10.05.2013

ЎТГАНЛАР ХОТИРАСИГА ҲУРМАТ

кексаларга иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг миллий қадриятларидан ҳисобланади

Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансио­натида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ҳашар ўтказилди. Унда бир гуруҳ ёшлар иштирок этиб, гул ўтқазиш, атрофни тозалаш ва ободонлаштириш ишларида фаол қатнашди.

Сайёра АБДУЖАЛИЛОВА, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзоси:

— 9 майнинг Хотира ва қадр­лаш куни сифатида кенг нишонланишида ва умум­халқ бай­рамига айланганида катта маъно бор. Зотан, бу байрамда аждодлардан қолган мерос, халқимизга хос юксак инсонпарварлик акс этади. Биз ҳам мана шу анъана давомчилари сифатида бу даргоҳга келиб турамиз, байрамлар муноса­бати билан ташкил этиладиган ҳашарларда иштирок этишга ҳаракат қи­ламиз. Чунки ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўш­ган, бугунги кунда кексалик гаш­тини сураётган нуронийла­римизни ҳурмат-иззат қи­лиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш бизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Ҳашар тадбирида, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзолари, Республика «Нуроний» жамғармаси, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонандалари ва ба­диий ҳаваскорлик ансамбллари вакиллари фаол қатнашди.

Тадбир «Хотира ва қадрлаш халқимизнинг энг эзгу анъаналаридир» мавзусидаги авлодлар учрашувига уланиб кетди.

Учрашувда ЎзХДП Марка­зий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ иштирок этиб, уруш ва меҳнат фахрийларини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади.

Байрамлар миллий-маданий анъаналарни, халқ менталитетини акс эттиради, — деди партия етакчиси. — Зотан, ҳар биримиз аждодларимиз амалга оширган буюк ишларнинг давомчиларимиз.

Эзгу қадриятларимизни асраб-авайлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани гўзал одатларимиз чуқур илдиз отаётгани, истиқлол шарофати билан юртимизда тарихий анъаналаримиз яна давом этиб, изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ватанимиз мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, юртимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш, мамлакатда фуқаролар ҳамда миллатлараро тотувлик, ижтимоий бар­қарорлик мустаҳкам бўлиши каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фао­лиятининг пойдевори, деб билади. Шунингдек, фаолиятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, жисмоний имконияти чекланган қатлами манфаатини акс эттиради. Шундай экан, бу каби тадбирлар орқали ўз электоратини қўллаб-қувватлашга интилади.

Бугунги ёруғ кунлар учун ҳаётини қурбон қилганларнинг жасоратларини ёдга олмоқ, қадрламоқ биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида­ги ЎзХДП фракцияси аъзоси Ҳафиза КАРИМОВА.Зеро, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юрт тақдирига дахл­дорлик ва ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш каби муқаддас туйғулар айнан улар хотирасига ҳурмат кўрсатишдан қувват олади. Бевосита эртамиз эгалари бўлган ёш авлодни ма­на шу руҳда камол топтириш, маз­кур ғояларни жамоатчилик орасида тарғиб қилишда ижти­моий инс­титутлар, жумладан, сиё­сий партиялар фаолияти ҳам муҳим ўрин тутади.

Ҳулкар ФАЙЗУЛЛАЕВА, Республика «Нуроний» жам­ғармаси Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

— Ёнимиздаги азиз инсонлар, отахон ва онахонларни эъзозлаш халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан биридир. Шу боис хотира, қадр тушунчалари азал-азалдан хал­қимиз тафаккури, маънавий ҳаё­тининг ажралмас бир қисми бў­либ келган. Ватанимиз мустақилликка эришгач, миллийлигимизнинг гўзал намуналари янада юксак маънавий бойлигимиз сифатида эътироф эти­ла бошланди. Бу жиҳатларга мамлакатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратаётгани эса халқимизга хос хусусиятларнинг янада ривожланиб боришига хизмат қилмоқда.

Ўткир КАРИМОВ, меҳнат фахрийси:

— Ўтганлар руҳини ёд этиш, нуронийларга меҳр-оқибат кўр­сатиш — қадрият, қолаверса, ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси саналади. Мана шу эзгу фазилатлар Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Биз кексаларни йўқлаш, қадр­лаш кўнглимизни тоғдек кўтаради. Бугунги тадбир ташкилотчиларининг совға-саломлари кўнглимизни шод этди. Аммо гап совғада эмас, эътиборда. Меҳнатларимизни юксак қадрлаб, ҳолимиздан хабар олиб ту­рилгани учун ватанимиздан, ­Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Тадбирда иштирок этган фахрийлар юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун туриши ҳаётга муҳаббат, келажакка ишончни мустаҳкамлашини мамнуният билан қайд этишди.

Тадбирнинг «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонандалари ҳамда 106-заиф эшитувчи болалар учун махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчилари иштирокидаги бадиий қисми қалбларга янада кўтаринкилик бахш этди.

Алишер РАВШАНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати ходими.



DB query error.
Please try later.