07.03.2017

АЁЛ — ЖАМИЯТНИ ҲАРАКАТГА КЕЛТИРУВЧИ ҚУДРАТЛИ КУЧ

Бу ҳақиқат «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови республика босқичида яна бир бора намоён бўлди

Бугун қай бир соҳага қараманг, хотин-қизларнинг фаоллиги, ташаббускорлигини кўрасиз. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижти­моий-иқтисодий фаоллигини ошириш ҳаётий аҳамиятга эга. «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови шу мақсадда ўтказиб келинмоқда. Мазкур танловда 2015 йилдан бери 3 минг нафарга яқин опа-сингилларимиз иштирок этди.

Тошкент шаҳрида 3-4 март кунлари танловнинг якуний — республика босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди.

Танловнинг биринчи куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бос­қичида ғолиб бўлган 14 нафар иштирокчи «Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир», «Сиёсий ҳозиржавоблик» шартлари бўйича ўз билимини синовдан ўтказди.

«Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир» шартида иштирокчилар партиямиз электорати манфаатларига дахлдор бўлган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб берди. Шу билан бирга, уларни партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини ҳам билдиришди.

«Сиёсий ҳозиржавоблик» шарти иштирокчилар учун ҳам, аудитория учун ҳам қизиқарли бўлди. Қатнашчилар Конституциямиз, сиёсий партиялар фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, Олий Мажлис палаталари ва партия­миз Сайловолди дастури, дунё тарихидаги маш­ҳур сиёсатчи аёллар ҳақидаги ранг-баранг саволларга жавоб беришди.

Қорақалпоғистонлик иштирокчи Замира Алланиязова, хоразмлик Санобар Бекжонова, сирдарёлик Нозима Тўрақулова саволларга аниқ ва батафсил жавоб берди.

— Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштиришда хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди андижонлик иштирокчи Дилноза Ҳошимова.  Партия­мизнинг Сайловолди дастурида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахл­дорлик туйғусини кучайтириш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Партиямиз тизимида ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов ана шу мақсадларга хизмат қилади, деб ўйлайман.

«Сиёсий ҳозиржавоблик» шартида бунга яна бир бор амин бўлдим. Тайёргарлик жараёнида хотин-қизлар ҳуқуқларига оид кўплаб қонун ҳужжатларини чуқур ўргандим. Давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишдим. Шу маънода, танлов бизга катта мактаб бўлди, десам, адашмайман.

Танловнинг иккинчи куни «Лойиҳа тақдимоти» шарти ўтказилди ва ғолиблар аниқланди.

Иштирокчилар бирин-кетин ўз лойиҳаларининг мазмун-моҳияти билан таништирди. Ҳар бир лойиҳа партиямиз электорати манфаатларига қаратилгани, ҳаётий масалалар кўтарилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда хотин-қизларни жамият ҳаётига фаол жалб қилишга қаратилган кўплаб лойиҳалар тақдим этилди. Улар амалиётга татбиқ қилинса, юзлаб янги иш ўринлари яратилади.

...Ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Ҳакамлар ҳайъати умумий балларни эълон қилди. Унга кўра, бухоролик Соҳиба Файзуллаева учинчи ўринни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин фар­ғоналик Санобар Ўзбековага насиб этди. Тошкент шаҳри иштирокчиси Нилуфар Собиржонова энг юқори балл билан танлов ғолиби, Ўзбекистон Халқ демократик партия­сининг энг фаол аёли, деб топилди.

Қолган иштирокчилар «Энг фаол ва иқтидорли сиёсатчи», «Энг фаол ҳуқуқ билимдони», «Энг самарали ижтимоий лойиҳа», «Энг яхши нотиқ», «Энг ташаббускор иштирокчи» каби номинациялар бўйича тақдирланди.

Ғолиб ва совриндорларга ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек ­Вафоев диплом ҳамда эсдалик совғаларини топширди. Барчани 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан қутлади.

Бундай беллашувларнинг аҳамияти ким нечанчи ўринни олгани билан ўлчанмайди. Муҳими, танловнинг барча босқичларида мамлакатимиз бўйлаб юзлаб хотин-қизларимизнинг иштирок этгани, шу орқали билими юксалгани, фикри, дунёқараши ўзгаргани, деб ўйлаймиз.

Қатнашчилар ўз қараши, ислоҳотларга муносабати ва мустақил фикрига эга. Шу боис опа-сингилларимизнинг юракдан айтган гапларини борича баён қиламиз.

 

Раҳима ЙЎЛДОШЕВА, (Наманган вилояти):

— Бу йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон мафаатлари йили, деб эълон қилиниши энг аввало хотин-қизларни хурсанд қилди. Чунки жойларда ижтимоий муаммо бўлса, бунинг асосий жабрини аёллар тортади. Электр энергияси ёки табиий газ йўқ бўлса, тиббий ва маиший хизматлар яхши йўлга қўйилмаса, буларнинг барчаси биринчи навбатда аёлларга қи­йинчилик туғдиради, деб ўйлайман. Сабаби, аёл оиланинг юраги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мулоқотларда опа-сингилларимизни ўйлантириб келаётган саволлар бериляпти, масалалар ҳал этил­япти.

Тўғрисини айтиш керак, туманимиз ҳокими, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларини деярли танимас эдик. Уларга бирор-бир муаммони айтиш, юзма-юз мулоқот қилишнинг имкони борлигига ишонмасдик. Улар халқдан узоқроқдек туюларди. Эндиликда нафақат туман раҳбарлари, балки парламент аъзолари ҳам биз билан мулоқотга киришяпти. Авваллари ҳокимият биносига озчилик одамни йиғиб, асосан бюджет ташкилотида ишлайдиганлар билан учрашув ўтказилар эди. Уй бекалари, оддий кишилар дардини тинглайдиган одам тополмай қийналарди. Ҳозир эса уйма-уй юриб, уларни эшитишяпти. Бу катта аҳамиятга эга.

Депутатлар томорқамиз билан танишишди ва бизни қийнаётган муаммолар билан қизиқишди. Ҳужжатларни расмийлаштиришдаги оворагарчилик, таъмагирлик ҳолатларига дуч келаётганимизни айт­дик. Хуллас, кўплаб мурожаатларимизни ҳал этишга ёрдам беришди. Ана шунда мулоқотлар нақадар зарур эканини тушундим. Танлов давомида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган опа-сингилларимизнинг ҳам шу фикрда эканини эшитиб, хурсанд бўлдим.

 

Нилуфар СОБИРЖОНОВА, «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» кўрик танлови ғолиби (Тошкент шаҳри):

— Тўғриси, жуда ҳаяжондаман. Саҳнада ғолиб бўлганим эълон қилинганда, хаёлимдан танловга тайёрланиш жараёнлари бирма-бир ўтди. Ҳар куни сиё­сий партия вакиллари, депутатлар билан ҳамфикр бўлдим. Билмаганларимни сўраб ўргандим, партия фаоли сифатида улар билан елкама-елка туриб ишладим. Сиёсий билимим мустаҳкамланди, хотин-қизларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқдим. Бугун буларнинг барчаси менга асқотди.

Мен ўқитувчиман. Нафақат фарзандимнинг тарбияси учун, балки ўқувчиларим, маҳалла-кўй олдида ҳам масъулман. Коллежимиз ўқувчиларининг аксарият қисмини қизлар ташкил этади. Келажакда улар касб-ҳунар эгаллаб, жамиятнинг фаол аъзоси бўлиши учун биз ҳар томонлама ўрнак, намуна бўлишимиз керак. Бундай танловларга опа-сингилларимизни кўпроқ жалб қилсак, уларнинг фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшган бўламиз.

 

Саида КАРИМОВА, (Сурхондарё вилояти):

— Танловда қатнашишдан олдин менда ҳам иккиланиш, ҳадик бор эди. «Нима қиласан? Қўй шу танловингни...» дегувчилар ҳам бўлди. Лекин мен омадимни синаб кўришга қарор қилдим ва бундан мамнунман.

Хотин-қизларнинг вазифаси бола тарбияси, уй юмушларидан иборат, деб ўйлайдиган одам янглишади. Аёл кишининг ҳам ўз орзу-умидлари бор. Уларни қадрлаш, жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш муҳим аҳамияга эга.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Бугун ҳар бир оила ёш қизларга ва келинларга тўғри йўл кўрсатиши, билмаганини ўргатиши, мададкор бўлиши керак. Шунда улар ҳаётдан рози бўлиб, орзу-ҳаваслари учун интилиб яшайди. Ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, бугун оиламга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак бер­япман. Фарзандларимнинг келажаги учун ғамхўрлик қиляпман. Оилада ўз фикрим, ўз ўрним бор. Имкон топиб, ҳар бир аёл ҳунарли бўлиб, ишлагани маъқул. Ана шунда оилалар янада мустаҳкам бўлади.

 

Санобар ҚИПЧАҚОВА, (Самарқанд вилояти):

— Танловга тайёргарлик жараёнида дўсту дугоналар орт­тирганимдан хурсанд­ман.

Паррандачилик билан шуғулланиш ло­йиҳасини ишлаб чиқдим. Қонунларни шарҳ­лаш ва таклиф бериш учун пенсия жам­ғармаси мутахассислари билан ҳамкорликда ишладим. Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунни атрофлича ўрганиб чиқдим. Аҳолини қийнаётган муаммолар билан қизиқдим. Маълумотларга кўра, қонуннинг 32- ва 37- моддалари бўйича фуқаролардан бир йилда 1847 мурожаат тушган. Ўрганганларимдан келиб чиқиб, таклифлар тайёрладим.

Оиламга келсак, уч нафар фарзандим бор. Уларнинг ютуқларидан қувонаман. Бир йилнинг ўзида ўғлим Навоий номидаги давлат стипендияси ва «Камолот» стипендиясини қўлга киритди. Бахтли онаман, десам янглишмайман.

Инсон ҳаётда ўз йўлини топиши учун унда билим етарли бўлиши лозим. Кўрик-танлов республика аёлларининг янада фаоллашувига хизмат қилмоқда. Одам сиёсий-ҳуқуқий билимга эга бўлса, ҳаётда муаммоларни ҳал этиш йўлини топа олади, деган қатъий хулосага келдим. Бунинг учун танлов ташкилотчиларига раҳмат. Ушбу ташаббусни қариндошларим, қўни-қўшнилар орасида ҳам тарғиб қиламан, уларни фаол бўлишга ундайман.

 

Соҳиба ФАЙЗУЛЛАЕВА, «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» кўрик танлови учинчи ўрин соҳибаси (Бухоро вилояти):

— Тўғрисини айтсам, танловга келишдан аввал роса ўйландим. Биринчидан, уйимдан, фарзандларимдан олисда бўлмаганман. Ундан кейин, оила аъзоларимнинг фикри қандай бўларкин, деган хавотирда эдим. Бу ерга келиб, ҳечам афсусланмадим. Танловда кўрганларим, ўрганганларим ўзгача бир оламдек туюлди.

Масалан, танловга тайёрланиш жараёнида кўплаб сиёсий адабиётларни ўқидим, сиёсий партиялар нашрларини мунтазам кузатиб бордим. Айтиш мумкинки, ҳаётга қарашим ўзгарди.

Аёллар бирор нарсани мақсад қилса, бирор ишга қўл урса, унинг оила аъзолари, турмуш ўртоғи қўллаб-қувватласа, олам гулистон бўлар экан, деган хулосага келдим. Истагим, барча эркаклар ўз аёлига ҳар ишда мададкор, елкадош бўлсин. Ана шунда аёллар бахтли бўлади, жамият янада тараққий этади.

Менга қолса, танловнинг ҳар бир иштирокчисини ғолиб, деб атаган бўлардим. Чунки уларда ўз устида ишлаш, изланиш ва иқтидорини намо­йиш этишга ирода мужассам. Танловда ўрганганларимиз ўзимизга бўлган ишончни оширди.

 

Инобат ШОМУРОДОВА, (Қашқадарё вилояти):

— Юртимизда тадбиркорликка катта имкониятлар берилаётганини уй бекалари ҳам яхши ҳис қилмоқда. Танловда йодга тўйинтирилган нон ишлаб чиқариш цехи ло­йиҳасини амалга ошириш ғояси билан чиқдим. Бу лойиҳа ҳам сифатли, ҳам арзон маҳсулотлар билан бозорларимизни тўлдиришга хизмат қилади, деб ўйлайман. Маҳалламиз аёлларини иш билан таъминлашни ният қилдим. Лойиҳамни амалга оширишга қаттиқ бел боғладим.

Барча ишларимга улгуришимда, олдинга интилишимда оила аъзоларимнинг ўрни беқиёс. Пойтахтга келиб, мана шундай танловларда қатнашишимда қайнонамнинг ҳиссаси катта. Улар доим мени қўллаб-қувватлайди, шароит яратиб беради. Билимли киши хор бўлмайди, деб кўп таъкидлайди. Фарзандларимнинг ҳам олдинги сафларда бўлишини истайди. Қизим инглиз тили, ўғлим каратэ ва шахмат тўгарагига қатнайди. Ўтган йили оромгоҳда ўтказилган шахмат мусобақасида ғолиб бўлди. Буни кўрган қўшниларим ҳам ўз фарзанд­ларини тўгаракларга юбор­япти.

 

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз таркибида 5 нафар, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз таркибида эса 450 нафарга яқин депутат аёл фаолият юритмоқда. Партиямиз аъзоларининг 203 мингдан зиёди хотин-қизлар бўлса, уларнинг 300 нафардан ортиғи ҳудудий ташкилотларда турли лавозимларда ишлаб келяпти. Бу эса қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда, халқ билан мулоқот ўрнатишда, муаммоларни ҳал қилишда аёллар ҳам фаол иштирок этаётганини билдиради.

Айни пайтда депутатлар, фаол аёллар жойларда аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ тутмоқда. Аёлларни қўллаб-қувватлаш, фаолликка ундаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш долзарб масала ҳисобланади. Мазкур танлов барчамизни ана шу ишга рағбатлантиради, деб ишонаман.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.