14.05.2013

«ГАЗЕТА ЁЗСА ЁЗАВЕРСИН, ВАЗИРЛИК НИМА ДЕСА ДЕЯВЕРСИН...»

Отдан тушса ҳам эгардан тушишни хоҳламайдиган амалдорлар ҳамон учраб туриб­ди. Олтинсой тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъ­мин­лаш ва таш­кил этиш бўлими собиқ мудирининг хатти-ҳаракатлари бунга мисол бўла олади. Дар­ҳақиқат, лавозимдан озод қилинганидан сўнг унинг кўрсатган ўйинлари кишини лол қолдиради. Янаям аниқроғи ҳайратдан ёққа ушлайсиз.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги бир гуруҳ ўқи­тувчиларнинг туман халқ таълими муассасалари фаолия­тини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудирининг ножўя хатти-ҳаракатлари ва тумандаги таълим муассасаларидаги муҳит ҳақида таҳририятимизга ёзган шикоят аризаси вилоятдаги мухбиримиз Абдумалик Ҳайдаров томонидан ўрганилиб, танқидий мақола тайёрланди.

Айрим мулоҳазалар билан ушбу мақола чоп этилмасдан Халқ таълими вазирлиги эътиборига ҳавола қилинди. Вазир ўринбосари А.Холбеков имзоси билан келган жавоб хатида мазкур ҳолат вазирлик мутахас­сислари томонидан жойида атрофлича ўрганилгани ва ўр­ганиш натижасига кўра, мудир Юсупов Бахтиёр Пайзиевичнинг иш фаолиятида йўл қўй­ган хато ва камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани қайд қи­линган.

Жавоб хати газетамизнинг жорий йил 4 апрель сонида эълон қилинди. Орадан бироз ўтиб (24 апрель) таҳририятимизга Б.Юсуповдан вазирнинг жавоб хатини эълон қилганимиз учун раддия бериш сўралган талабнома келиб тушди. Унда ёзилишича, вазирлик мақолани асос қилиб, унинг фао­лиятини ўрганмасдан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олган. Сўнгра эса махсус комиссия унинг фаолиятини ўрганганда камчилик тополмаган. Шунинг учун раддия берилиши керак.

Масалага аниқлик киритиш мақсадида вазирликка мурожаат қилдик. У ердан узил-кесил жавоб шу бўлдики, камчиликлари боис мудир лавози­мидан озод қилинган, у ҳозир бу лавозимда ишламаяпти, комиссия камчилик аниқламади, деган гаплари мутлақо нотўғри ва ҳакозо. Айни пайтда туманда мудир вазифасини вақтинча бажарувчи тайинланган.

Бироқ Б.Юсупов ўзини ҳа­мон мудир ҳисоблаётгани, вазирлик хатини тан олмаётгани ҳақиқат экан. Масалан, вазирлик жавоби газетамизда эълон қилингандан сўнг ҳам у ҳеч нарса бўлмагандек ишга келиб-кетиб юрган. Ҳатто 17 апрель куни 1-сонли мактабда ўт­казилган туман таълим муассасалари раҳбарлари йиғилишини унинг ўзи олиб борган. Ушбу тадбирда газетада чоп қи­линган хабар асоссизлигини, ўзи ҳозир ҳам мудир эканлигини бот-бот такрорлаган. Ун­да иштирок этганларнинг айтиши бўйича, вазирликдагилар ёлғон маълумот берганлигини, уни ҳеч ким ишдан ололмаслигини таъкидлаб, газета нима ёзса ёзаверсин, вазирлик ни­ма деса деяверсин, мен барибир сизлар учун мудирман қабилидаги гапларни айтган. Ҳатто эртаси ку­ни ходимлар орқали 59-сонли мактаб директори, олий тоифали ўқитувчи Раъно Тошмуродова­дан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олган. Собиқ директорнинг маълум қилишича, у аввалдан сени албатта бў­ша­таман, деб у билан қасдлашиб юрган экан.

Бу ҳам майли. Яқинда у «Сурхон тонги» газетаси­нинг шу йил 25 апрель сонини со­биқ ходимларига кўрсатиб, ишдан бўшамаганлигини исботламоқчи бўл­ган. Дарҳақиқат, вилоят газетасида чоп этилган «Пеш­қа­дамлик сирлари» сарлавҳали мақолада туман халқ таълими соҳасидаги ютуқларни са­наркан, муаллиф шундай дейди: «Биз туман халқ таълими муас­сасалари фао­лиятини ме­тодик таъминлаш бўлими билан танишганимизда, бўлим мудири Бахтиёр Юсупов билан суҳбатлашиб, олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишдик». Аниқлашимизча, бу маълумотлар Б.Юсупов лавозимда пайтида олинган, мақола чоп этилганда эса у лавозимда эмас эди. Лекин со­биқ раҳбар шуни била туриб, мақолани рўкач қилиб, бош­қаларни чалғитишга уринмоқда. Б.Юсуповнинг юқоридаги хатти-ҳаракатларининг ўзиёқ унинг таълим тизими раҳбари каби масъулиятли лавозимга лойиқ-лойиқмаслиги ҳақида етарли тушунча беради, деб ўйлаймиз.

Ўзини айбсиз қилиб кўрсатмоқчи бўлаётган, ҳатто вазирлик хулосасини тан олишни ис­тамай, раддия талаб қилаётган Б.Юсупов шахсига дахлдор яна иккита мисол келтирмоқчимиз. Олтинсой туманидаги «Баркамол авлод» болалар маркази директори лавозимига берилган номзодлар орасида Абдиназар Исматов номзоди Халқ таълими вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, муносиб топилади. Вазирликнинг 2011 йил 24 майдаги хат билан бу ҳақда вилоят бошқармасига маълум қилинади. Вилоят ХТБ раҳбари томонидан уни лавозимга тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарилиши арафасида қизиқ воқеа рўй беради. Бошқармага 2011 йил 9 июнь санаси би­лан А.Исматов номидан билди­риш хати келиб тушади. Унда болалар маркази директорлиги лавозимига ўзининг оилавий шароити ва соғлиги тўғри келмаслиги сабабли ишлай олмаслиги маълум қилинганди. Натижада «Баркамол авлод» болалар маркази раҳбарлигига бошқа одам тайинланади.

Бироз ўтгач эса А.Исматов бундай мазмундаги билдириш ёзмаганлиги ва у сохта эканлиги маълум бўлди. Тергов ор­гани сохтакорликда мудирни айблади:  «... Юсупов Бахтиёр Пайзиевич... қалбаки бил­дириш хатини тайёрлаб, шу қалбаки билдириш хатини конвертга солиб, ўзининг +99893 7926611 уяли теле­фон рақамидан 2011 йил 9 июнь куни вилоят ХТБнинг кадрлар бў­лими бошлиғи Мустафақулов Шуҳратнинг +998767306901 рақамли уяли телефо­нига қўн­ғироқ қилиб Исматов Абди­назарнинг номидан ёзилган қалбаки билдириш хатини юбориб, қасддан жиноят содир этган...».

Туман прокурори ушбу иш юзасидан шахснинг айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб, амнистия актига асосан жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида судга илтимоснома киритди. Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг 2012 йил 4 июлдаги ажрими билан Бахтиёр Юсуповга нисбатан қўзғатилган жиноят иши амнистия туфайли тугатилди. Амнистия, биласиз, афв, кечирим дегани, тўғри йўлга қайтиш учун берилган имконият дегани. У фақат айбланувчининг розилиги билан қўлланилади.

Бу ҳолат туманда ва вилоят­да анча-мунча овоза бўлишига қарамасдан Б.Юсупов лавозимида ишлашда давом эт­ди. Бу сохта хатни уюштиришдан хусусий манфаат ёки ға­раз бор-йўқлигига изоҳ бериб ўтириш шарт эмас албатта.

Бироз ўтиб Бахтиёр Юсупов 22-мактаб директорлигига кадр танлашда ҳам бутун бир жамоани бир неча ой овора қилди. Директор вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб турган, жамоа билан тил топишган ўқитувчи ўрнига бошқа кадр қўйилди. У яна ўзгарди, хуллас, ярим йил мактабдаги муҳит издан чиқди. Яна озроқ вақтдан сўнг Б.Юсуповнинг ахлоқи ҳақида миш-мишлар тар­қалди: бир қиз унинг устидан тегишли идорага ариза ёзибди.

Вилоят мухбиримиз ўша қиз билан биринчи марта учрашганида «ҳозир касалман, бир ҳафтадан кейин гаплашай­лик» деган. Кейинги суҳбатда «Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Нима бўлса, бўлди. Аралашманглар», деб илтимос қилган. Орадан кўп ўтмай қизнинг ўзи таҳририятга шикоят ёзиб, алдангани ва хўрлан­ганини баён қилди ва ўз хатида Б.Юсуповнинг тумандаги минглаб ўқитувчилар ва ёш­ларнинг бош устози бўлишига маънавий ҳаққи борми, деган саволни қўйган.

Бу қизнинг даъволари қанчалик асосли ёки асоссизлигига тегишли идоралар ҳуқу­қий баҳо беради, деб ўйлаймиз. Аммо туман таълими соҳасига раҳбарлик қилишга ҳаққи бор-йўқлиги тўғрисида, аввало, Б.Юсуповнинг ўзи жавоб излаши керак эди. Ваҳоланки, у ишдан озод қилингандан сўнг ҳам амал курсисига жон ҳолатда ёпишмоқда. Эслатамиз, гап оддий ташкилот ёки корхона бошлиғи ҳа­қида эмас, туман таълим раҳбари тўғрисида кетаяпти... Гап маънавий ҳақ, маънан муносиблик хусусида бормоқда...

Биз ушбу мақолани тайёрлаш ва чоп этишдан олдин кўплаб мулоҳазага бордик. Вазирлик жавоби билан чекланиб қўя қолишни лозим топган эдик. Аммо Б.Юсупов ҳеч қандай асоссиз равишда биздан раддия талаб қилди. Ишдан бўшатилган бўлса-да ҳамкасбларини чалғитиб, «мени ҳеч ким бўшатмаган» деб ёл­ғон гаплар тарқатмоқда. «Сурхон тонги»ни кўрсатиб, одамларни иккилантиришга ҳаракат қилаяпти. Агар бу воқеалар бошқа бир соҳада рўй берганида эҳтимол ёзиб ўтириш шарт эмасди.

Мактаб — дунёдаги энг улуғ иморат, ўқитувчи — энг мўътабар ва энг юксак ҳурматга сазовор касб эгаси. Шу боис биз мактабни муқаддас даргоҳ сифатида эъзозлаймиз, устозларга ҳурматимиз чексиз. Дар­ҳақиқат, таълим соҳаси жуда масъулиятли ва муқаддас со­ҳа. Унга раҳбарлик қилиш ёш­ларга — келажак авлодга, ўқи­тувчи-устозларга раҳбарликдир, масъулликдир. Бошқача айтганда, нафақат ўқитувчи-мураббийлар, балки минглаб болалар тақдири, маънавияти ҳам ана шу раҳбарнинг кимлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу лавозимга ўта ҳалол ва фидойи, маънавий юксак инсонлар муносиб кўрилиши зарур, деб ўйлаймиз. Бизнингча ушбу лавозимда ишлаш учун лаёқат ва малакадан ташқари кишининг маънавий ҳаққи ҳам бўлиши талаб этилади.

Акбар ЖОНУЗОҚОВ



DB query error.
Please try later.