Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.05.2013

ТИКЛАНАДИГАН ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИ РИВОЖИ

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатига хизмат қилади

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

Ҳозирги вақтда дунёда нефть, табиий газ, кўмир ва уран асосий энергия манбалари ҳисобланади. Тинимсиз қазиб олиш ҳисобига эса уларнинг захираси йилдан-йил камайиб бормоқда. Олим ва мутахассислар шу тарзда ишлатилган тақдирда, дунёдаги нефть захиралари 45-50 йилга, табиий газ захиралари 70-75 йилга, тош кўмир захиралари 165-170 йилга, қўнғир кўмир захиралари 450-500 йилга етишини таъкидлашмоқда. Шуниси аниқки, бу конлар тугагач, уларни қайта тиклаб бўлмайди.

Шу сабабли ҳам кейинги пайтларда дунёда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муқобил энергетика дунё иқтисодиётининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Унинг глобал энергетикага қўшаётган ҳиссаси тобора ортиб бораяпти.

Қайта тикланувчи энергия – бу атроф-муҳит энергия оқимидан олинадиган энергия манбаидир. Буларга қуёш, шамол, сув ресурс­лари, геотермал манбалар, саноат ва муниципал, қишлоқ хўжалик чиқиндиларидан олинган биогаз киради. Муқобил энергия манбалари шаҳарларда бирламчи углеводород ресурсларини тежаш, мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашда катта роль ўйнайди.

Тажриба кўрсатмоқдаки, муқобил энергия ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш учун дастлаб катта маблағ сарфланса-да, кейинчалик иқтисодий жиҳатдан у ўзини оқлайди. Бирламчи энергия ташувчилар нархларининг ошиб кетиши (геологоразведка, қазиб олиш, етказиб бериш) ва қайта тикланувчи энергия олиш бўйича технологияларнинг ривожланиб бориши натижасида муқобил энергия тобора рақобатдош бўлиб бормоқда.

Шундай қилиб, энергия балансига экологик тоза, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жалб қилиш орқали атроф-муҳитга техноген таъсирларни камайтириш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса углеводород ресурсларини электр энергияси ишлаб чиқариш учун эмас, балки нефть-кимё саноатида хомашё сифатида ишлатиш мақсадида сақлаб қолиш имконини беради. Марказий энергия таъминотидан узоқ, бориш қийин бўлган аҳоли яшаш жойларида қулай ва ишончли энергия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимиз қуёш, шамол, биогаз энергиясидан фойдаланиш борасида қулай табиий шарт-шароитларга эга. Юртимизнинг қуёшли кунлари, шамол мунтазам эсиб турадиган очиқ ҳудудлари кўп. Бу имконият муқобил энергия манбалари орқали иқтисодиёт тармоқларини, ҳудудларимизни, аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлаш, атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндиларни камайтириш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг иқлим ва географик шароити қуёш энергиясидан саноатда кенг кўламда электр ва иссиқлик энергиясини олиш имкониятини беради. Қуёш энергияси – бу қайта тикланувчи энергия манбаи бўлиб, фойдаланиш учун қулай энергия ҳисобланади. ­Юртимизнинг қуёш энергияси бўйича ялпи салоҳияти 50973 миллион тонна нефть эквивалентига тенг деб баҳоланади. Бу эса республика ҳудудидаги ҳозиргача текширилган барча қайта тикланувчи энергия манбаларининг 99,7 фоизига тенглиги таъкидланмоқда. Ўзбекистон ҳудудига ҳар йили тушаётган қуёш энергияси ўзининг мутлақ қийматига кўра, мамлакатнинг ўрганилган барча углеводород хомашё захирасидан кўпдир.

Республикада бир йилда қуёш нури давомийлиги шимолда 2000 соатга етади, жанубий ҳудудларда эса 3000 соатдан ошади. Бир кеча кундузда қуёш нур сочиши 7-10 соат, йиллик жами нурланиш шимолда 4800 МДж /м2 дан жанубда 6500 МДж /м2 гача ўзгариб туради. Қуёш энергиясининг техникавий салоҳияти республиканинг энергияга бўлган йиллик талабини тўрт баробар қоплайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 март куни имзоланган «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармони бу борадаги тарихий ҳужжат бўлди.

Ўзбекистонда қуёш ва биогаз энергиясидан фойдаланишни янада чуқурлаштириш ҳамда амалда қўллаш учун илмий-экспериментал, моддий-техника базаси яратилганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг «Физика-қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида Халқаро қуёш энергияси институти ташкил этилиши, «Навоий» эркин индустриал-иқдисодий зонасида энг замонавий технологияларга асосланган 100 МВт қувватли фотоэлектрик панеллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этилиши, Самарқанд вилоя­тида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станциясининг қурилиши мамлакатимиз иқдисодиёти тараққиётига катта ҳисса қўшади. Шунинг билан бирга, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш, коммунал соҳадаги муаммолар ечимини топиш ҳамда соҳани ривожлантиришда жуда катта аҳамиятга эга бўлади.

Мамлакатимиз иқтисодиёти тобора ривожланаётган даврда бу борадаги ишларни янада ривожлантириш, мамлакатимиз ёқилғи-энергетика балансига муқобил энергия манбаларини жалб этиш ва бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда электр энергия билан боғлиқ муносабатлар «Электр энергетикаси тўғрисида», «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Ушбу қонунларда муқобил энергия манбалари билан боғлиқ айрим муносабатлар ҳам тартибга солинган. Бироқ муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларига кенг татбиқ этилишига эришиш ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни талаб этади. Шу сабабли Президентимизнинг юқоридаги Фармонида «Муқобил энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматларнинг юқори сифатли бўлиши учун соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, энергиянинг муқобил ва тикланадиган манбаларини ҳамда ресурсларни тежайдиган технологияларни қўллаш ҳисобига коммунал хизматлар таннархини пасайтириш, тарифларни барқарорлаштиришни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Тикланадиган энергия соҳасини ривожлантиришдан мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар жуда катта манфаатдордир.

Шу муносабат билан «Муқобил энергия манбалари тўрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ушбу соҳанинг жадал тараққий этишига, бу эса ўз нав­батида иқтисодиётимизнинг узлуксиз ривожланишини таъминлашга, маҳаллий шароитда мавжуд бўлган энергия билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал бўлишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбаларини равожлантириш борасида бошланган улкан ишлар катта энергия станциялари қурмасдан ҳам энергия таъминоти бўйича дун­ёда юксак ўринларга эришиш мумкинлигини яна бир бор исботлаб беради, деб ҳисоблайман.



DB query error.
Please try later.