Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
08.04.2017

БУГУНГИ КУН ТАЛАБИ

Ёки Ҳаракат дастури ижроси ҳақида

Ўзбекистон Халқ демократик партияси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга, уларнинг электорат манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партиянинг яқинда бўлиб ўтган VII пленумида ҳам партия гуруҳлари олдига катта вазифалар қўйилди. Бугун депутатларимизнинг кўпчилиги ўз ҳудудларида одамларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўрмоқда.

Албатта, электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўрганиш, уларни ҳудудлар ривожи нуқтаи назаридан таҳлил қилиш осон иш эмас. Бунинг учун елиб-югуриш, масаланинг илдизига етиб бориш керак бўлади. Бироқ депутатларнинг ҳаммаси бугунги масъулиятни, талабни етарли даражада ҳис этаяпти, деб бўлмайди.

Яхши маълумки, парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловдан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини қабул қилди. Дастурда партия кенгашлари ва депутатлар зиммасига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Муҳим томони, улар ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган. Айтайлик, қайсидир туманда хизмат кўрсатиш ёки касаначиликни ривожлантиришга эҳтиёж катта бўлса, қайсидир жойда аҳоли кўрсатилаётган тиббий хизматдан рози эмас. Яна қаердадир йўллар таъмирталаб, бошқа жойда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида муаммо бор. ЎзХДП Ҳаракат дастурида сайловчилар манфаатларига алоқадор шу каби масалалар ҳудудлар кесимида белгилаб ­берилган. Таҳлиллар шуни кўр­сатмоқдаки, ўтган йили Ҳаракат дастури асосида маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари томонидан 112 масала сессиялар муҳокамасига киритилди. Лекин Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Мўйноқ туман­лари, Андижон вилоятининг ­Хон­обод, Андижон шаҳарлари, Пахтаобод тумани, Бухоро вилоятининг Бухоро тумани, Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани, Самарқанд вилоятининг Каттақўр­ғон, Нарпай, Оқдарё, Ургут ­туманлари, Каттақўрғон шаҳри, Сирдарё вилоятининг Ховос тумани, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани, Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги партиямиз гуруҳлари Ҳаракат дас­турида белгиланган масалаларни ўрганиш, сессиялар муҳокамасига киритиш бўйича сусткашликка йўл қўйган.

Бугун сайловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалган. Улар ўзларига вакил, деб сайлаган депутатлар фаолиятини доим кузатиб туради. Қайси депутат астойдил ишлаяпти, аҳоли манфаатларини ким кўпроқ ҳимоя қиляпти, хуллас, кимнинг одамларга фойдаси тегаётганини яхши билади.

Қайси депутат ҳаракат қилаётган, ташаббус кўрсатаётган бўлса, амалий натижалар бўлаяпти. Бир мисол. Ўтган йили халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши сессиясида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш билан боғлиқ масала кўриб чиқилди. Ушбу масала сессияда кўрилгунга қадар жорий йилда тумандаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 1016 нафар битирувчининг 705 нафари ёки 69,3 фоизининг бандлиги таъминланган эди. Масала сессияда атрофлича муҳокама этилди, мутасадди ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди. Натижада 2016 йилнинг 31 декабрь ҳолатида битирувчиларнинг 874 нафари ёки 86 фоизининг бандлигини таъминлашга эришилди.

Яна бир мисол. 2016 йилнинг 3 июнида халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида «Тумандаги мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш борасидаги ишларнинг аҳволи тўғрисида»ги масала муҳокама қилинган эди. Сессия йиғилишидан кейин 5-сон мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирдан чиқарилди. Жорий йилда яна 4 боғча ҳамда 2 мактабгача таълим муассасалар филиалини капитал таъмирлаш режалаштирилди. Демак, депутатларнинг саъй-ҳаракати, изланиши бесамар кетмади. Бундан одамлар манфаат кўрди.

Яқинда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳларининг доимий комиссия ва сессиялардаги иштирокининг жорий йил 3 ойлик натижаларини умумлаштирди. Маълумотларга қараганда, партиямиз Ҳаракат дастури асосида йилнинг биринчи чорагида депутатларимиз ташаббуси билан партия гуруҳларида 116, доимий комиссияларда 62, сессияларда эса 13 масала кўриб чиқилган.

Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича 9 масала партия гуруҳларида, 3 таси ­доимий комиссияларда ва 1 масала сессия муҳокамасига олиб чиқилди. Соғлиқни сақлаш, поликлиникаларни замонавий тиббий ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини яхшилаш, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш билан боғлиқ 31 масала партия гуруҳларида, 23 таси доимий комиссияларда ҳамда 4 таси сессия­лар кун тартибига киритилди. Тошкент вилоятининг Чиноз ва Зангиота туманлари, Андижон вилоятининг Хон­обод шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг Шеробод туман Кенгаши сессияларида ушбу тизимга алоқадор масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Айни кунда депутатлар қарор ижроси устидан назорат олиб боряпти.

Аммо Ҳаракат дастурида белгиланган масалаларга масъулиятсизлик билан ёндашаётган партия гуруҳларимиз ҳам бор.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича бошланган кенг кўламли ишлар сиёсий партия­лар зиммасига ҳар қачонгидан юксак вазифаларни юкламоқда. Депутат учун энг муҳими, фаолиятида ана шундай аниқ натижага эришиш, юзи ёруғ бўлиш, ўзи мансуб бўлган сиёсий партия дастурини амалга ошириш, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: