06.04.2017

СЕССИЯГА МАСАЛА КИРИТИШ ЎЗ-ЎЗИДАН БЎЛМАЙДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан минтақалар бўйлаб ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирларда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг ўз ваколатларидан самарали фойдаланиши масаласида фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Ҳудудларнинг ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгаш депутутлари учун тавсиялар ишлаб чиқиляпти.

Пскент туманида ҳам ана шундай ўқув-машғулоти бўлиб ўтди. Унда вилоят партия кенгаши фаоллари, туман Кенгаши депутатлари, ўқитувчи-педагоглар иштирок этди.

Дастлаб вилоят партия кенгаши раҳбари Меҳрожиддин Дархонов партия ташкилотлари ва депутатлари олдига қўйилаётган бугунги талаблар ҳақида сўз юритди. Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ўй­лантираётган масалаларни ҳал этишда депутатлик сўрови институтидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилнинг ўтган даврида 100 га яқин депутатлик сўровлари тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборилган бўлса, уларнинг аксарият қисми фуқаролар мурожаатларига асосланганини қайд этди. Сусткашликка йўл қўяётган партия гуруҳлари ва ташкилотларининг фаолияти танқидий баҳоланиб, уларнинг ишини жонлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Партия Марказий Кенгаши бўлим мудири ­Боймурод Юсупов ўқув-семинар мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, маъруза қилди.

— Партия гуруҳларининг бевосита вазифаси халқ билан ишлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиб, муҳокама қилишдан иборат, — дейди у. — Масалани доимий комиссия ёки сессия муҳокамасига киритиш учун маълумотлар атрофлича таҳлил қилинган, чуқур ўрганилган ва шунга мос равишда аниқ, жўяли таклифлар ишлаб чиқилган бўлиши лозим. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳар бир масала юзасидан соҳага алоқадор мутахассис билан ҳамкорликда иш олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Масаланинг катта ёки кичиклигидан қатьи назар масъулият билан ёндашиш талаб этилади.

Шунингдек, ҳар бир депутат зиммасидаги масъулиятни чуқур англаса, фаолиятига танқидий баҳо бера олади. Қачонки, депутат нима учун сайланганини тўлақонли идрок этиб, вазифасини виждонан бажарса, халқ манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги ҳаракатлари ижобий самара беради.

Маърузачи партия гуруҳлари ишини такомиллаштириш, ҳамкорлик тизимини яхшилаш ҳамда сессияга масала киритиш учун эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирди. Сўзга чиққан депутатлар томонидан турли таклифлар илгари сурилди.

— Олдимизда турган вазифалар кўп. Уларнинг барчасини амалга ошириш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак, — дейди Пскент туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Жўрақул Отақулов. — Замон тараққий этиб, одамларнинг фикри, дунёқараши ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бу биздан янада катта масъулият, ишга виждонан ёндашишни талаб этади. Аҳолининг истакларини инобатга олиб, 2016 йилда йўл­ларни таъмирлаш масаласини сес­сия­га олиб чиқдик. Мутасаддилар жорий йил дастурига киритишни ваъда берди. Айни пайтда мазкур масала диққат марказимизда турибди.

— Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳам бугунги куннинг устувор вазифаси саналади, — деди Пскент туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Абдулҳамид ­Давронов.— Яхши мутахассис ҳеч қачон кўчада қолмайди. Аммо битирувчиларнинг барчаси ҳам ўз ишининг устаси бўлиб етиш­япти, дейиш қийин. Шунинг учун коллежлардаги таълим сифатини тубдан ислоҳ этиш керак, деб ўй­лайман. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ёшларнинг дарс маш­ғулотларига мунтазам қатнашиши учун ота-оналар масъулиятини янада кучайтириш зарур. Ҳозир шу масала бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз.

Семинарда, шунингдек, Пскент туман ахборот ­ресурс-маркази раҳбари Хотимахон Оқилова, туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Мурод Абдулқосимов, Пскент ­агросаноат касб-ҳунар коллежи директори ­Темур Азаматов ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдиришди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.