14.03.2017

ЭЛЕКТОРАТ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ

муаммолар ечимига хизмат қилади

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Ҳаракатлар стратегияси, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Ана шундай анжуманлардан бири пойтахтимизнинг Юнусобод туманида ташкил этилди.

«Партия Сайловолди дастури: мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусида бўлиб ўтган ўқувда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш ва Тошкент шаҳар партия кенгаши масъул ходимлари, депутатлар ва ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда партия Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов электорат манфаатларини ҳимоя қилиш партия дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, партия гуруҳлари ҳамда ташкилотлари фаолиятини кучайтириш масалалари хусусида сўз юритди. Жойларда ўз ечимини кутаётган муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши муҳокамасига олиб чиқиш бўйича фикр билдирилди.

Тадбирда, шунингдек, Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов, депутатлар ҳамда партия ­фаоллари мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини баён этди. ­Хусусан, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида электорат манфаатларини ўрганиш бўйича гуруҳлар ташкил этиш, ҳар бир ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб, маълумотлар базасини яратиш кераклиги таъкидланди. Партия веб-сайти орқали парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари юзасидан электорат вакиллари билан ўзаро мулоқот йўлга қўйилиши, фуқаролар таклифларини олиш механизми яратилиши муҳим аҳамиятга эга.

Партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан электрон поч­та орқали мулоқот тизимини ўрнатиш лозимлиги қайд этилди. Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини тубдан такомиллаштириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.