Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
10.01.2017

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШ ДЕПУТАТЛАРИ

зиммасида масъулиятли вазифалар турибди

Президентимиз Консти­ту­ция­миз кунига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш билан боғлиқ аниқ вазифаларни белгилаб берди. Шу асосда эндиликда шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини халқ депутатлари Кенгашлари сессия­си муҳокамасига киритиш тартиби жорий этилади. Бу эса сиёсий партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари, ҳар бир депутатдан катта масъулият талаб этади.

Дарҳақиқат, халқ билдирган ишончни оқлаш, дилдан мулоқот қилиш раҳбарлик лавозимида ўтирган инсонларнинг биринчи галдаги вазифаси саналади. Аслида одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, халқ­нинг ичига кириб бориш ва манфаатларини таъминлаш депутатлар учун ҳам доимий, устувор масаладир.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ҳаракат дастурида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгиланган. Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари уларни бажариш юзасидан муайян ташаббуслар билан чиқмоқда.

— Ўтган йили Ҳаракат дастури асосида вилоятимизда жисмоний имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди, — деди халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари ­Алишер Тошматов. — Ишни вилоятдаги жисмоний имконияти чекланган шахсларга давлат томонидан яратиб берилган шарт-шароитларни ўрганишдан бошладик. Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳу­қуқ ва эркинликларини кафолатловчи мутасадди идоралар фаолияти таҳлил қилинди. Йилнинг иккинчи ярмида мазкур масала вилоят Кенгаши сес­сия­сига киритилди.

Вилоятда ушбу йўналишда олиб борилаётган ижобий ишлар билан бирга, ечимини кутаётган масалалар ҳам аниқланди. Хусусан, жисмоний ­имконияти чекланган шахсларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга оид ташаббуслари етарлича қўллаб-қувватланмая­пти.

Шунинг учун сессияда мутасадди ташкилотларга жисмоний имконияти чекланган шахс­ларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган ишларни янада такомиллаштириш, бу ҳақда тегишли ҳисобот бериш вазифаси юклатилди. Вилоят Кенгашидаги депутатлик қабулхонасига ва депутатларга жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга асосан кўриб чиқиш, мутасаддиларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш ва яна қатор йўналишлар бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Айни пайтда мазкур қарорнинг ижроси устидан депутатлик назорати олиб борилмоқда.

— Сессияда қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш долзарб масала саналади, — деди халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Шоймурод Жўраев. — Аммо айрим депутатларимизда «сес­сия­га масала киритилди, вазифамни бажардим», деган кайфият ҳали ҳам учраб турибди. Яқинда партия гуруҳимиз дори воситалари ва фармацевтик фаолият тўғрисидаги қонуннинг ижроси юзасидан олиб борилган таҳлилларни шаҳар Кенгаши сессияга киритди. Ўрганилган камчиликларнинг атрофлича муҳокамасидан сўнг сессия қарор қабул қилди. Бу иш тугади, дегани эмас. Аксинча, иш энди бошланди. Сессия қарори ижроси устидан биз, депутатлар сергаклик, фаоллик билан қатъий назорат ўрнатишимиз лозим.

Чунки сессияда кўтарилган масала фарзандларимиз, яқинларимиз саломатлиги билан боғлиқдир. Шаҳримиздаги барча дорихоналар техник, санитар, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган тарзда жиҳозланган. Афсуски, ютуқларга соя солаётган нохуш ҳолатлар ҳам борки, бу барчани бирдек ташвишга солаётир. Баъзи тадбиркорларнинг қўпол равишда қонунга бўйсунмаганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, дорихоналарда номутахассис шахслар ноқонуний равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиш ҳоллари оз эмас.

Сессияда аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, бу борадаги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш бўйича қарор қабул қилинди. Биз, депутатлар мазкур қарор ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур.

— Партиямиз Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар юзасидан турли масалалар вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Аммо уларнинг ижроси устидан мустаҳкам назорат ўрнатиш ҳар доим ҳам тўғри йўлга қўйилмоқда, деб айта олмайман, — деди халқ депутатлари Томди туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Лаис Баянасов. — Бунинг сабаби депутатлар сессияда кўриб чиқилаётган масалаларни чуқур ўрганмаётгани, таҳлил қилмаётганида, десак, адашмаймиз.

Партия гуруҳимиз туман Кенгаши сессиясида «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси юзасидан олиб борилган таҳлилларни муҳокамага қўйди. Албатта, ижобий ишлар билан бирга, камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Масаланинг ечими юзасидан сессия тегишли қарор қабул қилди. Унга кўра, туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бош­қармаси, тиббиёт бирлашмасига оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоялаш, оила институтини кучайтиришга йўналтирилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш вазифаси юклатилди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлиги ҳамда ходимлар малакасини ошириш бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берилди. Қарор ижросининг назорати доимий комиссиялар зиммасига юклатилди.

Ҳар бир депутат сессияда қабул қилинаётган қарорнинг мазмуни, мақсадини ўзига тўлиқ тасаввур қилиб олиши керак, деб ўйлайман. Акс ҳол­да, депутатлар, маҳаллий Кенгашлар зиммасига юкланаётган масъулиятли вазифаларни бажаришимиз, электорат манфаатларини ҳимоя қилишимиз, бизга билдирилган ишончни оқлашимиз қийин бўлади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: