Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
10.05.2013

ИСТЕЪДОД ҒУНЧАСИ

Ясмина Каримжонова эндигина ўн бир ёшга тўлган. У пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 71-мактабнинг 5-синфида аъло баҳоларга ўқиш билан биргаликда дарсдан бўш вақтларда теннис билан мунтазам шуғулланиб келади.

— Ойим илк маротаба теннис машғулотларига етаклаб борганида беш ёшда эдим, — дейди ­Ясмина. — Дастлаб мураббий ­Борис Кимдан сабоқ олганман. Тўрт йилдан бери эса Марказий ҳарбий спорт клуби кортларида мураббий Равшан Султонов маш­ғулотларида қатнашиб келяпман. Устозимнинг қаттиққўллиги, ўз нав­батида мен каби ёш теннисчиларга ғамхўрлигини жуда ҳурмат қиламан. Мусобақаларда эришаётган ютуқларимда у кишининг хизматлари катта.

Охирги йилларда болалар ва ўсмирлар ўртасида Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсидаги мусобақаларда Ясмина Каримжонованинг номи ғолиб ва сов­риндорлар қаторида тез-тез тилга олинаётганлиги янада қувонарлидир. Яқинда ёш ва умидли теннисчи Қозоғистонда ўтказилган халқаро турнирдан олтин медаль билан қайтди.

— Ясминанинг келажаги порлоқ, — дейди мураббий Равшан Султонов. — Ҳозир менинг раҳбарлигимда ўн олти нафар ўғил-қиз маш­ғулотларда қатнашаётган бўлса, у ўзининг теннисга бўлган кучли иштиёқи, тартиб-интизоми билан алоҳида ажралиб туради. Кўрсатмаларимни эринмасдан бехато бажаришга ҳаракат қилади. Машҳур ракеткачиларнинг ўйин услубига қизиқади, уларнинг учрашувларини диққат билан кузатиб боради.

Ўтган йилнинг декабрида Малайзияда болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирларда Ясмина Каримжонова ўз иқтидорини намоён этди. Мазкур мусобақаларда у дастлаб яккалик учрашувларида кумуш медални қўлга киритди, иккинчи мусобақада шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

— Қизим келажакда Ирода Тўлаганова, Оқгул Омонмуродова сингари таниқли теннисчи бўлишни орзу қилади, — дейди унинг онаси Малика Муҳаммеджонова. — Пойтахтимизда ўтказиладиган хал­қаро турнирларни Ясмина билан биргаликда бевосита кортларнинг ўзида кузатишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир учрашув қизимнинг тасаввури янада бойиши, бу спорт турига бўлган меҳрнинг ортишига ижобий таъсир қилаётганидан хурсандман. У ҳар куни барвақт уйғониб, бадантарбия қилишни канда қилмайди. Ясминага маш­ғулотларга қатнаш муаммо туғдирмаслиги учун велосипед олиб берганмиз. Яна бир қувонарли томони, у Малайзиядаги мусобақалардан қайтгач, инг­лиз тилини пухта ўрганишга астойдил киришган. Ясминадан умидим жуда катта.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда Ясмина Каримжонова сингари умидли ва истеъдодли ўғил-қизлар талайгина. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ғамхўрликлар эса янги-янги истеъдод ғунчалари кашф этилишига замин яратмоқда.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.