04.03.2017

ДЕПУТАТ БИЛАН БИР КУН ЁНМА-ЁН

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб номланишида чуқур маъно мужассам. Одамлар орасида юриб, бу ташаббуснинг нақадар ҳаётий эканини англаб етаяпмиз, керакли хулосалар чиқаряпмиз.

Деярли ҳар куни маҳаллаларда юрамиз. Уйда ётган беморлар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан мунтазам хабар оламиз. Ҳомийлар кўмаги билан байрамларда уларга совға-саломлар улашилади.

Олмалиқ шаҳрига кириб борганимизда қуёш илиқ нурларини соча бошлаганди. Шаҳар марказий шифохонасининг иккинчи қаватига кўтарилдик. Бош шифокор қабулига келганлар навбат кутиб туришарди.

Шифохона бош шифокори Қизилгул Қосимова халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси. Шу боис фақат тиббий масалада эмас, бошқа ташвишлар билан ҳам унинг қабулига кўпчилик эшик қоқиб келади. У бирига депутат, бирига шифокор, бирига дўст, бирига опа-сингил бўлиб маслаҳат беради, муаммоларини ечишга кўмаклашади, дардини эшитади.

Аслида бизнинг мақсадимиз ҳам депутатнинг аҳоли, сайловчилар билан мулоқоти, одамлар орасига қанчалик кириб бораётгани, уларни ўйлантираётган масалаларга қандай ёндашаётганини билиш, ўрганиш эди.

— Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда, — дейди депутат. — Шунга мувофиқ, бизнинг олдимизда турган вазифалар, зиммамиздаги масъулият ҳам катта. 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб номланишида чуқур маъно мужассам. Одамлар орасида юриб, бу ташаббуснинг нақадар ҳаётий эканини англаб етаяпмиз, керакли хулосалар чиқаряпмиз.

Деярли ҳар куни маҳаллаларда юрамиз. Уйда ётган беморлар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан мунтазам хабар оламиз. Ҳомийлар кўмаги билан байрамларда уларга совға-саломлар улашилади.

— Сайловчиларингиз, умуман, шаҳар аҳолисини кўпроқ қандай масалалар ўйлантирмоқда? Мулоқотлар давомида қандай муаммолар билан мурожаат қилишяпти?

— Ҳоким, парламент аъзолари, мутасадди ходимлар билан бирга аҳоли вакиллари билан учрашиб, суҳбатлашяпмиз. Ҳар чоршанба куни сайёр гуруҳ ҳудудларга чиқ­япти. Очиқ мулоқотлар давомида аҳолини кўпроқ бандлик масаласи ўйлантираётгани маълум бўлмоқда. Мана, ҳозиргина қабулимдан чиққан онахон ҳам неварасини ишга жойлаштириш масаласида ёрдам сўраб келибди.

Шаҳримизда 6 коллеж, битта академик лицей бор. Ҳар йили мазкур таълим муассасаларини минглаб ёшлар битиради. Касб-ҳунар коллежлари кончилик, ижтимоий сервис, уй-жой қурилиши, саноат ҳамда тиббиёт соҳалари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳар йили минг, бир ярим минг нафар ёшларни ишга қабул қилади. Тиббиёт коллежини ўтган йили шу ҳудуднинг ўзида рўйхатда бўлган 50 нафардан ортиқ битирувчи тамомлади.

— Коллеж битирувчилари учун иш ўринлари етарлими?

— Афсуски, йўқ. Шунинг учун ҳам тиббиёт коллежларида ҳар йили турли йўналишларда мутахассислар тайёрлаш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Эҳтиёжга қараб, бир йили лаборантлик, бошқа йили стоматология ҳамшираси, фармацевтика йўналишлари очилиши бўйича таклифлар беряпмиз. Ички йўлларни таъмирлаш масаласи ҳам долзарб масаладир. Аҳолидан тушган мурожаатлар асосида мутасаддиларга депутатлик сўровлари киритилган.

Бугун сайловчилар билан учрашув белгилаганмиз. Аҳоли мурожаатлари билан яқиндан танишишингиз мумкин бўлади. Вақт ҳам бўлиб қолди, юринглар, сизларни ижтимоий иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежига таклиф қиламан. Очиқ мулоқот ўша ерда бўлиб ўтади.

Йўл-йўлакай депутат билан соғлиқни сақлаш тизими олдида турган вазифалар, келгусидаги режалар ҳақида ҳам суҳбатлашдик.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб, биринчи навбатда аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга эътибор қаратяпмиз. Тўғриси, ходимларимизнинг беморлар билан мулоқоти, касбга фидойилиги қаттиқ назоратга олинди.

Шифохонамизда тиббий ижтимоий сектор фаолияти йўлга қўйилган. 17 нафар ижтимоий ходима ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан мунтазам хабар олади. Ёлғиз кексаларни бепул дори-дармонлар билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Ногиронларга ҳаракат таянч буюмлари навбат билан бепул бериб борилади.

Бизни Ўзбекистон ХДП Олмалиқ шаҳар кенгаши раиси ­Муҳриддин Ҳамзаев кутиб олди.

— Халқнинг ичига кириб, уларнинг дарди, муаммолари, таклифларини эшитишимиз лозим, — дейди у. — Одамларга қанча яқин бўлсак, уларни ўйлантираётган муаммолардан хабардор бўламиз, ечими учун кўмаклашамиз. Бугун ҳам шу мақсадда йиғилдик.

— Маҳалла аҳли, ота-оналар мактабда турли сабаб ва баҳоналар билан пул йиғиш кўпайгани ҳақида гапиришади, — дейди «Ҳамза» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Олтиной Ўлжабоева. — Аслида бу қанчалик тўғри? Мактабда ўқувчилардан қандай ҳолларда пул йиғилиши мумкин?

Яна бир эътирозим — туғуруқхоналарда бериладиган суюнчи пуллари масаласида. Ҳатто айрим тиббиёт ходимлари шунча пул берилсин, деб талаб қилади. Рўйхатдан ўтиш учун ҳам пул сўрашади.

— Қизим коллежни битирди, мактабда амалиёт ўтади, — дейди Зуҳра Шарофиддинова. — Лекин мактабга олий маълумотли кадр кераклиги айтилиб, қизим ишга олинмади. Мактаб билан уч томонлама шартнома ҳам тузилган. Коллежда шартномалар ­номига тузиладими, нега уларга амал қилинмайди?

— Кўчамиздан қурилиш ва уй-жой хўжалик касб-ҳунар коллежи ҳамда оилавий поликлиникага келиш учун иккита транспорт­дан фойдаланамиз, — дейди «Янги ҳаёт» маҳалласидан Савринисо Солиева. — Бу эса аҳолига, болалар ва ёш болали аёлларга қи­йинчилик туғдирмоқда. Шу йўлга битта йўналишда транспорт қўйиш масаласини кўтармоқчи эдим.

Мулоқот давомида яна бошқа масалаларда ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди, ҳаётий саволлар берилди. Депутат саволларга жавоб бериб, муамммоларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаб олди. Мулоқотда Олмалиқ шаҳар кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Мавжуда Илясова ҳам фаол иштирок этди.

Учрашувдан сўнг Қизилгул Қосимова коллежнинг 2-босқич бухгалтерия гуруҳига кириб борди. Уларнинг ўқиш шароитлари билан танишди. Ўқувчиларни қизиқтирган масалалар хусусида дилдан суҳбатлашди.

— Яхши ўқишимиз учун коллежимизда барча шароитлар бор, — дейди Дилноза Ашурбоева. — Кутубхонамизда китоблар етарли. Спорт залимиз ҳам тўлиқ жиҳозланган. Малакали устозлардан таълим оляпмиз. Биздан эса фақат яхши ўқиш, етук мутахассис бўлиш талаб этилади. Менинг бир таклифим бор. Коллежимизда ёзувчилар, шоирлар, сиёсатшунослар билан учрашувлар тез-тез ўтказилса.

— Ёшларнинг таклифлари, фикрларини эшитиб, уларнинг ҳаётга, эртанги кунга бўлган ишончини кўриб, жуда қувондим, — дейди депутат. — Фарзандларимизнинг ҳеч нарсадан кам бўлмай униб-ўсиши келажагимиз учун заминдир.

Кейинги манзилимиз 16-давлат махсус мактабгача таълим муассасаси бўлди. Вақт кеч бўлгани учун боғчада болалар кўринмасди.

Депутат бу ердаги шарт-ша­роит билан яқиндан танишиб, озиқ-овқат омбори ҳамда ҳафталик таомномани кўриб чиқди. Хоналарни иситиш тизими, ётоқхона, болалар ўйинчоқлари, ҳамма-ҳаммасини кўздан кечирди.

— Муассаса жорий таъмирга муҳтож, — дейди депутат муассасадан чиқар эканмиз. — Бу ҳақда албатта ҳокимиятга маълумот киритамиз. Болалар яхши шароит билан таъминланиши учун масъулмиз.

Қуёш бота бошлади. Пойтахтга қайтишимиз кераклиги учун депутат ва партия фаоллари билан хайрлашдик. Улар эса ҳали хонадонларга кириши, ёлғиз кексалар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишлари керак экан. Ҳамроҳ бўлолмаганимиздан афсусландик. Лекин депутатнинг бир кунлик фаолиятидан кўнг­лимиз тўлди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.