тоштурғун бобо ана шундай хотираларини бизга ҳам гапириб берди.

«Қоранқул» қишлоғида яшовчи Мирхолиқ ота Исманов ҳам уруш қийинчиликларини бошидан ўтказган. Партия­мизнинг «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари отахоннинг хонадонида ҳам бўлишди. Уй юмушларига ёрдам бериб, эсдалик совғалари топширишди.

— Бу йўқловлар кўнглимизни тоғдек кўтаради, — деди Мирхолиқ бобо. — Бугунги тадбир ташкилотчиларига раҳмат.

Хуллас, катта таассуротлар билан пойтахтга қайтдик. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан суҳбатимиз, улар айтиб берган воқеалар йўл бўйи хаёлимизни тарк этмади. Бу хулоса эди, сабоқ эди: «Тинч­ликнинг қадрига етиш керак».

ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Умурбек Бектемировучрашувлардан олган таассуротларини сўзлаб берди:

— Бугунги учрашувлардан жуда ҳаяжонландим. Уруш қатнашчилари олдида қарзимиз кўплигини янада чуқурроқ англадим. Минг афсуски, уларнинг сафи йилдан-йилга камайиб бормоқда. Улардан эшитганларимиз бизга ҳаёт йўлида асқотиши табиий. Бундай суҳбатлар ёшларнинг ҳар томонлама огоҳ ва ҳушёр бўлиб улғайишида, ҳаётни чуқурроқ тушуниб етишида муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат шундай. Нуроний кишилар билан дилдан суҳбатлашиш, уларнинг хотираларини тинглаш биз, ёшлар учун катта сабоқдир...

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.