04.05.2017

МУРОЖААТЛАРГА БЕФАРҚ ҚАРАШГА ҲАҚҚИМИЗ ЙЎҚ

Мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар жараёни ҳар биримиздан янада фаол, фидойи бўлишни талаб қилмоқда. Айниқса, аҳолини ўйлантираётган масалаларни аниқлаш, уларга ечим излашда сиё­сий партиялар, депутатлар зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Бу борада маҳаллий партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти муҳим ўрин тутмоқда. Электорат вакилларини ташвишга солаётган масалаларни ўз вақтида ўрганиш, муаммоларнинг илдизига етиб бориш, партия гуруҳларимиз ор­қали уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Фикримнинг далили сифатида қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Жорий йилнинг биринчи чорагида ЎзХДП Андижон вилоят Кенгаши ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига мурожаат қилганлар сони 381 нафарни ташкил этди. Кўтарилган масалаларнинг 90 фоизи ижобий ҳал қилинди. Батафсилроқ айтадиган бўлсак, мурожаат қилган фуқароларнинг 161 нафарига ишга жойлашишда ёрдамлашилди. Иш ҳақи ва пенсия пулини вақтида берилиши таъминланди ва моддий ёрдам кўрсатилди. 144 мурожаат уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳаларга тегишли. Ўз ишини очмоқчи бўлганларнинг 26 нафарига кредитлар ажратишга кўмаклашилди. Қолган 49 мурожаат юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шуни ҳам айтиш керакки, мурожаатлар сони шу йилнинг биринчи чорагида 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 154 тага кўпайди ва ижобий ҳал қилиниш даражаси 16 фоизга ортди. Бу аҳоли ўртасида партия­миз нуфузи ошаётганидан далолатдир.

Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини аҳолига қулай тарзда ташкил қилиш яхши самара бермоқда. Чунки кексалар, ногиронлар ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг туман, шаҳар марказига боришга имконияти йўқ бўлиши мумкин. Шуни инобатга олиб, ташкил қилинаётган Кўчма жамоатчилик қабулхоналари кўпчиликка маъ­қул бўлмоқда. Чекка қишлоқларда ҳам бу борада иш қизғин. Одамларда мурожаат қилиш ва вазиятга тўғри баҳо бериш маданияти юксалиб боряпти. Улар муаммони тўғри қўя оляпти. Асосийси, уларнинг ечими кўпчилик манфаатига хизмат қилишига ишонишади.

Масалан, депутатларимиз ўз ваколатларидан фойдаланиб, Андижон шаҳри Лутфий кўчасида ўрнатилган эски электр сим ёғочларини янгисига алмаштириш юзасидан «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятига депутатлик сўрови жўнатди. Бу муаммо жамиятнинг «Янги шаҳар» бўлими томонидан ҳал қилинди.

Вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Дурбек Абдураҳмоновнинг вилоят автойўл корхонасига жўнатган депутатлик сўрови асосида Шаҳрихон тумани Сегазақум маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Сегаза кўчасини асфальт қилиш масаласи жорий йил режа-дастурига киритилди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоси Ёқутхон Мадраҳимова томонидан «GМ-Uzbekistan» корхонасига Асака туманидаги 1870 йилда қурилган ҳунармандлар жойлашган тарихий бинони таъмирлаш бўйича депутатлик сўрови юборилди. Мазкур масала ҳам ижобий ҳал этилди.

Ҳозирги пайтда депутатларимиз, аввало, мурожаатларда кўтарилган масалани пухта ўрганиб, масъулият билан ҳал этиш чораларини кўришяпти. Депутатлик сўрови ижросида депутатнинг иштироки муаммонинг тез ечим топишига замин бўлмоқда.

Яна бир мисол. Андижон тумани Буюк Турон маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари туман газ идорасидан суюлтирилган газ баллонларини олишда қийинчиликка дуч келинаётганини билдириб, ёрдам сўрашди. Мазкур масала юзасидан туман Кенгаши депутати Сардор Қосимов томонидан ишчи гуруҳи тузилди. Депутатлик назоратини кучайтириш натижасида суюлтирилган газ баллонларини биринчи нав­батда кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронларга берилиши йўлга қўйилди.

Бу ишлар бажаришимиз керак бўлган вазифаларнинг бир қисми холос. Агар ҳар бир ишга янада масъулият билан ёндашсак, муаммонинг ечимини топиш, кўз ил­ғамас айрим камчиликларни бартараф қилиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, яшаш шароитини яхшилашга эришиш мумкин. Ўйлайманки, ҳар биримиз эзгу мақсадлар билан фаолият юритсак, одамларнинг ишончини оқлашга эришамиз.

 

Абдулҳамид НУРМАТОВ,

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.