18.04.2017

ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши пленумида эришилган ютуқлардан кўра, камчиликлар кўпроқ таҳлил қилинди. Электоратнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, турмуш фаровонлигини яхшилашнинг самарали усулларидан бири бандлик масаласига эътиборни кучайтириш алоҳида таъкидланди.

— Ёшлар бандлигини таъминлашда фаол иштирок этиш партиямизнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Шу боис жорий йилнинг ўтган даврида касбга йўналтириш борасида 30 дан ортиқ учрашув ташкил қилинди, — дейди ЎзХДП Олтинсой туман кенгаши раиси Рўзибой ­Лапасов. — Улар паррандачилик, боғдорчилик, чорвачилик, асаларичиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан таништирилди. Бунинг натижасида битирувчиларнинг эллик нафардан ортиғи имтиёзли кредит билан таъминланди, 300 дан зиёди коллежни тамомлагач, меҳнат фаолиятини бошлашини кафолатловчи ҳужжат имзоланди.

— Ўзбекистонни янада ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг навбатдаги босқичига дадил қадам қўйишимизга асос бўлади, — деди Сурходндарё ви­лоят партия кенгаши раиси Чори Жумақулов. — Унда кўзда тутилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримиздан юксак масъулият талаб қилади. Пар­тия ташкилотлари ва депутатлар ҳамкорликда аҳоли билан кўпроқ мулоқот ўтказиши, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишда ташаббускор бўлиши керак. Бугун «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида ишлаб бўлмайди. Ижро ҳокимияти органлари томонидан дастур ва қонунлар жойларда қандай бажарилаётганини ўрганиш, депутатлик назоратини изчил олиб бориш керак, деб ўйлайман.

Бугунги кунда вилоятда банд­ликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, йўл-транспорт ва бошқа соҳаларда айрим нуқсонлар бор. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда 25 дан ортиқ масала партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва сессияларда муҳокама қилиниши белгиланган. Сессияларга масала тайёрлашда мутасадди ташкилотлардан қуруқ ҳисоботларни олиш билан чекланиб бўлмайди. Ҳақиқий аҳволни ҳудудларга чиқиб, ўрганиш, керак.

— Биз, кўпроқ одамларни эшитишимиз, уларнинг талаб ва таклифларини ўрганишимиз зарур, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Турсунпўлат Норбоев. — Қачонки, халқ ичига кириб борсак, улар билан юзма-юз учрашсак, жойлардаги муаммоларнинг илдизига етиб бориш мумкин. Фикримча, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, ҳудудий ривожланиш дастурлари, иш ўринлари яратиш билан боғлиқ масалалар ечимига кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим. Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, партия дастурий мақсадларини аҳоли, электорат вакилларига тушунтиришга қаратилган семинар-тренинг ва давра суҳбатларини жонли мулоқот тарзида ўтказиш яхши самара беради, деб ўйлайман.

Пленумда кўрилган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.