10.05.2013

ВАТАН РАВНАҚИ ВА ТАҚДИРИ УЧУН

ҳар биримиз масъулмиз

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ўрта Чирчиқ туманида ўтказган давра суҳбатида Ватанимизнинг тинчлигини асраш, осуда ҳаётнинг қадрига етиш масалалари асосий мавзу сифатида муҳокама этилди. Шунингдек, уруш ва меҳнат фах­рийла­рига эътибор кўрсатиш, мамлакатимизда Ватан ҳимоя­чилари учун яратиб берилаётган шароитлар, ёшлар ўртаси­да ватанпарварлик, она юртга садоқат ғояларини кенг тар­ғиб этиш ишлари ҳақида сўз борди. Унда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўрта Чирчиқ туман ҳокимлиги ва­кил­лари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлими етакчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийларига муносиб турмуш шароит­лари яратиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Нуроний ота­хону онахонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ижтимоий бирдамлик туйғусини кучайтиришини айтиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик пар­тияси томонидан ўтказилаётган учрашув, давра суҳбати ва семинар-тренингларда ёш­лар­ни бугунги тинч-осойишта кунларни қадрлаш, Ватан тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида ур­ғу берилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимиз ҳудудлари дахлсизлигини сақлаш, мудофаа ва хавфсизлик ишларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бу борада миллий қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида Олий Мажлис Қонун­чилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова фикр билдирди. Депутат таъкидлаганидек, Қуролли кучларимиз сафида хизмат қилаётган офицер ва сержант­лар, уларнинг оилалари учун қулай шарт-шароит ҳамда имтиёзлар яратиш борасида жу­да катта ишлар қилинмоқда. Бундан ташқари, бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаб, синовлардан муваффақиятли ўтганларга олий ўқув юртларига кириш учун маълум имтиёзларнинг берилиши ёшларнинг армия сафларида йигитлик бурчини адо этиш иштиёқини янада орттирди.

Юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёшлар онгига сингдириш, партия дастурида бу борада қўйилган вазифаларни бажариш масалалари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев сўз юритди. У эътироф этганидек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда келажак авлод тарбияси, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда муносиб шароитларда меҳнат қилишини таъминлаш асосий вазифа ҳисобланади. Партиямиз тизимида бажарилаётган ишларда ҳам дастурий мақсадларимиздан келиб чиқиб, бу масалага эътиборни янада кучайтириш керак. Хусусан, ёшларнинг сиёсий-ҳу­қуқий маданиятини шакллан­тириш, уларни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил эти­лаётган тадбирларни амалий фикр-мулоҳаза алмашув руҳида ўтказиш, аниқ таҳлил ва таклифларга кўпроқ урғу бериш зарурлигини таъкидлади. Албатта, бундай тадбирлар фарзандларимизни Ватан тинчлиги нақадар улуғ неъмат, унинг ҳимоясига камарбаста бўлиш қанчалар шарафли вазифа эканини чуқур англашида беқиёс аҳамиятга эга.

Тадбирда сўзга чиққан уруш қатнашчиси Нишонхўжа Шо­диев уруш инсоният бошига солган кулфатлар, тинчлик қадри ва уни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз экани тўғ­рисида тўхталди.

— Қарийб бир асрлик умримга назар ташлайдиган бўлсам, унинг кейинги йигирма йили энг бахтли, хотиржам ва осуда кечмоқда, — деди у. — Қани энди ёшлигим қайтса... Ёшлар учун барча шароит муҳайё. Ўқийман десанг — мактаб, коллеж, олий ўқув юртлари. Ишлайман десанг — кенг шароит. Хоҳласанг ўзинг учун ўзинг иш жойи яратиб оласан. Энди фақат яхши ўқиш, астойдил меҳнат қилиш, энг муҳими, бугунги тинчлик, фаровонликни қадр­лай билиш, кўз қорачиғидек ас­раб-авайлаш керак.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.